"Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси
Она диёримиз Ўзбекистон - жаннатмонанд ўлка, унинг бетакрор табиатини асраб-авайлаш ва келажак авлодларга бус-бутунлигича етказиш, қолаверса, юртимиз кўркига кўрк, чиройига чирой қўшиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.
Президентимиз ташаббуси билан бутун мамлакат миқёсида дарахтзорларни кўпайтиришга қаратилган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасининг ҳаётга татбиқ этилиши, ҳеч шубҳасиз, юртимиз гўзал табиатининг янада чирой очиши ва яшил ҳудудлар тобора кенгайиши учун мустаҳкам замин яратмоқда. Бу эзгу ташаббуснинг кўлами мазкур лойиҳа доирасида Ўзбекистон бўйлаб йилига камида 200 миллион, шу жумладан, Қашқадарёда 16 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режа қилинганидан ҳам яққол кўриниб турибди. Шунингдек, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларда яқин уч йил ичида кўплаб яшил боғлар ва яшил жамоат паркларини барпо қилиш, сув чиқариш қудуқлари ва суғориш тизимларини ташкил этиш ҳам назарда тутилган.
Элимизда "Яхши хабарнинг қаноти бор!" деган чиройли нақл мавжуд. "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасига старт берилиши, айтиш мумкинки, кўпмиллатли халқимизни яхши маънода жунбишга келтирди. Биргина мисол: давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мазкур лойиҳани амалга ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинган санадан кўп вақт ўтмай, 2021 йил 16 ноябрда Халқаро бағрикенглик кунига бағишланган акция доирасида воҳамиздаги барча миллий маданий марказлар ва бошқа бир қатор нодавлат нотижорат тишкилотлари вакиллари Қарши шаҳридаги Дўстлик уйи ҳовлисида биргаликда "Дўстлик дарахтлари"ни экишди. Ўзаро ҳурмат ва бирдамлик рамзи бўлган бу дарахтларнинг экилиши айни пайтда кенг жамоатчилик ва юртимизда яшовчи турли миллатлар вакилларининг "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасини амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини ҳам кўрсатди.
Марказимиз фаолларининг аксарияти истиқомат қилаётган Миришкор туманида умуммиллий лойиҳа доирасида жорий йилда 538 минг туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган бўлиб, айни кунгача бу режа деярли тўлиқ уддалаб бўлинди. Биргина Жейнов шаҳарчасида олтита маҳалла фуқаролар йиғини, бешта умумтаълим ва битта касб-ҳунар мактаблари ҳамда уюшмаган аҳоли иштирокида минглаб манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди. Қашқадарё Давлат ўрмон хўжалигига қарашли "Жейнов" ўрмон бўлими эса халқимизга 200 минг туп тайёр мевали ва манзарали дарахтлар кўчатлари етказиб берди. Шу ўринда мазкур бўлимнинг бошлиғи, марказимиз раёсати аъзоси, тажрибали деҳқон ва малакали ўрмон хўжалиги мутахассиси Муқумбой Оллобердиевнинг хизматларини алоҳида таъкидлаш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Шу кунларда Жейнов шаҳарчасида янги экилган ва тез-тез ёғаётган ёмғирлар сувидан тобора яшнаб бораётган минг-минглаб ниҳолларни кўрган киши, албатта, олам-олам завқ туяди. Бироқ давлатимиз раҳбарининг сўзларини унутмай, бу муҳим жараённинг бошқа бир жиҳатига ҳам эътибор қаратишимиз зарур: мақсад фақат сон изидан қувиб, кўчат экиш эмас, балки янги экилган кўчатларнинг ҳар бирини талафотсиз кўкартириб олиш, уларнинг ўсиб дарахт бўлгунича доимий назорат ва парвариш қилиш лозим. Шу боис ҳам бугунги кунда Жейнов шаҳарчасидаги маҳаллаларнинг барчасида кўча ва гузарларнинг ҳудудларига биркитилган ўз назоратчи ва парваришловчилари фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва ҳудуддаги таълим муассасаларида, аҳоли ва ёшлар билан учрашувлар жараёнида "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасининг асл моҳияти, халқимиз ҳаёти ва юртимиз табиати учун аҳамияти тушунтирилиб, ҳудудда экилган ҳар бир кўчатни кўз қорачиғидай асраш лозимлиги таъкидлаб келинади. Бу тарғибот ишларида марказимиз вакиллари фаол иштирок этиб, юртимиз келажагини ўйлаб ишлаб чиқилган муҳим ва кенг қамровли лойиҳанинг рўёбга чиқарилишига шу тарзда ҳам ҳисса қўшиб келишмоқда.
Ниёзмуҳаммад ПАНЖИЕВ,
Қашқадарё вилояти араб миллий маданий маркази раҳбари, "Шуҳрат" медали соҳиби