Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

19.11.2021


"БИЗ ҲАМ, ОКАСИ, ДОС ПАССОСНИ ЎҚИГАНМИЗ..."

Сараланган сатрлар

Мурод Муҳаммад Дўст 1988 йилда нашр этилган "Лолазор" романидан кейин ҳеч нарса ёзмади. Аниқроғи, ёзганларини эълон қилмади. Балки бунга дастлаб Президент матбуот котиби вазифасида ишлагани, кейин Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, "Ўзбеккино" каби даргоҳлардаги фаолият сабабдир. Йўқ, бу орада адиб сценарийси асосида тасвирга олинган "Дев билан пакана", "18-квадрат", "Пўшт, арава" каби фильмлардан баҳраманд бўлдик. Бироқ ёзувчининг ўзи айтганидек, кино учун ёзилган "либретто"лар ҳикояга тенг келолмайди. Бир неча йил олдин эса ВВС ўзбек хизмати таниқли адибнинг "Тошкентдан мактублар" туркум асарларини эълон қилди. Бу битикларда Шукур Бурҳон, Саид Аҳмад ва Неъмат Аминов ҳаёти ва ижодига чизгиларни кўрамиз. Чизгиларки, аниқ ва жонли тасвир, киноя, пичинг ҳамда равон услуб бўртиб туради.

Адабиётга, ижодга, бадиий сўз санъатига бефарқ бўлмасангиз, "Тошкентдан мактублар"ни ўқинг, вақтингизга ачинмайсиз.

*  *  *

Саид Аҳмаднинг бир ажойиб ҳангомасини кўпчилик эслайди. Воқеа ростдан ҳам бўлганми, ёки уни Саид Аҳмаднинг ўзи тўқиганми - бу сирни устоз дорулбақога олиб кетган.

- Бир куни Шукрулло ёнимга келди, - деб ҳикоя қилар эди раҳматли. - Келиб, ёзган эсдаликларини ўқиб берди. Маълум бўлишича, Шукруллонинг биринчи китоби чиққанида отаси ўқиб кўриб, ўғлини роса мақтабди: "Балли, ўғлим, китобинг манга маъқул, бундан кейин ҳам шундай яхши ёзавер. Кузда, хазонрез фаслида боғ кезганмисан? Оёғинг остида ётган сариқ япроқлар ичидан ёнғоқ топиб қувонганмисан? Ҳа, балли, қувонгансан! Бу ёғига ҳам шундай қилавер! Ҳар бир сўзни хазон остидан топилган ёнғоқдай битта-битта териб, фақат мағзи тўқларини қолдириб, пучларини нарига итқитиб юбор!" Шукрулло ёзганларини завқ билан ўқияпти, мани эса шайтон қитиқлайди. Ахийри чидолмадим. Шукрулло, дедим, биринчи китобинг чиққанингда эмчи отанг дунёдан ўтиб кетган эди-ку? Шукруллонинг отаси эмчилик қилган, икков тенгдошмиз, узоқ қариндошлиги ҳам бор… Бироқ Шукруллога гапим ёқмади. Ҳафсаласи пир бўлди. Лекин ёзганларини кўзи қиймади чоғи, секин маслаҳат сўради: "Саидаҳмад, бўмасам "Ғафур Ғулом айтувди" десаммикан?"

Ҳар гал мемуар ўқиганимда шу гап ёдимга тушади.

*  *  *

Асқад Мухтор ҳақида ўйлаганда, Эркин Аъзамнинг бир гапи бот-бот ёдимга тушади. У "Дўстлик" ордени билан устозни табриклагани борганида Асқад ака синиқ жилмайиб айтган эканки, "Дўстлик" бор-у, дўст йўқ…"

*  *  *

Назаримда дастурхон манзарасини чизишда Саид Аҳмаддан моҳирроқ ёзувчи бўлмаса керак. Мана бу тасвирга бир эътибор беринг:

"Улар яланғоч беданаларни бир пасда тозалаб, пешноб билан иликдек пўстдумба қиймасига кўк кашнич, ариқ бўйларидан териб келинган ялпиз,зира, зирк, жамбил қўша бошладилар. Улар бу масаллиқларни эрталабоқ уйда тайёрлаб тоғорада олиб келган эдилар. Шуларни беданалар ичига жойлаб, қоринларини ип билан чатиб, доғланган ёғда қизартириб олдилар. Кейин бошқа қозонга босиб, устига кўпгина серсув помидорни катта-катта бўлак қилиб териб чиқдилар. Қизил сабзи, саримсоқ пиёз, қизил лавлаги, жуда ҳам юпқа парракланган анчагина оқ пиёзни чиройли қилиб териб қўйдилар".

*  *  *

...бу тахлит "чиройли" ёзиш ўзбек адабиётига теккан касалки, синчилар тилида "китобийлик" деган номи ҳам бор. Буям китоб ўқиб китоб ёзишга ўхшаган нарса. Фақат айни ҳолатда "бадиий кашфиётлар" бошқа китобдан эмас, муаллифнинг ўз миясида ғужғон ўйнаган ўта романтик, ўта кўримли, лекин бирдай ёлғон манзаралардан олинади.

Аслида "китобийлик"нинг давоси осон. Ўша эски гап - битта дидли, ақлли муҳаррир бўлиб, муаллифга: "ёлғонингни йиғиштир, ошна", деб айтса кифоя.

*  *  *

Устознинг ғаройиб хислатидан бири шу эдики, у баъзи шоиру ёзувчиларга ўхшаб, етган амалидан, орттирган обрў-эътиборидан, шуҳратидан маст бўлиб, бамисоли ғулғултовуқдай (ўрисчаси - индюк) ҳурпайиб юрмасди. Кулги бўлишдан мутлақо чўчимасди, аксинча, мудом ўзини ўзи мазах қиларди.

*  *  *

Устозимизнинг об-ҳаво ўнгланадими, далада бошоқ тўқроқ униб, боғдаги дарахт мўлроқ мева берадими, озгина неклик бўлса бас, давр эгаларини бирров дуо қилиб қўядиган одати бор эди. Биз ёшлар саркашроқ эдик, лекин оқсоқолнинг ёшини ўйлаб эътироз қилишга ийманардик. Кейинроқ, анча синашта бўлиб қолгандан сўнг, домламиз салтанат сажжодасини ёзган пайтларда, Калвак Махзумнинг машҳур сўроқларидан бирини иқтибос келтиришни ўргандик: "Аз тахи дил чўқиндингму, ёки мазмуни замонасозлиғму?"

*  *  *

Саид Аҳмаднинг саёҳат чоғидаги бедорликлари ҳам чўпчакка айланиб кетган. Бир ўзи киприк қоқмай ўтиришдан зериккан пайтида ширин туш кўраётган шерикларидан бирини секин туртиб сўраркан: "Яхши ухлаяпсанми, болам?"

Оқсоқолнинг энг машҳур саволи Олтариққами, Яйпангами, ишқилиб, водийнинг гўзал гўшаларидан бирига меҳмон тушган чоғларида, узоқ суҳбатлардан ҳориб уйқуга кетган Эркин Воҳидовни туртиб сўрагани: "Анув…Клара Цеткин дегани… нечанчи йилда туғилган эди, Эркин?.."

*  *  *

Ит норози бўлиб вовиллайди. Ўзи кичкина бўлгани билан, овози баланд. Шу сабаб, Шукур Бурҳон уни инсофга чақиришга мажбур бўлади:

-Тихо,Шарик!

Шу жойида мен ўзимни кулгидан тутолмайман, секин гап қистираман:

-Итингиз ўзбекча билмайдими, Шукур ака?

-Қизиқмисан, Шарик бўлгандан кейин… у билан яна қайси тилда гаплашасан? Ана, ўзинг дубляж қиббер бўмаса!..

*  *  *

Ишчи-шоир Расулий домланинг ғазалларидан биргина байти эсимда қолганки, унда муаллиф шоир зотига хос бўлмаган камтарлик намоён этиб, сизу биздан орамизда яшаб юргани учун узр сўрайди:

Ўзимни кўрмагайдурсиз, Ватаннинг булбулидурмен,

Мани ёмон деманг, дўстлар, одамнинг бир туридурмен.

Умуман, ашъор деганлари - тузатиб бўлмайдиган дард. Унга подшо ҳам, қул ҳам баробар чалиниши мумкин. Шароф Рашидов шеър ёзган. Мелисаларнинг каттаси Ҳайдар Яҳёев - бир қўлда тўппонча, бир қўлда қалам, - роса шеър ёзган.

Бухоро вилояти ижроқўмига бир неча йил раислик қилган Нишон Бозоров деган киши ҳам гулу булбул ҳақида ашъор битар, лекин негадир шеърларига ўз исмини қўйишдан ийманар экан. Неъмат акадан маслаҳат сўрабдики, ўртоқ Аминўф, сиз адабиёт илмининг дўнгу нишабини яхшироқ биласиз, бо яна бизни мансаб нозик эканини ҳам биласиз, энди бизга битта тахаллус топиб берсангиз...

Ижроқўм раиси маслаҳатга амал қилган-қилмаганини билмайман, лекин Неъмат Аминов Нишон Бозоровга тавсия қилган "Б.Нишон" деган тахаллус халқ орасида "Бенишон" деган лақабга айланиб кетгани рост.

*  *  *

Шариф Нурхон ота-онадан эрта етим қолиб, қайсидир бойнинг эшигида қароллик қилиб юради. Бойдан кўп ситам кўради. Дарвешу девоналардан эшитган оҳангларини эслаб, кўрган жафоларидан недир оғзаки байтлар тизади. Амирликнинг охирги йилларида, Ўрусия тарафларда инқилоб бўлган эмиш, Ленин деган одам йўқсилларга эрк берган эмиш, деган узунқулоқ гапларни эшитиб, ҳовлиққанидан "Лелин, кел", деган радифда ғазал тўқийди...

Хўжайин қаролининг саркашлигидан хабар топиб, уни қамчилаб сўроққа тутади:

- "Лелин, кел", деб сан ёзиб эдингми, Шарифча?

-Ман ёзибидим, - дея тан олади бечора қарол.

-Лелин онангнинг эри эдими, Шарифча, начун сан бадбахт уни Бухорога чақирасан?

-Камбағалпарвар деб эшитиб эдим, бой ота, шунга ёзибидим...

Бой баттар дарғазаб бўлиб, қамчини нарига отиб юборади. Қаролни оёқлари остига олиб тепа бошлайди.

Неъмат ака ҳикояни Шариф Нурхоннинг овозида давом эттирарди:

-Тепопте, тепопте, тепопте... Оғзи-бурнимдан шаррос қон келди ҳамки, у киши мани тепопте... Хайриятки, худойим бир ўлимдан асради, бойни ёнига бир ақрабоси бор эди, мани ажратиб олди, айтдики, э, ако, энди Шарифча минбаъд бу номаъқулни емайду, қаранг, охи, писарнинг оғзидан Лелини келди-ку!..

*  *  *

Неъмат Аминов қочириқларига энг кўп нишон бўлган одам Саид Равшан эди. Рости, аксар чоқларда Саид аканинг ўзи бунга айбдор бўларди. У киши Неъмат акани қора тортиб, Бухородан Тошкентга кўчиб келди. Бошқа ҳамма жанрлар эгали эканини сездими, енгилроқ детектив қиссалар ёзишга ружу қўйди. Адашмасам, акамиз ёзган биринчи "дефектив" (Неъмат Аминов ибораси) қисса қаҳрамони газчи эди. Бугун аниқ ёдимда йўқ, агар тафсилотда адашмасам, саҳрода газ магистрали ётқизилаётганда бир тўда ёмон газчи ёлғизгина яхши газчини йўғон қувур ичига тиқиб, устидан кавшарлаб ташларди.

Албатта, осмонида зоғ ҳам учмайдиган овлоқ саҳро, ғанимларини осонгина ўлдириб, бирорта саксовул тагига кўмиб қўяверишса ҳам бўлаверарди. Лекин яхши газчи, яъники бош қаҳрамон Саид акага тириклай керак. Энди у муаллиф иродаси билан бўш қувур ичида уч-тўрт кун эмаклашга, минг хил умидсиз ўйларни ўйлашга, лекин бари бир ўлимга таслим бўлмасликка маҳкум...

*  *  *

Маълум бўладики, Зайнишевнинг хотинига йўлиққан жами инсу жинс Вафо атторнинг бўғоз эшагига ёпирилиб ўтиб, мода қорнидаги бегуноҳ хўтик майиб бўлиб туғилган экан.

Шу сабаб, Вафо аттор ҳар ой мунтазам Баширжон Зайнишевга учраб, ундан "курраи ногирон" учун алимент ундириб кетади.

Албатта, бу - шунчаки тўқима, турган-битгани маҳобат, уйдирма. Бунақаси ҳаётда бўлмайди, бўлиши ҳам мумкин эмас.

Раҳматли Ваҳоб Рўзиматов айтганидек, "биз ҳам, окаси, Дос Пассосни ўқиганмиз", турли уйдирма, абсурд, гротеск деганларидан озмунча хабаримиз бор, лекин майиб хўтик учун алимент ундириш, ўлай агар, Неъмат Аминовдан бошқа бирортамизнинг ҳам хаёлимизга келмаган бўларди...

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo