Чироқчи туманининг Жар маҳалласида яшовчи Жаҳонгир Шералиевнинг асл касби автомобилларни таъмирловчи уста. Отаси шу иш билан шуғулланган, ўзи ҳам ёшлигидан унинг ёнида юриб, ҳунар ўрганган. Тақдир тақозоси билан отаси ҳаётдан эрта кўз юмгач, оила юки 19 ёшли Жаҳонгирнинг зиммасига тушади.
- Шундан сўнг отамнинг шогирдлари билан елкадош бўлиб, устахона ишини юрита бошладим, - дейди у. - Ҳар доим ўз касбим сирларини обдан ўрганишга, мижозларнинг ишончини қозонишга ҳаракат қилардим. Куну тун устахонада ётиб ишлаган вақтларим бўлган. Қарангки, тез орада мижозлар сони янада орта бошлади. Бу вақтга келиб шогирдларим ҳам кўпайиб қолганди. Улар билан қўшилиб, янги устахоналар ташкил этдик.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, ана шу касб ортидан оиласи фаровон, даромади жуда яхши эди. Аммо у бу билан қаноатланмади. Янги ташаббусларни амалга ошириш, янги марраларни забт этиш ҳақида ўйлар, шунга ҳаракат қиларди. Ана шу ҳаракат ўтган йили ўз маҳалласи ҳудудида икки қаватли замонавий бино қуриб, бу ерда тикувчилик корхонаси фаолиятини йўлга қўйишига омил бўлди.
- 240 миллион сўмга 50 дона замонавий тикув машиналарини харид қилдик, - дейди тадбиркор. - Шундан сўнг маҳалламиздаги бу ишга бироз ўқуви бўлган 15 нафар хотин-қизни жалб этиб, уларни бир неча ой давомида Тошкент шаҳри ва водий вилоятларидаги турдош корхоналарда субъект ҳисобидан ўқитдик. Қизларимиз замонавий тикув машиналаридан фойдаланиш билан бир қаторда, янги-янги бичиш-тикиш усулларини ўзлаштирди. Энг муҳими улар тайёрлаётган маҳсулотлар мижозларимизга манзур бўлмоқда.
Шу пайтга қадар корхонада мавсумга қараб эркаклар куйлаклари, футболкалар, болалар кийимлари тикилган бўлса, энди аёллар либосларини тикиш ҳам йўлга қўйилибди. Маҳсулотлар тўлиқ ички бозорга етказиб берилмоқда экан.
- Ҳозир мавжуд тикув машиналаримизнинг бир қисмидан фойдаланаётганимиз йўқ, - дейди тадбиркор. - Уларни яна икки-учта ҳудудда филиал ташкил этиб, жойлаштирамиз. Ҳозир мўлжалланган жой ва ҳамкорлар бор, фақат ҳужжат ишларини ҳал қилсак бўлгани. Бундан ташқари, яқинда қолипли нон ва турли пишириқлар ишлаб чиқариш имконига эга яна бир корхонани ишга туширдик. Ҳозир бу ерда бир кунда етти юз донадан минг донагача қолипли нон ва тўрт-беш хилдаги пишириқлар ишлаб чиқарилмоқда. Яна беш жойда шундай янги цехларни ишга туширмоқчимиз.
Эътиборли томони, бундай ташаббусларнинг амалга оширилиши тадбиркорнинг даромади ошиши билан бир қаторда, ҳудуд фаровонлиги, янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилмоқда.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар