Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

19.03.2019


БИРДАМЛИК ВА ҲАМЖИҲАТЛИК АЙЁМИ

- Айни пайтда вилоятимизда 50 мингдан ошиқ  туркман миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилмоқда, - дейди туркман миллий-маданий маркази раҳбари Норбой Жўраев. - Мустақилликдан олдин асосан чорвачилик билан банд бўлган туркманлар бугун турли соҳаларда фаол. Шу билан бирга, ўз миллий урф-одатларини эмин-эркин давом эттираяптилар. Айниқса, Наврўз байрами муносабати билан кенгликлар, қир-адирларда сайиллар, байрам бозорлари, кўпкари, кўнгилочар ўйинлар ташкил этилади.

Помуқ маданият ва аҳоли дам олиш маркази раҳбари Собир Аминовнинг айтишича, қишлоқ аҳолисининг 60 фоизини туркманлар ташкил этади. Яна ўзбек, татар, тожиклар ҳам яшайди.

Воҳанинг жануби-ғарбида, Қарши шаҳридан эллик чақирим олисдаги Жейнов шаҳарчасининг аксарият аҳолиси араблар. Бу ерда арабларга хос соф миллий урф-одатлар кўп жиҳатлари билан тўлиқ сақланган.  Ёрма, халиса, шифобахш ичимлик - туя сути Наврўз дастурхонининг кўрки ҳисобланади. Шунингдек, араб аёллари киядиган гиззи (аёллар бош кийими), хатабак (тақинчоқ), бухнак (безак тури), бурунга тақиладиган натти (балдоқ) Марказий Осиёда яшовчи бошқа бирор миллатда учрамайдики, бу сайиллар янада қизиқ ўтишига замин ҳозирлайди.

Дарҳақиқат, Наврўзнинг халқ сайиллари тарзида нишонланишининг жуда теран маъноси, маърифати бор. Вилоятимизда мазкур шодиёналарга тайёргарлик кўриш асносида мана шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда, байрамни ташкил этиш концепциясидан келиб чиққан ҳолда, миллий урф-одат, анъаналаримиз, қадимий ҳудудларимизга хос осори атиқалар, шунингдек, вилоятимизнинг бебаҳо табиати, диққатга сазовор жойлари, баҳорий тансиқ таомларини ўзида акс эттирган бадиий композицион дастурлар намойишига катта эътибор қаратилади.

Қадимий ва ҳамиша навқирон    Китоб туманининг Варганза, Сурум,  Аспидухтар, Сиёб, Матмон, Жовуз, Шут, Қабзахона ва бошқа қишлоқларида кўплаб тожик миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилишади. Улар ўзбек ва бошқа халқлар билан тинч-тотув, аҳил-иноқ яшаб, оға-ини, қуда-анда бўлиб кетишган.

- Ҳар йили Наврўз тантаналари жуда файзли ўтади, - дейди тожик миллий-маданий маркази раҳбари  Абдурасул Эргашев. - Байрамда тожиклар миллий таомларини - татурник, нонитоба, нонидегел, ширкади, сирсанжит, қадимий кийимлар, ёстиқлар, жойнамозлар, ҳар хил тақинчоқлар, турли хил сопол идишлар, келин-куёвлар уйлари безатиладиган безакларини намойиш этишади. 

- Қайси тилда гаплашишимиздан қатъи назар, Ўзбекистон аталмиш умумий  уйимиз бор, - дейди рус миллий-маданий маркази раҳбари Елена Кучеренко. - Юртимиз халқи турли миллатга мансублиги, аҳиллиги билан ҳам гўзалдир. Қаерда бўлмайин, юртим билан, бу ерда яшаётган турли миллат вакиллари ва улар эришаётган ютуқлар билан фахрланаман. Гарчи рус миллатига мансуб бўлсам-да, бу юрт менинг Ватаним, мен унинг суюкли фарзандиман. Наврўз эса энг чиройли, хурсандчилик, гина-кудуратлар унутиладиган байрам.

Меҳр-оқибат, бағрикенглик фазилатлари қон-қонимизга сингиб кетган. Асрлар оша бағрида дўстлик ва биродарлик анъаналарини кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келаётган юртимизга асло кўз тегмасин.

Шоҳиста  БОЗОРОВА

С.НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo