Айни вақтда инспекциянинг вилоят бошқармаси томонидан ҳам агросаноат ва озиқ-овқат хавфсизлиги тизимида назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Жумладан, биргина ўтган август ойининг ўзида бошқарма ва унинг туман бўлимлари томонидан йўналиш доирасидаги 655 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, уларни содир этган фуқароларга нисбатан маъмурий ишлар кўриб чиқилди.
Таҳлиллардан келиб чиқадики, энг кўп қонунбузилиш ҳолатлари сув ресурсларидан фойдаланишга оид. Хусусан, ўтказилган назорат тадбирларида бир ойнинг ўзида бу йўналишда 472 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, унга йўл қўйган фуқароларга нисбатан 171 миллион 626 минг 800 сўм миқдоридаги жарима жазоси тайинланган ҳамда 27 миллион 661 минг 500 сўм миқдоридаги зарарни ундириш белгиланган. Айни пайтда шундан 91 миллион сўмдан ошиқ жарима ҳамда 6 миллион сўмдан ошиқ келтирилган зарар ихтиёрий равишда тўланган бўлса, қолганларини ундириш ижрога йўналтирилган.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан мақсадли фойдаланиш соҳасида ўтказилган назорат тадбирлари давомида эса 138 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, айбдор фуқароларга нисбатан 93 миллион 538 минг 200 сўм миқдоридаги жарима жазолари тайинланди. Айни вақтга қадар шундан 49 миллион 111 минг 400 сўм миқдоридаги жарима фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда тўланган.
Дон ва уруғлик тайёрлаш, уларни қайта ишлаш корхоналарининг фаолиятида ҳам белгиланган талабларга мос келмайдиган ҳолатлар жуда кўп. Буни ўтказилган ўрганишлар натижалари ҳам кўрсатиб турибди. Хусусан, ой давомида бу борада турли қонунбузилишларга йўл қўйган 8 нафар масъул шахсга нисбатан маъмурий иш кўриб чиқилган бўлса, уларга 24 миллион 880 минг 500 сўм миқдоридаги жарима жазолари қўлланилган.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл қурилиш ҳолати юзасидан 14 нафар, агротехника ва техника соҳасида 23 нафар масъул шахсга нисбатан қарийб 7,5 миллион сўм миқдоридаги жарима жазолари тайинланган. Бундан ташқари, турли қонунбузилиш ҳолатларининг келиб чиқишига йўл қўйган бир қанча масъул ходимларга нисбатан юқори турувчи ташкилотларга тақдимномалар киритилиб, яна кўплаб фуқаролардан қонунбузилиш ҳолатларига қайта йўл қўймаслик бўйича тушунтириш хатлари олинди.
Азизбек НОМОЗОВ,
инспекция вилоят бошқармаси амалиёт бўлими бош инспектори