Маълумки, БМТ Бош ассамблеясининг 1987 йил 7 декабрда қабул қилинган резолюциясига кўра, 26 июнь – Халқаро наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни сифатида белгиланган. Ушбу сана муносабати билан дунёнинг турли давлатларида ҳар хил тадбирлар, акциялар ташкил этилади. Анъанавий тарзда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (ЮНОДК) томонидан гиёҳвандлик моддаларига оид бутунжаҳон маърузаси эълон қилинади.
Мамлакатимизда ҳам ушбу иллатга қарши кураш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунинг учун зарур ҳуқуқий-меъёрий, ташкилий асос яратилган. Ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, гиёҳвандлик иллатига қарши курашда муросасиз бўлишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, бу ишлар “Гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги” давомида янада кучаяди. Турли акциялар, мусобақалар, викториналар, шоу дастурлар ва кўргазмалар тариқасида ташкил этиладиган тадбирларда гиёҳвандликнинг оқибатлари борасида кенг тушунтиришлар олиб борилади.
Вилоят ҳокимлиги томонидан қатор мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида халқаро наркотик моддаларни суиистеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни муносабати билан ўтказилган тадбирни Қарши олимпия захиралари коллежидан Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи марказидаги амфитеатр рўпарасига қадар масофада ташкил этилган марафон бошлаб берди. Унда вилоятимиздаги таълим муассасаларида таҳсил олувчи 530 нафарга яқин ёшлар иштирок этди.
Дастлаб бу масофага югуриш бўйича 2001-2002 йилларда туғилган мактаб ўқувчилари баҳсга киришди. Унда Қарши шаҳридаги 10-сонли мактаб ўқувчиси Жонибек Эралов ўз тезкорлиги ва иродасини намойиш этиб, барча рақибларини ортда қолдирди. Худди шу ёшдаги қиз болалар баҳсида эса 40-мактаб ўқувчиси Маҳлиё Жуманазаровага тенг келадигани топилмади.
Касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасидаги югуриш баҳсларида маррага Қарши олимпия захиралари коллежи ўқувчиси Олмос Қодиров биринчи бўлиб етиб келди. Шу ёшдаги қизлар ўртасида ҳам биринчилик шу коллеж ўқувчиси Жайрона Абдуваитовага насиб этди.
Олий ўқув юртлари талабалари ўртасидаги баҳс ҳам қизғин тус олди. Унда йигитлар ўртасида Қарши давлат университети талабаси Бахтиёр Қудратов дастлабки ўринни эгаллади. Талаба қизлар баҳсида ҳам мутлақ етакчилик шу олий таълим муассасаси вакилига насиб этди. Дилафрўз Дўстмуродова - ғолиб.
- Бу марафон ёрқин таассуротларга бой бўлди, - дейди Қарши олимпия захиралари коллежи ўқувчиси Жайрона Абдуваитова. - Марафонда биринчи ўринни эгаллаш билан биргаликда, унда иштирок этиб тенгдошларим ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга ҳисса қўшганимдан бахтиёрман.
Дарҳақиқат, соғлом фикрли, спортга иштиёқи баланд ёшлар салбий иллатларга берилмайди. Сўнгги йилларда бу каби марафонларнинг, оммавий спорт тадбирларининг кўплаб ташкил этилаётгани ёшларимизнинг соғлом турмуш тарзига бўлган интилишини янада оширмоқда.
Тадбир доирасида ташкил этилган расмлар кўргазмаси ҳам йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Унда Қарши санъат коллежи рассомчилик йўналиши ўқувчилари гиёҳвандликнинг аянчли оқибатлари акс этган тасвирларни шу ернинг ўзида қоғозга муҳрлагани билан олқишларга сазовор бўлишди.
- Мен бу суратда шунчаки қизиқиш туфайли гиёҳванд моддалар таъсирига тушишнинг оқибати қандай якун топишини ифодалашга ҳаракат қилдим, - дейди ёш рассом Фереде Султонова. – Аввалига оз-оздан, кейин эса кўп миқдордаги гиёҳвандлик моддаларини қабул қилган киши шу зайлда уларга қаттиқ ружу қўйганини билмайди ҳам. Охир-оқибат у жамиятдан ажралиб, ёрдамга муҳтож бўлиб қолади. Аммо унгача соғлиғи, қадр-қимматини йўқотади.
Марафонда совринли ўринларни эгаллаган ёшлар, расмлар кўргазмаси иштирокчилари, тадбир ташкилотчилари ҳамда гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги давомидаги тарғибот тадбирларида фаол қатнашган корхона ва ташкилотлар раҳбарлари вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Вилоятимиз санъаткорлари томонидан тақдим этилган концерт дастури тадбирга янада ўзгача файз бағишлади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ