Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

30.05.2024


Бир мамлакатда ғариб бўлсанг, сафарни ихтиёр қил

Cараланган сатрлар

Ўзбек болалар адабиётини Ғафур Ғуломнинг "Шум бола" асарисиз тасаввур этиш қийин. Бир-биридан қизиқ воқеалар, саргузаштлар, боланинг шумликлари бир тарафу, ёзувчининг тили, услуби, ифода тарзи бир томон. Қийин ва қора кунлар ҳақида бу қадар кулги, юмор билан ёзиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

"Шум бола" асарини ўқиганмисиз, деб сўрасангиз, кўпчиликдан "Албатта" деган жавоб оласиз. Аммо улардан биргина мурда ювиш воқеасини сўрасангиз, мум тишлаб қолишади. Гап шундаки, кўпчилик китобни ўқимаган, киносини кўрган ва асарда ҳам шу нарсалар бор, деб ўйлашади - асар қаҳрамонининг исми Қоравой деб жавоб беришлари боиси ҳам шунда.

"Шум бола"нинг китобини албатта ўқинг. Аввало, давр кечмишларидан бохабар бўласиз. Инсон, унинг тақдири, яшаш учун кураш нақадар мушкул бўлган даврлар ҳақида тасаввурингиз бойийди. Шу аснода бир хулосага келасиз:

ДУНЁДА ТИНЧЛИК БЎЛСИН! БОЛАЛАР ДАРБАДАР - ҲАЛИ У ЭШИКДА, ҲАЛИ БУ ЭШИКДА ЮРМАСИН! БАРЧАГА БАХТЛИ БОЛАЛИК НАСИБ ЭТСИН!

*  *  *

Кунлардан бир кун Тожихон жинни битта кетмон даста билан ўтган-кетганни қувлаб уриб-сўкиб: "Ҳамманг бир томонга юр, тарқалиб юрма! Тартиб керак, интизом керак", деяр эди. Ҳеч ким унга бас келолмас эди. Шунда Олим жинни келиб қолиб:

- Ҳой, ҳой, нима деяпсан, жинни? - деб сўради.

- Нимага одамлар бир томонга юрмасдан, ҳар қаёққа тарқалиб юради? Николай пошшо замонида тартиб-интизом керак, бир томонга юрсин-да!

Бунга Олим жинни:

- Аҳмоқсан, Тожи, аҳмоқсан. Ер ахир тарозига ўхшаган нарса бўлади, ҳамма бир томонга юрса, ер баркашдай бир ёққа оғиб, ҳаммамиз Қурдум дарёга ғарқ бўлиб кетамиз-ку, - деди.

Зирапчани нина билан олгандай, жиннининг гапи  жиннига маъқул тушиб, одамларни уришдан тўхтади.

*  *  *

Бу молларни ёйиб ўтирган чайқовчиларнинг афти-башарасини айтмайсизми! Бетларига бу ҳафта ичи сув тегмаган, соқоллари устарадан озод, башараларидан "нур" ёғилиб туради. Бирор молни сўраб қолсангиз, энг аввал худди аммасининг ўғли тирилиб келгандек, албатта, қўл олиб сўрашади,   кейин нарх айтади. "Амиркон-амиркон" деган жой бор, деб эшитиб юрар эдик. Амиркони шудир-да!

*  *  *

Ошпазлар чўмичлаб сузиб бериб турибди. Бир товоқ угра ошдан бир нима чиқди, шекилли, хўранда:

- Бунинг нимаси? Пашшами? - деб сўраб қолган эди, ошпаз:

- Ошда пашша нима қилади! Пиёзнинг куйгани, - деб косага қўл тиқиб, "куйган пиёз"ни олиб, оғзига солиб юборди.

*  *  *

Ростини айтиш керакки, на мен, на Омон, на ҳазрат умримизда ўлик ювмаган эдик. Айниқса, мен бўлсам одам ўлиги у ёқда турсин, мушукнинг ўлигидан ҳам чўчир эдим. Ҳазрат бўлса, ўзини умр бўйи ўликдан бошқа нарсани ювмаган кишидай қилиб кўрсатишга ҳаракат қилар эди. Қадам-қадамда пичирлаб бир балоларни ўқиб, атрофга куф-суф қилиб қўяр эди. Аммо биз билар эдикки, буларнинг ҳаммаси жўн гап. "Пул дарди кабоб" учун қилинаётган найрангбозлик.

*  *  *

Ўзим соғ-саломатман. Қўлим ихтиёримда. Оёғим раъйим билан юради. Кўзим ихтиёримда. Хунук нарсаларга истамасам қарамайман. Оғзим, жағим, тишим жодидек, истаган хашакни қирқиб чиқаришга ярайди. Аммо баданда бир саркаш аъзо бор, у менинг ихтиёримдан ташқари, ўзбошимчароқ. Унга менинг ҳукмим ўтмайди. Билмаганлар билсин, у аъзо камдан-кам кишиларга вафо қилган - қорин. У бадан мулкининг ҳокимлигини баъзан қўлдан олиб қўяди. Бошқа аъзолар ҳам унинг исёнчи талабларига қўшила бошлайди. Кўзим ношаръий, ҳаром луқмаларга туша бошлайди. Қўл қорин ҳукми билан баъзида энг паст кишиларга тама капгиридай чўзилади. Оёқ кутмаган жойларга олиб боради.

*  *  *

Навоий айтибдирки: "Бахтли ул кишидирким, у дунёни тарк қилади, дунё уни тарк қилмасдан"... Саъдий айтибдирки: "Бир мамлакатда ғариб бўлсанг, ҳурматсизлансанг, сафарни ихтиёр қил", деб.

*  *  *

Сарибой бўлис ҳалигача хўжайинларимнинг ичида энг Худо урган бадбахти, зиқнаси эди.

Унинг олдига бир иш билан борсангиз, бўлар-бўлмас ерда "Иннайкейин?", деб сўрайдиган одати бор эди. Ана шу "иннайкейин"ига жавоб топиб бера олмасангиз, онангизни Учқўрғондан кўрасиз. Қамчи билан елкага тушириб қолгувчи эди. Чунончи, борсангиз-да, унга: "Қандил олма пишибди", деб айтсангиз, у сизга: "Иннайкейин?", деб савол беради. Сиз албатта: "Шу пишган олмани териш керак", - дейсиз. Яна Худо қарғаган "Иннайкейин?" Хайр, "Сотиш керак", дейсиз. Яна "Иннайкейин?", деб сўраб қолади. Ваҳоланки, шу ерда гапнинг ўзи тамом. "Иннайкейин?" деган саволга ҳеч ҳожат йўқ. Ана шунақа ўринда жавоб топиб бера олмайсиз-да, бойдан калтак ейсиз.

*  *  *

- Хўжайин, - дедим, - Худо берардан қисмасин, хафа бўлманг, бордию, ўғлингиз ўлиб, уйингизга ўт тушган бўлса, отлар ўлган бўлса, ит нобуд бўлган бўлса, пичоқ синган бўлса, ҳаммасининг ўрнини босадиган битта хушхабар ҳам топиб келганман.

Бой ҳиқиллаб туриб сўради:

- Хушхабаринг қурсин, падар лаънат, қанақа хушхабар?

- Ўртанча қизингиз Адол опам дунёга арзийдиган битта ўғилча туғдилар.

- Ия! - деди бой кўзларининг шох соққаси чиққудай. - Адол опанг ҳали эрга чиқмаган-ку?

- Биз ҳам шунисига ҳайронмиз-да, хўжайин. Худо бераман деса, эрга чиқмаса ҳам берар экан. Болани айтинг-а, болани, набирангизни айтинг-а, хўжайин. Бадал аравакашингиз бор-ку, қуйиб қўйгандай ўшанинг ўзгинаси.

*  *  *

Пул кўп, қайғу йўқ. Бозорни айланиб юриб ҳамма нарсага харидор бўлиб кўраман. Ҳамма нарсанинг нархини билгим келади. Бир кишининг тунука ваннасига харидор бўлиб, кам сўраганим учун ундан яхшигина сўкиш ҳам эшитиб олдим. Кейин бозорга кириб қундуз ёқали бобрик пальтоларга харидор бўлиб кўраман.

*  *  *

Қўй деган ҳаром ўлгур жуда аҳмоқ, сов ҳайвон бўлар экан. Уни эчки эплаб юрар экан. Эчки бўлмагандан кейин боши оққан ёққа санқиб кета берар экан. Эчки бўлмаганида, эшакка миниб, олдинга тушиб маъраб бориш керак бўлади. Бизда на эчки бор, на эшак бор. Мен янги, ҳаваскор чўпон бўлганим учун маърашни ҳам ўринлата олмас эдим.

*  *  *

Омон темир йўлни кўрсатиб:

- Поездда юрган одамлар хўпам маза қилади-да, деб қўяди.

- Шуни айт-а, оғайни, - дейман. - Қани энди, одоқ бўл-мас пулинг бўл-саю, юраверсанг. Қовунчига борсанг, Туркистонга борсанг, Чинозга борсанг. Маскопга борсанг, ҳеч ким чурқ этмаса, кетаверсанг, кетаверсанг, маза... - дейман...

*  *  *

Омон билан тотувчилик вақтларда менга бир иш ўргатган эди. У ҳам бўлса, "тўдага ур" фалсафаси. Қишлоқдан-ку бадарғаман, чумчуқдек жоним билан шаҳарга тушиб кетсам, "Қора пўстакдан бурга қидириш қийин", дегандай, шаҳардан мени ким ҳам топа ола қолади?

Шаҳар.

Шаҳар. Савдогарлар, миршаблар, гадойлар шаҳри. Селдан сўнг лойқаланиб оққан дарё. Шу дарёнинг мурдор тўлқинлари ичида мен шўрлик нима, битта хас-чўпдек ютилиб кетишим мумкин.

*  *  *

Бева онамни, етимча сингилларимни кўп ўйлайман, ичим ачишади. Нега мен бундай ношуд бола бўлдим, кимга бўлса ҳам шогирдми, югурдакми бўлиш керак, бирор нима топиб, онамга қарашим юборишим керак-ку, дейман. Ўкинаман, ўз-ўзимни койийман, баъзан-баъзан йиғлаб қўяман. Аммо шу ҳолда уйга қайтиш қийин.

*  *  *

"Пошшолар тинч яшаса хотини талоқ бўладигандай, оқ пошшомизни айтаман-а, тинчгина юрт сўраб, морожнини еб, ёмонларни дорга осиб, маржалар билан айш-ишрат қилиб ётавермайдими? Нимаси етишмайди, фуқароси бўлса, хом гўштдай итоатли, миршабу палискалар қиличдай. "Ғус" деса тап-тайёр, ҳар беш вақт намозида эшону уламолар унинг ҳақига дуо қилишиб турибди, пулга зориқмайди. Жумлайи бою боёнлар мададида. Тағин нима керак? Уруш қилиб, халойиқни қириб, кесакка ҳоким бўладими?"

*  *  *

Менга эса ҳеч кутилмаганда тўсатдан бўладиган ҳодисалар, чунончи: мўрчанинг қозони ёрилиб, бир-икки киши ўлгандай олам ҳодис воқеалар, ажойибхонанинг йўлбарси бўшаб кетиб, атторликдаги Вали ҳожи акага човут солгандай саргузаштлар, ҳеч бўлмаса Ҳиндистон чангалзорларидаги  саёҳатлар, арслон билан олишув, қирқ кўзли илонларнинг бўйнини чопиб ташлаш, ўргатилган ёввойи одам, каркидон, тимсоҳларни миниб юриш - мана шунақанги фавқулодда воқеалар ёқар эди.

Бу ерда нима бор? Тонг азондан икки товуқ ўтгунча пинакка борган, мусичадан ҳам хароб гиёҳвандлар, уларнинг ўзаро минғир-синғир, пойма-пой, тасаввурдан узоқ ҳикоялари. Тағин ҳам ўз тоқатимга ўзим ҳайрон қоламан. Нима қилиб юрибман?

*  *  *

Кўса маддоҳ амри маъруф, наҳи мункарга ўтди:

эрта билан туриб кавушни ўнг оёқдан кийиш керакми, чап оёқдан кийиш керакми?

От минган киши эшак минганга салом бериши мумкинми, йўқми?

Оқиб турган сувга ахлат тушса, неча марта юмаланса ҳалол бўлади?

Ўғри Худонинг бандасими, йўқми?

Машиначилар билан сартарошлар ҳам жаннатга кирадими, йўқми?

Картошка ҳалолми, ҳаромми?

Ўриснинг ясси қозонида пиширилган овқатни еса бўладими, йўқми?

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo