Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ҳусан ТУРСУНОВ

16.05.2017


БИТИМЛАРНИ НОТАРИАЛ ТАСДИҚЛАШ ТАРТИБИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШМОҚДА

Шунга мувофиқ илғор тажриба ва ютуқларни чуқур ўрганган ҳолда нотариат институтини такомиллаштириш, нотариус лавозимига энг муносиб номзодларни танлаш, қолаверса, ушбу соҳа вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини кенгайтириш билан бирга жавобгарлигини ошириш, касбий ҳимоясини таъминлаш ҳамда нотариал идораларнинг моддий-техник базасини замон талаблари даражасида яхшилаш йўлида муҳим ишлар амалга оширилмоқда.

Натижада қисқа давр ичида давлат нотариал идораларининг малакали ҳуқуқий хизмат кўрсатиш тизими янада яхшиланди, кадрлар таркибини ҳалол ва малакали мутахассислар билан тўлдиришга эришилди.

Хусусан, нотариал фаолият Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик ва Оила, Уй-жой кодекслари, "Нотариат тўғрисида"ги Қонун ва 60 дан ортиқ бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, нотариус лавозимига кадрларни танлаш тизимини такомиллаштириш ва нотариат соҳасини малакали кадрлар билан тўлдириш мақсадида судьялик лавозимида камида беш йил ёки нотариат соҳасида раҳбарликни амалга оширувчи ва назорат қилувчи лавозимларда камида уч йил ишлаган шахслар учун стажировка муддати бир йилга қисқартирилди.

2014 йил 15 августда Адлия вазирининг "Аҳолига нотариал ҳаракатларга оид бепул маслаҳат бериш кунларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги буйруғи қабул қилиниб, бугунги кунда жойларда аҳолига нотариал ҳаракатларга оид бепул маслаҳат бериш кунлари ташкил этилмоқда. Бундан ташқари, жойларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини навбатма-навбат қайд этиш тартиби йўлга қўйилди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 27 февралдаги "Битимларни нотариал тасдиқлаш тартибини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори эса нотариал идоралар  фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва қулайликлар яратишга қаратилгани билан эътиборлидир.

Қарорга мувофиқ нотариал ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни автоматлаштириш, кўчмас мулк ва автомототранспорт воситаларининг бошқага ўтказиш тақиқлангани ёки хатлангани бўйича ягона маълумотлар базасини шакллантириш белгиланди.

Унга кўра, кўчмас мулкнинг олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини идоралараро электрон ҳамкорликни қўллаган ҳолда нотариал тасдиқлаш Тошкент шаҳрида 2017 йил 1 июлдан, республикамизнинг барча ҳудудида эса 2018 йил 1 июлдан бошлаб амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Хўш, бундай электрон тартибнинг фуқаролар ва ўз навбатида нотариуслар учун қандай қулайлиги бор?

Бунда ариза берувчи битимни нотариал тасдиқлаш учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталига кабинет орқали электрон аризани бевосита тўлдириш йўли билан ёки электрон аризани тўлдириш учун кўчмас мулкнинг кадастр йиғмажилди, паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат билан нотариал идорага ўзи келиб мурожаат қилиши мумкин. Ўзи келиб мурожаат қилинганда электрон ариза қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлов ундирилгандан сўнг ариза берувчининг номидан нотариал идора ходими томонидан тўлдирилади.

Электрон ариза тўлдирилгандан кейин солиқлар, коммунал хизматлар ва электр энергияси бўйича қарздорлик, кўчмас мулкка нисбатан тақиқ ва хатлаш мавжудлиги Ягона интерактив давлат хизматлари порталида ёки "Нотариус" автоматлаштирилган ахборот тизимида идоралараро электрон ҳамкорлик орқали автоматик тарзда текширилади.

Амалдаги тартиб бўйича кўчмас мулкнинг олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимларини нотариал тасдиқлаш учун фуқаро солиқлар, коммунал хизматлар ва электр энергияси бўйича қарздорлик мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотномани тақдим қилиши лозимлиги белгиланган.

Солиқлар, коммунал хизматлар ва электр энергияси бўйича қарздорлик ёки кўчмас мулкка нисбатан тақиқ ва хатлаш мавжудлиги аниқланса, ариза берувчига қарздорлик бартараф этилганидан кейин ёки тақиқ ва хатлаш олиб ташланганидан кейин битимни нотариал тасдиқлаш учун мурожаат қилиш ҳуқуқи борлиги ҳақида хабар берилади.

Эътиборли жиҳати шундаки, бунда ариза берувчига солиқлар, коммунал хизматлар ёки электр энергияси бўйича аниқланган қарздорликни нотариал идорада, шу жумладан электрон тўлов тизимлари орқали тўлаш имконияти берилади. Ариза берувчи томонидан амалга оширилган тўловлар тўғрисидаги маълумотлар тезкорлик билан "Нотариус" автоматлаштирилган ахборот тизимида акс эттирилади. Солиқлар, коммунал хизматлар ва электр энергияси бўйича қарздорлик ёки кўчмас мулкка нисбатан тақиқ ва хатлаш мавжуд бўлмаса, электрон аризага ноёб рақам берилиб, ариза берувчига битимни нотариал тасдиқлаш мумкинлиги, давлат божи миқдори ҳамда битимни нотариал тасдиқлаш учун зарур бўлган ҳужжатлар ҳақида хабар берилади.

Умуман айтганда, кўчмас мол-мулкларни тасарруф этиш билан боғлиқ битимларни расмийлаштиришда ушбу электрон ахборот алмашинувининг йўлга қўйилиши фуқароларнинг ортиқча оворагарчилиги олди олинишига, қулайлик яратишга ҳамда нотариал ҳаракатлар орқали давлат хизмати кўрсатиш тизимига замонавий технологияларни жорий этишга хизмат қилади.

Ҳусан ТУРСУНОВ,  вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи, юридик фанлар номзоди

Report typo