Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 ноябрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Норқобил ЖАЛИЛ

22.02.2017


БИР УСТОЗИМ БОР ЭДИ...

Ҳар гал Қашқадарёга йўлим тушгудек бўлса, тўғри Минжирга бир кириб ўтаман, отамиз ва онамизни кўрган, билган, елкадош бўлган дуогўй, фариштасифат отахон ва онахонларни зиёрат қиламан. Кўнглим тоғдек кўтарилади, хотиралар уйғонади.

Маҳмадиёр ХУШВАҚТОВ...

Бу ном менга ниҳоятда қадрли ва азиз.

...Ёш бола эдим у пайтлари. Эндигина мактабга қатнай бошлаганман. Биринчи ўқитувчиларим Кимё опа Боймирзаева, Қорасоч опаларга эргашиб, беш чақиримча келадиган Бўгажил қишлоғида жойлашган Мақсуд Шайхзода номидаги 21-ўрта мактабда таҳсил олганман. Маҳмадиёр ака билан қўшни эдик. Отаси Хушвақт бобо ҳам қишлоқнинг маърифатли кишиларидан эди. Оилада ёлғиз ўғил эди. Эсимда, 5-6 синфларда ўқиётганда адабиётга ўзгача меҳр қўя бошладим. Бу қизиқишларимни сезган адабиёт муаллимимиз Нормурод Жумаев мени тўгаракка жалб этди. Шундан кейин вақтли матбуотни кузата бошладим. Энг қизиғи, туманимизда чоп этиладиган “Ғалаба” (ҳозирги “Китоб тонги”) газетасида ҳар-ҳар замонда “М.Хушвақтов” деган имзо билан хабарчаларга кўзим тушарди. Ахборотларнинг аксарияти биз яшайдиган ҳудудга тегишли бўларди.

Бир куни Нормурод домламиздан “М.Хушвақтов ким, танийсизми?” деб сўрадим. У киши одатдагидек жилмайиб: “Сизларга дарс берадиган домла-да, шуниям билмайсизларми?” деб қолди. Ҳайрон бўлдим. Негаки, бундай исм-шарифли муаллимни эслолмадим. Охири устоз ёрилди: “М. Хушвақтов — Жовли домла-да!” “Тахаллус билан чиқадими?” десам, “Йўқ, асл исми Маҳмадиёр” деб жавоб берди...

Шу-шу устоз билан сирдош бўлиб кетдик. Анчагина жиддий ва мулоҳазакор бу инсон билан ҳар ким ҳам тил топишга ийманарди. Ўзимча ҳеч кимга кўрсатмай қоралаб юрган ёзувларимни у кишига тутқазардим. Мабодо шеърий машқлар бўлса, секингина “Нормурод домладан ўтадигани йўқ, ишонавер” деб қўярди. Мақола, хабарларимни эса эринмай таҳрир қилиб, ўзи билан Китобга, таҳририятга олиб бориб топширарди.

Ёзишга анча-мунча қўлим келиб қолганидан кўнгли тўлган устоз бир куни ёнига чорлаб, “Энди ўзинг газетага бориб, ижодкорларга кўриниб тур, менинг эса ишларим кўп”, дея яна бир дунё маслаҳат, йўл-йўриқ кўрсатдилар.

Таҳририятда эса Суҳроб Рустамов, Майсара Ҳайдарова, Юсуф Умиров, Муродулла Эшмуродов, Иброҳим Азизов, Маматқиём Саломов, Лола Ўроқова, Зебо Раҳимова, Хосият... каби фидойи журналистлар ўзларининг беминнат кўмакларини аяшмади. Ҳозиргача шундай устозларим борлигидан фахрланаман.

Йиллар эса дарёдек жўшиб, шошиб ўтиб кетаверди. Тақдир кўп синовларни бошимга солди. Барча оғир-енгил ташвишларни енгишимда адабиёт юрагимга малҳам, жонкуяр устозим Маҳмадиёр Хушвақтовнинг сабоқлари эса ҳаёт йўлларимда ўчмас нур-зиё бўлди.

Маҳмадиёр ака билан сўнгги марта Минжир қишлоғида бўлиб ўтган бир тўйда кўришдик. Ўша йиллари мен   Ўзбекистон телевидениесида “Яхшилик” кўрсатувини   тайёрлардим. Ҳамқишлоқларим, таниш-билишлар даврасидан чиқаётсам, қаршимда қучоғини очиб Маҳмадиёр домла турарди. “Минг раҳмат сенга, киндик қонинг тўкилган гўшани қанча кўп зиёрат қилсанг, савобга қоласан, укажон, телевизорда сени кўриб қолсам, ишонасанми, кўнглим тоғдай кўтарилади. Фарзандларимга мақтаниб қўяман, сендай қадрдон укам, шогирдим борлигидан фахрланаман. Менинг ўғилларим ҳам Тошкентда ўқияпти, айтаман, сен билан учрашади, насиб этса, зўр мутахассис бўлиб етишишади”, дея ғурурга тўлиб сўзлади.

Орадан кўп вақт ўтмади, қишлоқдошларим орасида ўзининг камсуқум, ҳалол ва меҳнатсеварлиги билан обрў, қадр топган инсоннинг қазо қилганини эшитиб, анча   вақтгача эзилиб юрдим... 

Хотира уйғонса гўзалдир, дейдилар. Демак, халқ, миллат, Ватан бор экан, хотира саодати кўнгилларни бойитиб бораверади. Ўзининг камтарин хизмати ва меҳнати билан эл-улус орасида обрў, қадр топган бундай устозлар номи ҳар юракда акс - садо бераверади.

Норқобил ЖАЛИЛ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Report typo