Янги Ўзбекистон - мактаб остонасидан бошланади
Унинг ҳар бир зарби юраклар тубидаги энг эзгу туйғуларни тўлқинлантиради, янги орзулар, янги марралар, янги мақсадлар сари илҳомлантиради. Айниқса, мактаб остонасига илк қадамларини қўяётган болажонлар кўзидаги ҳайрат, дилидаги ҳаяжон янада ортади.
Кеча вилоятимизда ҳам Билимлар куни кенг нишонланди. Янги ўқув йили истиқлолимизнинг 33 йиллиги муносабати билан "Бир бўлсак - ягона халқмиз, бирлашсак - Ватанмиз!" шиори остида Мустақиллик дарслари билан бошланди.
- Бу йил вилоятимиздаги барча умумтаълим мактабларига 68 минг 400 нафарга яқин ўқувчи биринчи синфларга қабул қилинди, - дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси умумий мактаблар фаолиятини мувофиқлаштириш шуъбаси бошлиғи Бобоқул Қорабоев.
Шаҳрисабз туманида янги ўқув йили арафасида 3 та мактабнинг қўшимча бинолари фойдаланишга топширилди. Туманнинг Ширамон маҳалласида жойлашган 31-умумий ўрта таълим мактабида 550 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Мактабнинг қуввати эса шу пайтгача атиги 280 ўринга мўлжалланган бўлиб, дарслар икки сменада ташкил этиб келинаётган эди.
- Президентимиз ташаббуси билан жорий йилда ушбу мактаб реконструкциясига 4 миллиард сўм маблағ ажратилиб, 330 ўринли қўшимча бино қуриб берилди, - дейди туман ҳокимининг матбуот котиби Баҳодир Ҳалимов. - Натижада барча дарсларни бир сменада ташкил этиш имкони яратилиб, ўқувчилар учун ҳам, ўқитувчилар учун ҳам катта қулайлик ҳозирланди.
Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги шодиёналари арафасида 46- ҳамда 47-умумий ўрта таълим мактаблари янги биноларининг фойдаланишга топширилиши ҳам нафақат мактаб жамоалари, балки маҳаллалар аҳли учун ҳақиқий байрамга айланиб кетди.
Маълумотларга кўра, тумандаги 46-мактаб олдин 280 ўқувчи ўрнига мўлжалланган бўлиб, унда 672 нафар ўқувчи таълим олган. 330 ўринли қўшимча бино қурилиши натижасида мактабда сиғим билан боғлиқ муаммо тўлиқ бартараф этилди. 47-мактабнинг 620 ўринли биносида эса шу вақтга қадар 1100 нафардан ортиқ ўқувчи таълим олиб келган. 540 ўринли янги ўқув биноси барпо этилиши билан бу борадаги муаммолар барҳам топмоқда.
Умуман олганда, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда мактаблар моддий-техника базасини яхшилаш, уларни замонавий кўринишга келтириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, биргина Қашқадарёнинг ўзида сўнгги 7 йил давомида 500 дан ортиқ мактаб янгидан қурилди ва реконструкция қилинди. Уларда 130 мингга яқин янги ўқувчи ўрни яратилди.
Собир НАРЗИЕВ
Муаллиф олган суратларда: кеча Қарши шаҳридаги 7-сонли ва Шаҳрисабз туманидаги 46-сонли мактабларда ўтказилган тадбирлардан лавҳалар.