Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

28.07.2020


БИР ЎЛЧАБ, ЕТТИ КЕСИШНИНГ САБАБИ НИМА?

Кейинги кунларда коронавирус инфекцияси юқтирган беморлар сони анча кўпайди. Биргина Қашқадарёда кеча 17:00 ҳолатида касалланганлар сони 637 нафарни ташкил этмоқда. Республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам аҳвол қувонарли эмас. Бу ўз навбатида ҳушёрликни янада оширишни, санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этишни тақозо қилмоқда.

Айни вазиятдан келиб чиққан ҳолда Республика махсус комиссияси қарори билан мамлакатимизда карантин чекловлари 15 августгача узайтирилиб, қатор талаблар белгиланганидан хабарингиз бор.

Қашқадарёда эса бунга қўшимча равишда 27 июль соат 00:01дан бошлаб 15 августгача барча турдаги транспорт воситаларининг Қарши шаҳрига кириши ва ҳаракатланиши чекланди.

Фақат фуқароларнинг саломатлиги ёмонлашгани, ҳомиладорлиги муносабати билан шифокор кўригидан ўтиш учун даволаш муассасасига ёхуд зарур дори-дармон харид қилиш мақсадида дорихонага бориш-келиш; қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш, ташиш билан шуғулланувчилар; қурилиш ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларига тегишли жиҳоз, хомашё материалларини ташишга мўлжалланган автомашиналар ҳаракатига чеклов ўрнатилмайдиган бўлди.

Аввал эрталаб 7 дан 10 гача ва кечки пайт 17 дан 20 гача машинада ҳаракатланишга рухсат берилган бўлса, энди бутун сутка давомида қатнов тақа-тақ тўхтатилиши маълум қилинди.

Вилоят махсус комиссиясининг қарорида махсус рухсатномага эга ва ҳаракатланиши учун стикер талаб этилмайдиган автотранспортлар масаласига аниқлик киритилмаганини ҳам таъкидлаш керак.

Эътиборлиси, Қарши шаҳри бутунлай ёпилиши ҳақида айтилган бўлишига қарамай, 27 июль куни тонгданоқ Қарши шаҳрига кириш нуқталаридаги барча блок-постлар олди машиналар ва одамга тўлиб кетди. Энг қизиғи, транспорт воситаларига ўтишга рухсат берилмаётган бўлса-да, одамлар гала-гала бўлиб шаҳарга кириб келаверишди.

Боз устига денг, шаҳарда машина юрмайди, дейилгани билан алоҳида имтиёз (!) берадиган ҳарфлари бўлган транспорт воситалари эмин-эркин ҳаракатлангани ҳам кузатилдики, бу километрлаб йўлни пиёда босиб ўтган кўплаб кишиларда таажжуб уйғотди.

Хўш, шаҳар ёпилган бўлса, нега одамлар "оқиб" келди бу ерга? Сабаби, вилоят махсус комиссиясининг бу хусусдаги хабари 26 июль куни тушдан кейин жойланди ва бундан кимдир хабар топди, кимдир эса йўқ. Шунинг учун блок-постлар ёнида "пробка" пайдо бўлди.

Орадан бир неча соат ўтар-ўтмас, аниқроғи, 27 июль туш пайти вилоят махсус комиссияси қарори яна таҳрир этилди. Бу гал энди Қарши шаҳрида барча машиналар эмас, шахсий автотранспорт воситалари ҳаракати бутунлай тўхтатилиши маълум қилинди.

Қолаверса, вилоят махсус комиссияси қарорида келтирилган чекловлар махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларига ҳамда Республика махсус комиссиясининг жорий йил 8 июлдаги қарори билан тасдиқланган айрим тоифадаги автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб қилинмайдиган ҳолатларга нисбатан татбиқ этилмас экан.

Яъни, махсус рухсатнома (стикер), айрим тоифадаги автотранспорт воситалари, "яшил йўлак" тизими, Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари автомашиналари ва вилоят ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқариш, тадбиркорлик ҳамда саноатни ривожлантириш бўйича тасдиқланган автотранспорт воситалари рўйхат асосида ҳаракатланиши мумкин экан.

Йўналишсиз таксилар ҳам 3 баробарга қисқартирилган ҳолда вилоят транспорт бошқармаси томонидан шакллантирилган рўйхат асосида ҳаракатланади.

Бундай олганда, аввалгидан жуда катта ўзгариш юз бермади ҳисоб. Фақат бир неча марта қарор ҳақида матн, унга тузатишлар, изоҳлар берилгани ва минглаб одамлар сарсон-саргардон бўлгани қолди.

Етти ўлчаб бир кес, деб шуни айтсалар керак-да...

Яна денг, вируснинг асосий ташувчиси машина эмас, одамлар. Шундай экан, блок-пост ёнида машиналарни ушлаб қолиб, одамларни ўтказиб юбориш эса ўта мантиқсизлик эди...

НАСРИДДИН

БОБУРБЕК олган суратлар.

Report typo