Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!
Шавкат МИРЗИЁЕВ:
Биз доимо изланиб, янгиликка интилиб яшайдиган тадбиркорларимизни, ўз ишига фидойи ва жонкуяр, ватанпарвар инсонлар деб биламиз ва уларни қадрлаймиз.
20 август - Тадбиркорлар куни
Вилоятимизда биринчи бўлиб телевизор ишлаб чиқаришни йўлга қўйган қаршилик тадбиркор Шуҳрат Муратов яқин уч-тўрт йил ичида Қашқадарёда электротехника саноатини ривожлантириш бўйича яна бир қатор истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ниятида.
Бизнес-фаолиятини янги минг йиллик бўсағасида якка тартибдаги тадбиркорликдан бошлаган Шуҳрат Муратов (юқоридаги суратда - ўнгда) дастлаб ўшанда кўпчилик ҳали аҳамиятини ҳам тўлиқ тушуниб етмаган янги йўналиш - компьютерлар ва бошқа ташкилий техникаларни йиғиш, таъмирлаш ва сотишга қўл урганди. Шу жараёнда атрофида замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган ва энг муҳими, ўз малакасини ошириб боришдан тўхтамайдиган мутахассисларни жамлади. Мазкур соҳадаги аксарият ишбилармонлар асосан тайёр компьютерлар савдосига зўр берган бир пайтда у ҳамкорлари билан бирга хориждан бутловчи қисмлар олиб келиб бундай техникани ҳар бир буюртманинг алоҳида хусусиятларидан келиб чиқиб йиғишга, қолаверса, уни мижозларнинг барча талабларини инобатга олган ҳолда, Қарши шаҳрининг ўзида ишлаб чиқариш ва зарур дастурлар билан таъминлашга интилди. Натижада 2005 йилда Шуҳрат Муратов "Alp Texno Servis" хусусий корхонасини ташкил этганда бу тадбиркорлик субъектининг рақобатдошлигини таъминлайдиган кўплаб устунлик жиҳатлари, шу жумладан, янгича ёндашувларга асосланган узоқ муддатли ривожланиш стратегияси ва юқори малакали кадрлардан ташкил топган кучли жамоаси бор эди.
- Воҳамиздаги кўплаб корхона ва ташкилотларнинг фаолиятини замонавийлаштириш, техник ва технологик жиҳатдан қайта қуроллантиришга муносиб ҳисса қўшган тадбиркор Шуҳрат Муратов бизнесининг муайян босқичида Қашқадарёда компьютер ва маиший техника савдосида ҳам бир қатор янгиликлар (масалан, вилоятимизда биринчилардан товарлар нархини бўлиб тўлаш ёки уларни интернет тармоғи орқали сотиш)ни жорий қилди, - дейди Ўзбекистон савдо-саноат палатаси вилоят бошқармасининг "Бизнесга ўқитиш мактаби" бўлими бошлиғи Азиз Пирназаров. - Бироқ унинг энг катта ташаббуслари, албатта, вилоятимиз марказида замонавий телевизорлар ишлаб чиқарилиши ва уларнинг турли мамлакатларга экспорт қилиниши билан боғлиқдир. Билишимча, ўтган йили "Alp Texno Servis" хусусий корхонасининг саъй-ҳаракатлари билан Қаршида ишлаб чиқарилган телевизорлар Россия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистонга экспорт қилинган. Жорий йилда ҳам бу маҳсулотлар экспорти давом этмоқда.
Дарҳақиқат, узоқ йиллар давомида хорижий ва маҳаллий телевизор ишлаб чиқарувчи компаниялар ишини ўрганиб юрган ва бу йўналишда истиқболли лойиҳалар ишлаб чиққан Шуҳрат Муратов 2017-2018 йилларда Хитойнинг "ITM SWS Co. LTD" компанияси билан ҳамкорликда Қарши шаҳридаги "Biss electronics system" масъулияти чекланган жамияти негизида 32 ва 43 дюймли телевизорлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган бўлса, орадан тўрт йил ўтиб, "Буюк Турон" кичик саноат зонасида "Alp Texno Servis" хусусий корхонасининг замонавий заводи фойдаланишга топширилди. Қиймати 1,5 миллион долларлик лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 70 та иш ўрни яратилиб, электр техника маҳсулотлари ишлаб чиқариш қуввати йилига 120 минг донага етказилди. Завод томонидан ўзининг "SSmart" ҳамда "Zimmer", "REBUS", "JVC", "TCL", "LORETTO" ва "MAGNA" компаниялари брендлари остида замонавий телевизорларнинг 32, 43, 50, 55, 65 дюймли моделлари (шу жумладан, янги авлод "ақлли" телевизорлар) ишлаб чиқарилиши ва истеъмолчиларга етказиб берилиши корхонанинг иқтисодий кўрсаткичлари юксалишига олиб келди. 2022 йил давомида хорижга 3 миллион долларлик телевизорлар экспорт қилинди. Ўтган йил якунларига кўра, "Alp Texno Servis" ХК томонидан ички ва ташқи бозорларда сотилган маҳсулотларнинг умумий қиймати олдинги йилга нисбатан қарийб 3 баравар, соф фойда миқдори эса сал кам 2 баравар ошди.
Корхона мутахассисларининг таъкидлашича, ҳозир Шуҳрат Муратовнинг ташаббуси асосида заводда ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича яна бир қатор бизнес-ғоялар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Биттаси телевизорлар платаларини йиғиш учун мўлжалланган SMT-линиясини олиб келиб ўрнатишдан иборат бўлиб, уни йилнинг охиригача рўёбга чиқариш мўлжалланмоқда. Шунингдек, яқин уч-тўрт йил ичида корхонада ярим автоматик кир ювиш машиналари (маҳаллийлаштириш даражаси - 55 фоиз, йиллик қуввати - 50 минг дона), чангютгичлар (маҳаллийлаштириш даражаси - 40 фоиз, йиллик қуввати - 60 минг дона) ва кондиционерлар (маҳаллийлаштириш даражаси - 40 фоиз, йиллик қуввати - 25 минг дона) ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 10 миллион долларга яқин учта инвестиция лойиҳасини ҳам амалга ошириш режа қилинган.
- Эътиборлиси, - дейди "Alp Texno Servis" хусусий корхонасининг ишлаб чиқариш бўйича директори Санжар Насруллаев, - раҳбаримиз талаби билан бу электротехника маҳсулотларининг айримлари аллақачон кичик партияда ишлаб чиқарилиб, маҳаллий шароитларда синовдан ўтказилмоқда. Бу оммавий ишлаб чиқариш жараёни йўлга қўйилгунга қадар уларнинг техник хусусиятларини такомиллаштириш имконини беради.
Тасаввур қилинг, биргина инсоннинг ташаббускорлиги эвазига (албатта, давлат ва ҳукумат кўмагида) вилоятимизда "ақлли" телевизорлар ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш йўлга қўйилиб, ўнлаб кишилар замонавий касб-ҳунарга эга бўлганидек, тез орада айнан шу ишбилармоннинг саъй-ҳаракатлари билан Қашқадарё кўплаб бошқа маиший техникалар ҳам ишлаб чиқариладиган ҳудудга айланиши мумкин. Шунинг ўзи ҳам тадбиркорликнинг бунёдкорлик кучидан дарак эмасми?!
Темур НИЗОМОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.