Мен Дилноза Ҳақбердиева шеърларини ўқиб ана шундай таассурот олдим. Тўлқинландим. Бир зум шеър тафтида исиндим. Мисраларнинг қат-қатида гоҳ пинҳон, гоҳ ошкор кўринган соғинчнинг рангини ҳис этдим:
Кўзим толди йўлингга қарай,
Жунжикади сабрнинг эти.
Юрагимнинг синиқларидай,
Ушалмаган орзум кўп эди.
Димоғимга тиқилар нафас,
Кипригимда соғинчнинг гарди.
Дунё менга худдики қафас,
Сен ёнимда йўқлигинг пайти...
Дилнозанинг шеърларида инсон табиатнинг бир парчаси сифатида намоён бўлади. Изтироблар, қувончлар, соғинчлар осмон жисмларию табиат ҳодисалари билан уйғунлашиб кетади. Тун ва кун, кеча ва кундуз, шамол ва ёмғир шеърда гоҳ рамз бўлиб кўринса, гоҳ ҳолатни очиб беради.
Тўкилса юрагим тўкилди фақат,
Қаламдан қоғозга томди дарди ҳол.
Ғам-ситам ўрлаган тундек қалбимга
Ҳилол ёғдусидан олиб бер мисқол...
Ёки
Ёмғир ёғар далада,
Тиниқлашган ҳув фалак.
Шеър ёзаман панада,
Ивиб боради юрак...
Дилноза учун сўз муқаддас. У сўзни гоҳ чўғ деса, гоҳ олов, дейди. Шеърлари орқали унинг илоҳийлиги, қудратини кўрсатишга интилади. Баъзан шеърга сиғмаган туйғуларини насрий битиклари орқали ифодалайди. Уларда ҳам шеърдай жозиба, оҳанг, гўзаллик бор.
Дилноза - Адабиёт деб номланган катта йўлнинг бошида турибди. Дадиллик ва иштиёқ, умид ва ишонч билан турибди. Яқинда Жиззахнинг Зоминида бўлган ёш ижодкорлар семинарида иштирок этиши ҳам унга илҳом, ишонч берди. Тўғри, ҳали унинг шеърларида гўзалликлар билан бирга мавҳумотлар ҳам бор. Баъзан туйғулари ортидан эргашиб кетиб фикрлар силсиласига дарз етказиб қўяди. Энг муҳими, буларни унинг ўзи англайди, ўзи тузатади.
Демак, Дилноза Ҳақбердиеванинг келажаги ҳали олдинда.
Лола ЎРОҚОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Ташқарида
Ташқарида ҳамма нотаниш,
Ўралашиб ётаман дардга.
Минг ҳаёллар қилмоқда сархуш,
Изғиб юрар тантиқ руҳ, якка.
Оловланар дил дардга асир,
Кўкдан шафақ юракка кўчган.
Умр мезон ўлчови ҳам сир,
Умид номли илинжлар ўчган.
Емирилар асов бардошим,
Беҳаловат юрагим хаста.
Залворли юк дунёнинг тоши,
Бўғзимгача тиқилар аста.
Эзиламан, ололмам нафас,
Руҳ истайди мовий кенгликни.
Энди бориб, қоғозга эмас,
Оқ булутга ёзгум битикни.
Ва ниҳоят йўргакланди тан,
Аллалайди дунё бешиги.
Мен бир умр орзиқиб кутган,
Очиляпти само эшиги.
Ташқарида ҳамма нотаниш...
Сукунат
Сукунат қаърига ғарқ бўлиб кетдим,
Дилгирлик юзимга қадалган ўқдир.
Ўйловда хаёллар, кўнглим ичи дим,
Эй, Ҳаёт, сен менга яшашни уқтир.
Гўёки кўзёшда йўқдек интиҳо,
Қуюлиб келмоқда икки кўзимга.
Юрагим амрини этмоққа бажо,
Бир таскин истайман ҳорғин руҳимга.
Болалик завқини юрмадим суриб,
Йўқолган кулгига тутяпман аза.
О, нетай, мен ҳали ўлмасим туриб,
Сукунат умримга ўқир жаноза!
Она
Қовжироқ япроғим, кулранг осмоним,
Қуёш мунг рангида мунгли йиғлайди.
Соғинч оловида кўпирар қоним,
Она! Бу дардимни биров билмайди...
Сизсиз кунларимнинг азоби оғир!
Сиздан узоқларда юрибман аранг.
Хотира юракка босилган муҳр,
Мен ҳам муҳрландим, онажон, қаранг.
Сабрим косасига сиғмайди висол,
Туйғулар тортишар, истаб ҳаловат.
Қор қадар музлаган оловли хаёл,
Асли таркидунё, гарчи муваққат...
Бегуноҳ сатрга гоҳ ғашим келиб,
Бағрига сиёҳдек тўкаман қоним.
Сўзларни савалаб, эзиб, эзилиб,
Аламим оляпман, оҳ, онажоним!..
Яшаб ўтган умрим, эринмай титдим,
Тушуниб етдимки, болалик бу Бахт!
Кўзимда ёш ила дардимни битдим,
Она! Сизни мендан айирибди Вақт...
Дилноза ҲАҚБЕРДИЕВА