Россия аҳолиси 2022 йилда кўпроқ касал бўлди, дея хабар беради "Новости" манбаси мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигининг якуний ҳисоботига таяниб.
Эълон қилинган маълумотларга кўра, 2021 йил кўрсаткичлари билан таққослаганда умумий касалланиш 3,83 фоизга, бирламчи касалланиш қарийб 5 фоизга ўсган. Шундай қилиб, умумий касалланиш ҳар 100 минг аҳолига 174 минг 516,8 та ҳолатни ташкил этган. Ушбу кўрсаткич 2021 йилда 168 минг 66,6 ҳолатдан иборат бўлган.
Умумий касалланиш қарийб барча синфлар бўйича ошган. Рўйхатда 3,6 фоизлик ўсишни кўрсатган нафас олиш тизими касалликлари биринчи, 5,8 фоизга ортган қон айланиш тизими касалликлари иккинчи, 7 фоизга ўсган таянч-ҳаракат ва бирлаштирувчи тўқималар касалликлари учинчи ўринни банд қилган.
Шунингдек, ўтган йили мамлакатда онкологик касалликларга чалинганлар сони 4,6 фоизга, бирламчи семириш билан касалланиш 10,7 фоизга ортгани қайд этилади.