Миллий урф-одатимизга биноан ушбу маросимларда элга ош тортилди. Биринчи Президентимиз хотирасига Қуръон тиловат қилиниб, дуои фотиҳа ўқилди.
Хотира тадбирларида ватандошларимиз, кенг жамоатчилик вакиллари Ислом Каримовнинг мустақил Ўзбекистон давлатини барпо этиш борасидаги буюк хизматларини яна бир бор эсга олдилар.
Қашқадарё аҳли вилоят мустақиллик йилларида иқтисодий барқарор, саноати ривожланган ҳудудга айланиб, аҳоли турмуш даражаси муттасил ўсиб бораётгани, бунёдкорлик, халқимиз фаровонлигини юксалтириш билан боғлиқ барча эзгу ишлар бевосита Ислом Каримов номи билан боғлиқ эканини яхши билади.
Хусусан, Биринчи Президентимиз раҳнамолигида иқтисодиётда амалга оширилган туб таркибий ўзгариш ва янгиланишлар вилоятда замонавий саноатни изчил ривожлантиришга хизмат қилди. “Муборакнефтгаз”, “Шўртаннефтгаз”, Муборак газни қайта ишлаш заводларида янги қувватлар барпо этилди. Шўртан газ-кимё мажмуаси, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Талимаржон ИЭС каби йирик корхоналар ишга туширилди.
Шунингдек, Ислом Каримовнинг бевосита ташаббуси билан Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари қиёфаси тубдан янгиланди, юзлаб замонавий таълим муассасалари, муҳташам спорт иншоотлари, маданият ва мусиқа масканлари, кўп қаватли хонадонлар, намунавий лойиҳалар асосида минглаб уй-жойлар қурилди.
Биринчи Президентимиз воҳамизга қилган ҳар бир ташрифида, вилоят ҳақида гапирганида Қашқадарё замини, унинг ҳалол, меҳнаткаш ва танти одамларини алоҳида меҳр ва самимият билан тилга оларди.
Кўп миллатли Ўзбекистон халқининг қалбидан чуқур жой олган Биринчи Президентимизнинг сўнмас хотирасини абадийлаштириш бўйича ўтган давр мобайнида юртимизда катта ишлар амалга оширилди.
Хусусан, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Биринчи Президентимиз сиймоси тасвирланган ҳайкалларни яратиш, улуғ Йўлбошчимиз хотирасини абадийлаштириш, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш бўйича муҳим қарорлари қабул қилинди. Яқин вақт ичида Тошкент, Самарқанд ва Қарши шаҳарларида Биринчи Президентимизнинг муҳташам ҳайкаллари тантанали равишда очилиши кутилмоқда.
Мардлик ва олижаноблик фазилатлари билан эл-юртга чексиз меҳр ва садоқат тимсоли бўлиб қолган Ислом Каримовнинг ёрқин хотираси қалбларимизда мангу яшайди.
Н.ХЎЖАЕВ