Бу ҳақда куни кеча Қарши шаҳрида "Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида мазкур корхона бош директори Анвар Музапов маълум қилди.
- Аслида бу турдаги электр ҳисоблагичларни ўрнатиш 2021 йил сўнгига қадар якунланиши белгиланган, - дейди АЖ бош директори бу ҳақда гапирар экан. - Аммо биз ишни янада тезлаштириш учун барча чораларни кўраяпмиз. Масалан, шу йил август ойи ўрталаридан Қарши шаҳри ҳамда ҳозирда "Обод ҳудуд" дастури амалга оширилаётган Талимаржон шаҳарчасида ишни бошлаймиз. Шу йил сўнгига қадар бу икки ҳудуддаги барча электр энергияси истеъмолчиларининг "счётчик"лари замонавийсига алмаштирилади. Келгуси йил эса вилоят бўйича бу ишни якунлашни мақсад қилганмиз. Янги турдаги электр ҳисоблагичлар истеъмолчи учун қатор қулайликларга эга бўлиб, жумладан, электр энергияси учун тўловни истаган жойда амалга ошириш имконини беради. Тўлов амалга оширилиши билан харид қилинган электр энергияси автоматик тарзда ҳисоблагичга ўтказилади. Яна бир эътиборга молик томони, электр ҳисоблагичларни алмаштириш билан боғлиқ барча харажатлар корхона ҳисобидан қопланади.
Матбуот анжуманида вилоятда аҳолини электр энергияси билан сифатли ва узлуксиз таъминлаш, бу борада мавжуд камчиликлар хусусида ҳам сўз юритилди. Журналистлар томонидан одатда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларининг режадагидек олиб борилмаслиги, натижада айни совуқ кунларда таъминот билан боғлиқ носозликлар, узилишлар юзага келиши, кўпгина ҳудудларда мавжуд трансформаторлар, симёғочлар эскириб кетгани, ҳатто хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам талабга жавоб бермай қолган бўлса-да, ҳамон фойдаланиб келинаётгани борасидаги муаммолар ўртага ташланди.
- Тўғри, бундай муаммолар кўп, - дейди Анвар Музапов. - Мисол учун, айни пайтда вилоятимизда 8 минг 884 та трансформатор пунктлари мавжуд. Уларнинг 65 фоизи эскирган. Фойдаланишдаги симёғочларнинг аксарияти 70-80-йилларда ўрнатилган. Улар аллақачон ўз муддатини ўтаб бўлган. Шу вақтга қадар алмаштирилиши, таъмирланиши керак эди. Аммо узоқ йиллар давомида соҳага эътибор қаратилмагани боис бу ишлар бажарилмаган. Лекин сўнгги йилларда бу масала ҳукуматимиз диққат марказида турибди.
Мутасадди томонидан бугунги кунда вилоятимизда электр таъминоти тармоқлари ва воситаларини қуриш, таъмирлаш бўйича бажарилган ишлар юзасидан аниқ рақамлар келтирилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги қарорига асосан Қашқадарёда 128,1 километр узунликдаги паст кучланишли электр тармоқлари ва 73 дона трансформатор пунктида янги қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилган.
Шунингдек, "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари ижроси бўйича ҳам шу кунга қадар 56 дона трансформатор пунктида, 290,3 километр узунликдаги электр узатиш тармоқларида янги қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилган. 240 дона трансформатор пункти ҳамда 428,7 километр узунликдаги ҳаво тармоқлари мукаммал таъмирланган.
- Бундан ташқари, Президентимизнинг 2018 йил 13-14 декабрдаги вилоятимизга ташрифи чоғида берилган топшириқлар ижроси бўйича 730 километр электр тармоқлари ва 230 дона трансформатор пункти реконструкция қилиниши белгиланган бўлиб, ҳозирги кунга қадар 426,2 километр электр тармоқлари ва 151 дона трансформатор пункти реконструкция ва модернизация қилинди, 1565,5 километр узунликдаги электр тармоқлари ва 521 трансформатор пункти мукаммал таъмирланди, - дейди жамият бош директори. - Қолаверса, вилоятда қурилаётган намунавий типдаги уй-жойлар массивлари, хизмат уйлари, иқтисодиёт тармоқларининг электр таъминотини яхшилаш бўйича ҳам кенг кўламдаги қурилиш, таъмирлаш ишлари бажарилмоқда. Аммо барча ҳудудларда муаммоларни тўлиқ бартараф этиш учун йиллар керак бўлади.
Матбуот анжуманида фойдаланилган электр энергияси учун тўловларнинг оптималлаштирилиши хусусида ҳам сўз борди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ