Диққат, кўрик-танлов!
Жорий йил февраль-апрель ойларида вилоятимизда ёшлар ўртасида Амир Темур меросини кенг ўрганишга бағишланган "Биз - Буюк Соҳибқирон издошларимиз!" кўрик-танлови ўтказилади.
"Куч - адолатдадир" шиори остида уч босқичда ва уч йўналишда ташкил этиладиган бу кўрик-танловда ўз ҳудуди тарихини чуқур ўрганиш, аждодлари меросини асраб-авайлаш, Соҳибқирон Амир Темурнинг давлат бошқаруви, ҳарбий салоҳияти, мустаҳкам давлатчилик асосларини жорий этиши, маданият ва санъат ҳомийси сифатида олиб борган эзгу ишлари, бунёдкорлик амаллари, оила бошқаришдаги удумлари ҳамда "Темур тузуклари"да берган ўгитларини чуқур билишга иштиёқи бўлган, ҳарбий-ватанпарварлик ғояларига садоқат билан улғаяётган умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари, профессионал таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшлар ва олий таълим ташкилотлари талабалари ғолиблик учун кураш олиб боришади.
"Биз - Буюк Соҳибқирон издошларимиз!" кўрик-танловини ўтказиш таклифи вилоят ҳокимининг шу йил 24 январдаги "Ёшлар ўртасида Амир Темурнинг бой маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ҳамда уларни она юртга садоқат ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича олиб борилаётган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида"ги қарори билан маъқулланган. Ушбу ҳужжатга асосан тасдиқланган низомга мувофиқ, кўрик-танловнинг асосий ташкилотчилари вилоят мактабгача ва мактаб таълими, олий таълим, фан ва инновациялар, ёшлар ишлари ҳамда спорт бошқармалари, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳисобланади.
Танловнинг асосий мақсадлари:
- ёшларда Амир Темур ва темурийлар даврига бўлган қизиқиш ва эътиборни янада ошириш;
- аждодлар мероси ва тарихни чуқур ўрганишни бурч ва мажбурият сифатида ҳис этилишига эришиш;
- ёшлар ўртасида ватанпарварлик ғояларини тарғиб этиш орқали уларнинг таълим олишлари ва ўз билим, истеъдодларини намоён этишлари учун қулай шарт-шароит яратиш;
- ҳарбий ватанпарварлик туйғуларини ёшлар қалбида мустаҳкам бўлишига эришиш, ўз аждодларидан фахрланиб, уларга муносиб бўлиб улғайиши учун замин яратишдан иборат.
Кўрик-танлов қуйидаги йўналишлар бўйича ўтказилади:
Биринчи йўналиш - "Амир Темур тарихи билимдони" (Амир Темур ва темурийлар даврига оид китоблар бўйича).
Иккинчи йўналиш - "Биз - алплар авлодларимиз" (миллий кураш, тош кўтариш, тош улоқтириш, камондан ўқ отиш турлари бўйича).
Учинчи йўналиш - "Ижодимда Амир Темур даври тасвири" (ранг-тасвир, графика, амалий санъат, хайкалтарошлик санъати бўйича).
Ушбу йўналишлар бўйича иштирокчиларни баҳолаш ва ғолибларни аниқлаш:
биринчи йўналиш бўйича - вилоят ахборот-кутубхона маркази томонидан Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими билан биргаликда;
иккинчи йўналиш бўйича - вилоят спорт бошқармаси томонидан Миллий гвардия вилоят бошқармаси (Азимов) билан биргаликда;
учинчи йўналиш бўйича - Бадиий Академия вилоят бўлими томонидан "Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бўлими билан биргаликда ишлаб чиқилган ва вилоят ташкилий комиссияси томонидан тасдиқланган мезонлар асосида амалга оширилади.
Кўрик-танлов уч босқичда ўтказилиб, биринчи босқич 1 мартгача маҳаллаларда туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан ташкил этилади. Унинг ғолиблари кейинги босқичга тавсия этилади.
Иккинчи - туман (шаҳар) босқичи 1 мартдан 1 апрелагача бўлиб ўтади, ғолиблари финал босқичида иштирок этиш учун тавсия этилади.
Учинчи - вилоят босқичи 15 апрелгача ўтказилади ва унда танлов ғолиблари аниқланади. Уларни апрель-май ойларида Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб ўтадиган тантанали тадбирда тақдирлаш режалаштирилган.
Танлов ғолиблари пул мукофотлари, улар таҳсил олаётган таълим муассасалари эса китоб тўпламлари, спорт ва меҳнат анжомлари билан тақдирланади.
"Амир Темур тарихи билимдони" йўналиши бўйича:
биринчи ўринни эгаллаган ғолибга 5 миллион сўм пул мукофоти ва ўқиётган таълим муассасаси кутубхонасига 500 та китоб тўплами;
иккинчи ўринни эгаллаган ғолибга 3 миллион сўм пул мукофоти ва ўқиётган таълим муассасаси кутубхонасига 300 та китоб тўплами;
учинчи ўринни эгаллаган ғолибга 2 миллион сўм пул мукофоти ва ўқиётган таълим муассасаси кутубхонасига 100 та китоб тўплами тақдим этилади.
"Биз - алплар авлодларимиз" йўналишида (миллий кураш, тош кўтариш, тош улоқтириш, камондан ўқ отиш турлари):
ҳар бир тур бўйича биринчи ўринни эгаллаган ғолибга 5 миллион сўм пул мукофоти ва ўқиётган таълим муассасасига 15 турдаги спорт анжомлари;
ҳар бир тур бўйича иккинчи ўринни эгаллаган ғолибга 3 миллион сўм пул мукофоти ва ўқиётган таълим муассасасига 10 турдаги спорт анжомлари;
ҳар бир тур бўйича учинчи ўринни эгаллаган ғолибга 2 миллион сўм пул мукофоти ва ўқиётган таълим муассасасига 5 турдаги спорт анжомлари тақдим этилади.
"Ижодимда Амир Темур даври тасвири" йўналишида (ранг-тасвир, графика, амалий санъат, ҳайкалтарошлик санъати):
ҳар бир йўналиш бўйича биринчи ўринни эгаллаган ғолибга 5 миллион сўм пул мукофоти ва ўқиётган таълим муассасасига 10 турдаги меҳнат анжомлари тақдим этилади;
ҳар бир йўналиш бўйича иккинчи ўринни эгаллаган ғолибга 3 миллион сўм пул мукофоти ва ўқиётган таълим муассасасига 8 турдаги меҳнат анжомлари тақдим этилади;
ҳар бир йўналиш бўйича учинчи ўринни эгаллаган ғолибга 2 миллион сўм пул мукофоти ва ўқиётган таълим муассасасига 5 турдаги меҳнат анжомлари тақдим этилади.
Вилоят ҳокимининг қарорида кўрсатиб ўтилганидек, "Биз - Буюк Соҳибқирон издошларимиз!" кўрик-танловида ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш учун маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ва таълим муассасалари раҳбарлари, кўрик-танловнинг маҳалла, туман (шаҳар) босқичлари юқори савияда ўтиши учун эса туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарлари шахсан масъулдирлар.