Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • БИРИНЧИ ЧОРАКДА 400 НАФАРДАН ЗИЁД ВОЯГА ЕТМАГАН ПРОФИЛАКТИК ҲИСОБГА ОЛИНГАН

М.ШУҲРАТОВ

03.07.2017


БИРИНЧИ ЧОРАКДА 400 НАФАРДАН ЗИЁД ВОЯГА ЕТМАГАН ПРОФИЛАКТИК ҲИСОБГА ОЛИНГАН

Вилоят ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан ташкил этилган кенгайтирилган сайёр йиғилишда шулар ҳақида сўз юритилди. Тадбир “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ҳудуддаги ижроси бўйича ўтказилган назорат-таҳлил якунларига бағишланди. Селектор тартибида бўлиб ўтган ушбу йиғилишда мазкур қонун талабларини бажаришга бевосита масъул мутасаддилар, давлат органлари раҳбарлари ва мутахассислари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда юртимизда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ кафолатлаш мақсадида давлатимиз томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бола ҳуқуқлари ҳимоясининг ҳуқуқий асослари яратилиб, йилдан-йилга такомиллаштирилиб борилаяпти. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини муҳофазалаш миллий қонунчилигимиз билан мустаҳкамланган.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, ҳозирги пайтда воҳамизда вояга етмаганлар 1 миллион 87 минг нафарни ёки вилоят умумий аҳолисининг 35,4 фоизини ташкил этади. Ҳудудда тегишли қонуннинг ижросини таъминлашда айрим муаммолар мавжуд ҳамда бу соҳада бир қатор камчиликларга йўл қўйилган. Жумладан, қонуннинг 26-моддасига кўра, вояга етмаганни ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосноманинг суд томонидан кўриб чиқилиши, 30-моддасига биноан вояга етмаганни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш тўғрисидаги илтимосноманинг кўриб чиқилиши, вояга етмаганни ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида сақлаш ҳамда вояга етмаганни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш борасидаги қатор талаблар бажарилмаган. Ўзига нисбатан ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш тўғрисидаги илтимоснома кўриб чиқилаётган вояга етмаган, унинг ота-онаси ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар, прокурор, васийлик ва ҳомийлик органининг, вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия вакилининг суд мажлисида иштирок этиши шартлиги белгилаб қўйилган бўлса-да, айрим ҳолларда бунга риоя қилинмаган.

- “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонуннинг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан бажарилишини ўрганиш, мазкур ҳужжатни амалиётда қўллаш жараёнида мавжуд муаммолар, кемтикларни аниқлашга асосий эътибор қаратаяпмиз, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раҳбари Акмал Саидов. - Шу маънода вояга етмаганлар ишларига бевосита масъулларнинг муносабат ва таклифларини олаяпмиз. Нима қилсак, қонунни янада такомиллаштира оламиз? Айтайлик, бу йўналишда давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда бошқа фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш учун нималар қилишимиз керак? Бу борада ўринли таклифлар билдирилаяпти. Уларни жамлаб тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқамиз.

Тадбир савол-жавоб руҳида ўтди.

М.ШУҲРАТОВ

Report typo