Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Сожида АЛЛАЁРОВА

06.09.2018


БИРИНЧИ ҚЎНҒИРОҚ ЖАРАНГИ

Янги ўқув йили истиқлолимизнинг 27 йиллиги  муносабати билан “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остидаги “Мустақиллик дарслари” ва Биринчи Президентимиз Ислом Каримовни ёд этишга бағишланган “Хотира дарслари” билан бошланди.

Аҳамиятлиси, Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан мазкур тадбирлар ҳар бир мактабда раҳбарлар, депутатлар, тадбиркорлар, ҳаётда ўз йўлини топиб, бошқаларга намуна бўлаётган инсонлар иштирокида ўтди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Комила Каромова Қарши шаҳридаги 11-мактабда бўлиб, болаларга ўзи ўқиган даврдаги шароитлар билан ҳозиргисини таққослаб тушунтириб берди, бундай дориломон кунларда фақат ўқиб-изланиш зарурлигини  таъкидлади.

- Бу йил вилоятимиздаги барча умумтаълим мактабларига 64 минг 541 нафар ўқувчи биринчи синфларга қабул қилинди, - дейди вилоят халқ таълими бошқармаси таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бўлими бошлиғи Мавлуда Тошева. – Уларга “Президент совғаси” – 12 номдаги ўқув қуроллари солинган мактаб сумкалари тантанали топширилди.

Қайд этиш лозим, айни пайтда вилоятдаги умумтаълим мактабларида 607 минг 141 нафар ўғил-қиз янги ўқув йилини бошлади. Улар учун янги ўқув йили олдидан  1 минг 111 та мактаб шай ҳолга келтирилди, 45 та мактаб инвестиция дастури, 28 таси “Обод қишлоқ” дастури асосида тўлиқ таъмирланди. Қарши шаҳридаги Боғишамол ва Гулистон маҳаллалари аҳолиси учун эса 315 ўринли янги 47-мактаб қуриб, фойдаланишга топширилди.

Янги ўқув йили янгиликларга бой. жумладан, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида шахматни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида вилоятимизнинг 9 та мактабида мажбурий мактаб дастури доирасида жорий ўқув йилидан шахмат дарслари ўтилади.

Шу ўқув йилидан бошлаб ихтисослаштирилган мактаблар, санъат ва маданият, олимпия захиралари мактаб-интернатлари ҳамда академик лицейлар битирувчиларига аъло билими, намунали хулқи ва жамоат ишларидаги фаоллиги учун олтин ва кумуш медаллари берилади.

Ўқитувчилар ҳам янги ўқув йилини муҳим ўзгаришлар билан бошлаётир. Ҳеч кимга сир эмас, илгари тизимдаги муаммолар устозларнинг жамиятдаги обрўсига путур етказаётган, уларнинг асосий вақти дарс ўтиш, ўз устида ишлаш билан эмас, ўзига мутлақо алоқадор бўлмаган жойларда “ҳашар” ташкил қилиш, кераксиз мажлисларда қатнашиш билан ўтарди.

Президентимиз топшириқларига асосан, бундан буён ўқитувчиларни ободонлаштириш ва мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этишга чек қўйилди. Металл чиқиндилари ва макулатура йиғиш, инсонларнинг ҳаётига ёки соғлиғига хавф туғилиши юзага келиши мумкин бўлган жойларда ихтиёрий ташаббус билан ҳашарлар ва бошқа ишларни ўтказиш ҳам тақиқланди.

Янги ўқув йилидан бошлаб, ўқитувчилардан педагогик юкламалар бўйича ҳисоботлар ва қўшимча маълумотлар талаб қилинмайдиган бўлди.

Энг асосийси, ўқитувчиларнинг ойлик маоши ҳам ошди. Янги ўқув йилидан олий тоифали ўқитувчиларга 1 миллион 628 минг сўм миқдорида ҳақ тўланса, I тоифали ўқитувчилар 1 миллион 525 минг,  II тоифалилар  1 миллион 428 минг сўм, олий маълумотли мутахассис эса 1 миллион 334 минг сўм миқдорида маош олади. 2019 йилнинг 1 январидан олий тоифали ўқитувчилар маоши 25, I тоифали ўқитувчиларники 20, II тоифадагилар 15, мутахассис ўқитувчилар учун 10 фоизга ошади. Синф раҳбарлигини бажарган ўқитувчиларга ҳақ тўлаш миқдори ҳам кўтарилган.

Шунингдек, халқ таълими тизимидаги педагог ходимларга қишлоқ ва шаҳарларда қурилаётган арзон уй-жойларни 20 йил  муддатга  имтиёзли  ипотека  кредити  асосида  бериш,  “Ҳар  бир оила - тадбиркор” дастури асосида педагог ходимларнинг оила аъзоларига имтиёзли кредитлар ажратиш, автотранспорт воситаси сотиб олиш ва бошқа мақсадлар учун кредитлар бериш кўзда тутилган.

Кўриниб турибдики, энди ҳамма гап таълим сифати ва самарадорлигига келиб тақалмоқда. Яратилган шароитлар ушбу вазифани кўнгилдагидек адо этиш имконини беради.

Сожида АЛЛАЁРОВА

Суратларда: Қарши шаҳридаги янги  47-мактаб очилиши маросимидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo