Сараланган сатрлар
Шу кунларда дунёнинг барча нуқталарида, хусусан, юртимиздаги ҳар бир шаҳар, қишлоқ, хонадонларда байрам кайфияти ҳукмрон. Инсонлар қалбида Янги йил шукуҳи, юзларда ўзгача бир яшнаш, янгиланиш иштиёқи сезилади. Албатта, байрамни янада яхши кайфиятда кутиб олиш учун ҳар бир кишининг юрти, қолаверса, оиласи тинч-хотиржам бўлиши керак. Шундагина байрам татийди, файз-барака аримайди.
Аслида оиланинг тинч ва фаровон бўлиши ҳазилакам нарса эмас. Эр ва хотин, келин ва қайнона, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатлар самимий бўлиши, ўзаро ҳурмат-эҳтиромга асосланиши катта бахту саодат, десак, янглишмаган бўламиз.
Турк адиби Аҳмад Лутфи Қозончи "Ўгай она", "Қайнона", "Сўнгги тўфон", айниқса, "Саодат асри қиссалари" асарлари билан ўзбек ўқувчиларига яхши таниш. Қуйида "Қайнона" асаридан лавҳалар сараладик. Ўйлаймизки, ушбу асар мутолааси қайнона ва келинлар, оила бошлиқларига ҳам анча фойда келтиради. Умуман, бу каби яхши китоблар мутолаасини Янги йилдан кейинга қолдириш шарт эмас, ҳозирданоқ киришаверса бўлади. Зеро, янаги йилга янги, ўзига хос фикрлар, қарашлар билан қадам қўясиз...
Бир етимнинг кўнглини олиш, уйингда улғайтириш нақадар яхши. Бу яхшилик туфайли сенга савоблар ёғилади. Бундай ҳолатни бошдан ўтказмаган одам етарлича ҳис қила олмайди. Етим-есирга шайтон ёндош бўлади, дейдилар. Уларнинг кўнглини топиш жуда мушкул. Отаси ўлгудек урганида овозини чиқармаган бола, у ўлгандан сўнг бошини силаган қўлни ураяпти деб ҳисоблайди. Етимнинг кўнгли ярим бўлади...
* * *
Энг жоҳил, ҳатто боласини кунда калтаклайдиган она ҳам ўша бола учун дунёнинг энг дилбар, меҳрибон оналаридан кўра севимлироқдир. Оқшомгача бир бурда нон бермай йиғлатса ҳам унинг бу ҳоли саройларда ноз-неъмат ичида улғаймоқдан яхшироқдир бола наздида.
* * *
Агар биз шу йигитлар ёшида бўлсак, вужудимизда куч-қувват тўлқинланиб турса ўзимизни тута билармидик? Ўйлаб кўрайлик, биз ўспиринлик пайтимизда шуларга ўхшармидик? Йўқ. Ҳозирги серфайз бир ҳолга киргунга қадар нелар қилмадик? Улар эса ҳозирданоқ ҳаётини ўзгача бир мезонлар асосига қурганлар. Ким билсин, бизнинг ёшимизга етганда қандай бўлади улар? Фазилатлари шуки, улар ёмонликка кучи етмай қолганидан сўнггина ёмонликдан юз ўгирган эмас...
* * *
Кекса киши нима учун ҳурмат қилинади? Менга тушунтиринг. Вазмин, одоб-ахлоқда ибратли, ҳаётда тажрибали тарбияли бўлгани учун эмасми? Масалан, олтмишга чиққан киши оппоқ соқоли билан маст-аласт юрса нима бўлади? Ҳатто бола ҳам уни калака қилади. Хорлайди. Одамлар олдида бир пуллик ҳурмати қолмайди. Ёки ёмон сўзлар билан икки гапнинг бирида сўкиниб, оғзига келганини айтадиган одамни ким ҳам ҳурмат қилади? Инсоннинг иззат-ҳурматга лойиқ-нолойиқлиги хатти-ҳаракатидан ҳам билинади.
* * *
Йиғлаш кимга фойда келтирган? Ҳеч кимга. Йиғламоқ билан бирор иш битадими? Йиғламоқ қайси дарднинг давоси? Кўз ёш кўнгил бўшатмоқдан бошқа бир нарсага яраса, кетган қайтса, бу дунёда кулганлар жуда-жуда оз қоларди.
* * *
Худога шукур, бундан зиёдароқ зиёфатга ҳам қурбимиз етмайди десак, ношукурлик қилган бўламиз. Аллоҳ берган неъматни инкор қилган бўламиз. Фақат дастурхон атрофига ўтирганимда маҳалладаги фуқаро кўз олдимга келади. Ўрта ҳолдан зиёда ейдиган бўлсам, худди уларнинг ҳаққини тановвул қилаётгандек бўламан.
* * *
Кимки балчиққа ботса эс-ҳушига келгач бу ишдан ўзини тортиши табиий. Ёмонга қўшилган яхшиланмайди.
* * *
Мунаввархонимнинг эшигига "почтачилар" кўп қатнайди. У почтачи деб фақир, мискинларни айтади. Яхши ният билан берилган ҳар бир садақа, эҳсон охиратга, кўзланган манзилга элтувчи "почтачилар". Дунёда энг катта ва машҳур почтахона ҳам, почтачилар ҳам янглишиши мумкин. Ҳатто омонатлар ҳам баъзан талончилик сабаб йўқолиши мумкин. Аммо охират почтачилари ундай эмас. Берилган садақанинг йўқолиши ёки ўзга манзилга тушиб қолиши мумкин эмас. Почта пули (муҳри, белгиси, маркаси) ўрнида ихлос ва самимият бўлса, зое кетмаслигига Аллоҳнинг ваъдаси бор.
* * *
Одамларнинг бари тўғри, бари виждон соҳиби бўлмаслиги мумкин. Хайрли иш қилмоқчимисиз? Олдингда девордек турувчи йўлтўсарлар, бошқанинг фалокатидан ҳузурланувчилар, таги паст, келиб чиқиши номаълум, нотайин бадбахтлар бор. Ҳар қайда, ҳар қачон, ҳар даврда бу тур инсон қиёфасидаги инсоният душманлари топилади.
Булар жамият вужудига тушган қуртлардир, яра очмагунча тинчимайдилар. Икки оила, икки дўст орасини бузиб завқланадилар. Етолмаган неъматини ўзганинг қўлида кўриб унга адоват туяди. Овини олдирган йиртқичдек унга ташланмоқ пайида бўлади. Ёки тулкидек пайт пойлайди.
* * *
Инсонийлик, яхшилик қилганга яхшилик қилишгина эмас, ундан зиёда яхшилик қайтариш, ёмонлик қилганни эса аввал афв этиб, кейин унга яхшилик қилишдир.
* * *
Умуман, аёллар шундай. Юз дафъа ёлғон тузоғига тушиб, яна ёлғонни эшитса, ишонади, шу қадар кўп бошдан кечирдим-ку, дейиш уларга ёт.
* * *
Одамлар шунақа. Меҳри кўзидан, яхшилиги юзидан билиниб туради. Бир хиллари борки, қанча ҳаракат қилинса-да, юзи-кўзини кўриб сўзини эшитиб, асло яхши кўриб бўлмайди. Шундай одамлар борки, уларни кўришинг билан, кўнглингда яхшилик қилиш туйғулари туюлади. Улар таъсирида латиф ҳислар оғушига киради инсон. Юзларида нур бор, илиқлик бор. Аллоҳ улар кўнглига муҳаббат билан назар солган, уларнинг юзлари Аллоҳнинг зикри билан нурланган қалблари акс этган ойнадир. Одам уларнинг юзларида қалбларидаги самимият ва ихлос гўзал инсоний туйғулар аксини кўриб дарҳол меҳри ортади. Азалдан танийдиган, биладигандек бир-бирига эл бўлиб қолади.
* * *
Эй, хуш хулқ! Эй, гўзал ахлоқ! Қандай қимматли, қандай буюксан. Сен-ла душманлар дўстга, мусибатлар саодатга айланади. Эй, гўзал ахлоқ! Аллоҳ ҳузурида шарафинг баланд!
* * *
Хато камчиликсиз, бекаму кўст инсонни ахтариш... имкондан ташқари иш. Шу қадар имконсиз-ку, ўз яратганига қарши ҳатто кеча-кундуз исён қилган инсон, ўзига ўхшаш бир инсонга нисбатан вазифасини адо этолмаса, бу ғариб-ғалат қабул қилинмаслиги керак, яъни бундан ажабланмаса бўлади.
* * *
Ҳаётда ҳам, оилада ҳам яхши яшашни таъминлаш - Аллоҳ ризосини топиш учун ҳаракатдир.
* * *
Кўзини ҳаромдан сақлаш учун кўр бўлишни орзу қилганларнинг ўғиллари исловотхоналарда тунашни одат қилди. Эрталабгача қиморхона ва майхоналарни обод қилувчиларнинг бир қисмини ота-онаси ҳаром емоқдан олов ютишни афзал кўрувчилар эди.
* * *
Тўйларда беҳисоб пуллар нечун беҳуда сарфланмоқда? Хосиятсизлик учун! Мақтаниш учун! Шуҳрат учун! Келинпошша бир кун, бор-йўғи бир соатгина киядиган либослар учун! Ҳар бири бир фақирнинг бир неча ойлигига тенг бўлган қимматбаҳо, лекин ўринсиз зийнат ашёлари учун! Булар қанча камбағалларни тангликдан қутқариши, қанча масъум гўдакларга шодлик улашиш мумкин эди.
* * *
Ўлимни орзу қилиш яхши эмас. Ҳаммамиз ўламиз. Бироқ қандай? Бўш қўл биланми ёки охират учун йиғилган сармоя биланми? Гап шунда.
* * *
Инсон соғ пайтида нима билан кўп шуғулланган бўлса, ўзига ҳоким бўлолмай хасталаниб қолганида ҳам ўй-хаёллари мажбуран ўша нарса билан машғул бўлади. Бундан кейин кўнглингизни Аллоҳнинг зикри билан нурлантиринг. Хасталанганда ўзингиз билиб-билмай тилу дилингиз Унинг зикри билан машғул бўлади. Шунда ҳолсизланмайсиз. Ухлаётганда ҳам ўз-ўзидан уни эслайсиз, уйқунгиз ҳам ибодатга айланади.
* * *
Бир миллатни маҳв этмоқ учун излаб топилган йўлларнинг энг таҳликали бузувчиси мода, деган киши янглишмайди. Мода эҳтироси, модапарастлик, мода тажовузи миллат ичига вабодай кириб тарқалса, бу йўл охирида фалокат бор, холос.
* * *
Мода туфайли кимдир қўлига қайчи олиб, либосининг олдини қирқади, йиртади ва моданинг янги шаклини жорий этади. Мода деб сизларни кимлардир бармоғида ўйнатадилар, айлантирадилар, хоҳлаган кўйларига соладилар. Кимлар булар? Бир пуллик, насли-насабининг тайини йўқ кимсалар эмасми? Барча ўй-мақсади содда халқни алдамоқ, оила номусини топтамоқ, мусулмонлар шарафини йўққа чиқармоқ, мўминларни ҳам ўзларига ўхшатмоқчи бўлган бузғунчи кимсалар иши эмасми бу?
* * *
Инсон қулоғини турли зарарли шамоллар, ёмон сўзлар, маънавий хасталиклар киришидан тўсса, беркитса, шундагина кўнгил кўзи ва қулоғи очилса ажаб эмас...
* * *
Инсон кўпинча яхшиликнинг қадрига етолмайди. Унутади. Лекин мусибат, эсини жойига тушириб қўяди. Шу жиҳатдан мусибат рағбатга лойиқдир!
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.