Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
30 январь, пайшанба. 2025 йил                         Махсус версия RU

Темур НИЗОМОВ

23.01.2025


БИРОРТА ҲАМ МЕҲМОНХОНА ЙЎҚ ЯККАБОҒ ТУМАНИДА

кичик отеллар қурган инвесторларга давлат бюджетидан субсидия берилади

 Имконият

Ҳудудларда туризм инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида юртимиздаги меҳмонхона мавжуд бўлмаган 22 та шаҳар ва туманда, шу жумладан, Яккабоғ туманида кичик отеллар қуриш ва уларни жиҳозлаш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар ажратилади.

Республика ҳукуматининг ўтган йил 30 декабрдаги тегишли қарори билан тасдиқланган низомга кўра, бундай субсидиялар 2025 йил 1 январдан 2026 йил 31 декабрга қадар бўлган муддатда мувофиқлик сертификати берилган янги қурилган (реконструкция қилинмаган) кичик отеллар (яъни сиғими 10 тадан 30 та хонагача бўлган меҳмонхоналар) учун уларнинг  хоналар сонидан келиб чиққан ҳолда тақдим этилади. Давлат бюджетидан ажратиладиган бир марталик субсидиялар миқдори кичик отелларнинг умумий хоналари сони 10 тадан кам бўлмаган ҳолда, ҳар бир хона учун 10 миллион сўм, 15 тадан кам бўлмаган ҳолда, ҳар бир хона учун 15 миллион сўм, 20 тадан кам бўлмаган ҳолда, ҳар бир хона учун  20 миллион сўмни ташкил этади.

Маълумотларга қараганда, Яккабоғ туманида маҳаллий ва хорижий сайёҳларни қизиқтирадиган жуда кўплаб диққатга сазовор жойлар (масалан, Амир Темур ғори, Соҳибқирон туғилган Хўжаилғор қишлоғи, тарихий, экологик, экстремал ва этник туризмни ривожлантириш салоҳиятига эга Татар, Вори ва Зармас қишлоқлари) бўлсада, ҳудудда бугунги кунда бирорта ҳам меҳмонхона йўқ. Тумандаги илк кичик отель 2023 йилнинг июнь ойида Айғиркўл маҳалласи "Янги Ўзбекистон" массивида "Kolag" масъулияти чекланган жамияти томонидан қурила бошланган. Инвестор Бунёд Мейлиевнинг айтишича, оригинал лойиҳа бўйича барпо этилаётган  замонавий мажмуа ўз ичига 20 хонадан иборат шинам меҳмонхона, бизнес-марказ, оилавий ресторан, фитнес зали, мусиқий фаввора ва кўплаб савдо дўконларини олади. Лойиҳа қиймати 1 миллион долларни ташкил этадиган бу отелни жорий йилнинг охиригача фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Юқорида қайд этилган қарор ва низомда, шунингдек, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда тоифали (юлдузли) меҳмонхоналарни қуриш харажатларини қоплаш тартиби ҳам белгиланган.

Темур НИЗОМОВ

 

Report typo