Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЎКТАМ

21.08.2020


БИЗ “МАДАНИЯТ” ДЕБ БИЛГАН НАРСАЛАР АЛЛАҚАЧОН КЎЛАНКАГА АЙЛАНИБ ҚОЛМАДИМИ?

Сараланган сатрлар

1946 йил адабиёт соҳасида халқаро Нобель мукофотига муносиб кўрилган немис адабиётининг йирик вакили Герман Гессе асарлари орасида "Чўл бўриси" романи алоҳида ўрин тутади. Ўтган аср 20-йиллари воқелиги эллик ёшлардаги Ҳарри Ҳаллер номидан ҳикоя қилинган психологик асарда ўз-ўзини таҳлил қилиш ва маънавий-руҳий зиддиятларни енгиш йўлидаги хатти-ҳаракатларни кўрамиз.

Хўш, Чўл бўриси ким ўзи? У "Ҳаёт харобаларида дудмал маъно излаган, бир қарашда бемаъни, тутуруқсиз, телбаларча ҳаёт кечирган, сўнгги хато ва чалкашлик, алғов-далғовлар ичра ҳам яна яширинча худодан ваҳий кутган, унинг яқинлигига умид боғлаган" кишидир.

"Бу дунёнинг мурод-мақсадига тушунолмасам, қувончларига шерик бўлолмасам, мен Чўл бўриси бўлмай, мен ночор зоҳид бўлмай, яна ким бўлсин ахир?!" дейди қаҳрамон.

Яна унинг "Агар ҳақиқатан ҳам бу дунё ҳақ бўлса, қаҳвахоналардаги бу мусиқа, бу оммавий кайф-сафолар, бу амриқоликлар, озгина нарсага қаноатланадиган мамнун одамлар ҳақ бўлса, унда мен ноҳақ эканман, унда мен жинни эканман, унда мен ўзимни ўзим атагандек ҳақиқатан ҳам Чўл бўриси - ўзи учун ёт, бегона ва тушунарсиз оламга кириб қолган, адашган, ўзининг ватанини, муҳитини ва емишини топа олмаётган йиртқич эканман", деган фикрлари эътиборга молик.

Ўйлаймизки, асар мутолааси сизни жаҳон адабиётининг ҳақиқий дурдонаси билан ошно этади.

* * *

...унда чин маънавиятли инсонлардагина учрайдиган кенг фикрлилик, билим, мақсадга мувофиқлик сингари фазилатлар бошқаларга қараганда кўпроқ мужассам эди. Бундай тоифадаги кишиларга шуҳратпарастлик бегона, улар кўзга ташланиш, ўзларини бозорга солишу, бировга гапини маъқуллатиш фикридан йироқ юришади.

* * *

Мен, Ҳаллер, Ницшенинг айрим фикрлари билан айтганда, ўзида ҳадсиз-ҳудудсиз, даҳшатли азоб-уқубатга қодирликни шакллантирган чинакам изтироб даҳоси эканлигини англаб етдим. Айни пайтда ундаги умидсизликнинг асоси, негизи дунёдан нафратланиш эмас, балки ўз-ўзидан нафратланиш эканлигини ҳам англадимки, алалхусус, у муассасалар ва шахслар ҳақида аямасдан, очиқ-ойдин, ҳаттоки уларнинг гўрига ғишт қалаб гапирган пайтида ҳам зинҳор-базинҳор ўзини истисно қилмас, биринчи ўқларни у доимо ўзига қаратар, энг аввало, ўзини ўзи нафратлар ва инкор этарди.

* * *

...унинг бутун ҳаёти, ўз-ўзингни севмай туриб, яқин кишингни ҳам сева олмаслигингга далил, қолаверса, ўз-ўзига нафрат ҳам пировард натижада худди ўтакетган худбинлик янглиғ даҳшатли якка-ёлғизлик ва тушкунлик-умидсизликни келтириб чиқаришига яққол мисол бўлиб хизмат қилади.

* * *

"Азобланишдан фахрланиш лозим - ҳар бир азоб-уқубат бизга унвонимиз юксаклигини эслатади". Ажойиб! Ницшедан саксон йил олдин айтилган!

* * *

"Кўпчилик инсонлар ўргангунларига қадар ҳам тезроқ суза қолишни истамайдилар". Кулгили-а? Албатта, сузишни хоҳлашмайди-да! Улар ахир сувда эмас, ерда яшаш учун туғилган-ку. Ва албатта ўйлашни ҳам исташмайди; улар яшаш учун яратилган, ўйлаш учун эмас! Ҳа, агар кимки нуқул ўйлайверса, тафаккурни моҳият деб билса, у албатта кўп нарсага эриша олади, бироқ шу билан бирга, ер билан сувни алиштириб юбориб, чўкиб кетиши ҳам ҳеч гапмас.

* * *

Ҳаллернинг руҳий хасталиги - буни мен бугун аниқ биламан - танҳо бир шахсгагина хос бўлган эмас, балки муайян бир даврнинг, замоннинг дардидир. У ўша, Ҳаллер мансуб бўлган авлоднинг асаб хасталигидирким, унга ҳеч қачон нимжон, кучсиз ва норасо шахслар эмас, балки кучлилар, энг ақлли, қобилиятлиларгина чалинган кўринади.

* * *

Одамзоднинг ҳаёти икки замон, икки давр, икки маданият ва динлар бир-бири билан тўғри келиб қолгандагина ҳақиқий азобга, дўзахга айланади. Антик давр одами, агар ўрта асрда яшашига тўғри келганда борми, бизнинг тамаддунимизга тушиб қолган ёввойи қандай бўғилса, у ҳам шундай аянчли тарзда бўғилган бўларди. Шундай замонлар бўладики, бутун бир авлод икки давр, икки ҳаёт услуби орасига тушиб қолади, натижада унинг ҳар қандай табиийлиги, ҳар бир урф-одати, хотиржамлиги ва бегуноҳлиги изсиз йўқолади.

* * *

Ёлғизлик - мустақилликдир, буни мен узоқ йиллар истаган ва ниҳоят унга эришган эдим. У совуқ эди, ҳа, шу билан бирга лекин сокин ҳам эди, ажойиб даражада сокин ва юлдузлар айланадиган совуқ жимжит коинот сингари улкан, бепоён эди.

* * *

Биз, қадимги Европанинг, ҳақиқий кўҳна мусиқанинг, ҳақиқий азалги шеъриятнинг билимдон заршунос ва мухлислари, эртага унутилиб кетадиган ва кулги бўладиган, тушуниб бўлмайдиган бир ҳовучгина аҳмоқ ва асабий одамлар бўлиб келмадикми? Биз "маданият" деб, биз руҳ деб, биз қалб, кўнгил деб, биз гўзал деб, биз муқаддас деб атаган нарсалар аслида аллақачон ўлган ва биз, бир ҳовучгина аҳмоқлар ҳали ҳам ҳақиқий ва барҳаёт санаб юрган шарпа, кўланкагина эмасмиди? Балки у нарсалар умуман, ҳеч қачон ҳақиқий ва жонли бўлмагандир? Биз эришиш учун астойдил тиришиб ҳаракат қилган нарса балки ҳамиша кўланка, қуруқ хаёлотгина бўлиб келгандир?..

* * *

Не-не замонлардан буён қанчадан-қанча одамлар ўтган, баъзи бирлари кўпроқ итга ё тулкига, балиққа ёки илонга ўхшаш бўлишган. Бу хусусиятлар уларнинг ўзларига заррача қийинчилик туғдирмаган. Бундай одамлар вужудида бир пайтнинг ўзида ҳам инсон, ҳам тулки, инсон ва балиқ ёнма-ён яшаган, ва улар бир-бирларига озор етказишмаган, аксинча, ҳаттоки, бир-бирларига ёрдам қўлини чўзишган. Иши юришган, муваффақият қозонган, кўпчилик ҳавас қиладиган баъзи бир одамда, буни қарангки, ўша бахт-саодатга эришган инсоннинг ўзига қараганда тулки ёки маймун кўпроқ бўлар экан.

* * *

Кимдаки яшаш жўшқинлиги аввал бошданоқ заиф, кучсиз бўлса, унинг ҳаётини дунёдаги ҳеч қандай тиббиёт ҳам сақлаб қололмайди.

* * *

Дунёда гўё у дунё эмасдек яшаш, қонун билан ҳисоблашган ҳолда ундан юқори туриш, эгалик қилмаётгандек тасарруф этиш, гўё инкор қилмагандек воз кечиш - юксак ҳаёт донишмандлигининг мана шу барчага севимли бўлиб қолган ва кўпинча аниқ ифода этилган талабларини амалга оширишга ёлғиз Юморгина қодирдир.

* * *

Ҳаёт ҳақида сенинг ўз тасаввуринг, эътиқодинг, талабинг бор эди, сен улуғ ишлар, изтироблар ва ҳатто қурбонлар беришга тайёр эдинг - сўнг эса аста-секин дунё сендан ҳеч қандай улуғ ишлар, қурбонлар ва шунга ўхшаш нарсалар талаб қилмаётганини, ҳаёт қаҳрамонлар ва шу кабилар мадҳ этилган шеърият эмаслигини, балки ейиш-ичиш, қаҳва ва пайпоқ, қарта ўйини ҳамда радиомусиқа билан бутунлай мамнун бўлиб яшаса бўладиган мешчанлар меҳмонхонаси эканлигини сезиб қолдинг.

* * *

Кимки динғир-динғир ўрнига асл мусиқани, кайф-сафо ўрнига қувончни, пул ўрнига қалб-кўнгилни, шовқин-сурон ўрнига ҳақиқий меҳнатни, юзаки ҳавас, эрмак ўрнига чин иштиёқни талаб қиладиган бўлса, унинг учун бу дилбар дунё ватан бўлолмайди.

* * *

...бизга ўхшаган одамлар, ўлчами тўғри келмайдиган инсонлар, наҳотки энди бу заминда яшай олмасак? Нима учун шундай? Сабаби нимада? Бу бизнинг замонамизга келиб шундай бўлиб қолдими? Ёки ҳамиша шундай бўлиб келганми?

- Билмадим. Бизнинг замонамизда шундай бўлган бўлса керак, бу бир  хасталик, ҳозирги куннинг бахтсизлиги бўлса керак. Фюрерлар зўр бериб урушга тайёрланишмоқда, биз бўлсак, фокстротга тушиб, пул топиб, шоколад еб юрибмиз. Бошқа замонлар бундан кўра яхшироқ бўлган, ва янада яхшироқ, бойроқ, теранроқ бўлади, деб умид қиламиз.

* * *

Менимча, ҳаёт, эҳтимол ҳамиша шундай бўлиб келган, улар "жаҳон тарихи" деб атайдиган, мактабларда ўқитиладиган фан ҳам турли-туман қаҳрамонлар, даҳолар, улуғ ишлар ва ҳис-туйғулар билан тўлиб-тошган - қуруқ ёдлашдан иборат бўлган, болаларни йиллар давомида андармон ва банд қилиб туриш учун мактаб муаллимлари томонидан ўйлаб топилган бу дарслар ҳам аслида фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Доим шундай бўлиб келган ва доимо шундай бўлиб қолади, яъни замон ва дунё, пул ва ҳокимият майда ҳамда саёз одамларникидир, бошқаларга - ҳақиқий инсонларга эса, ўлимдан бошқа ҳеч нарса йўқ.

* * *

...биз, талабчан, ўткир дидли, қайғу-ҳасрат, изтироб чекадиган, кенг кўламли инсонлар, агар бу дунёнинг ҳавосидан ташқари яна бир бошқа ҳаво бўлмаганида, агар Вақтдан ташқари яна Абадият, яъни Чин Дунё бўлмаганида, умуман яшай олмас эдик.

* * *

- Менга бир нарса ҳамиша тушунарсиз бўлиб келган, ҳануз ақлим етмайди, одам қандай қилиб прокурор бўлади? Сиз бошқаларни, кўпинча бечора одамларни айблаб, уларни жазога маҳкум этиб, шунинг орқасидан яшаб, тирикчилик қилиб келасиз. Шундай эмасми?

- Шундай. Мен бурчимни бажарганман. Бу менинг вазифам эди. Мен маҳкум этган одамларни қатл қиладиган жаллоднинг вазифаси қандай бўлса, худди шундай.

* * *

Агар инсоният ақл-идрок билан битмайдиган ишларга ортиқча бош қотираверса, бу яхши бўлмайди. У ҳолда америкаликлар ёки большевикларникига ўхшаган омоллар юзага кела бошлайди, уларнинг иккалови ҳам фавқулодда фаросатли бўлишларига қарамасдан ҳаётни шу қадар жўн соддалаштириб юборишадики, оқибатда уни даҳшатли тарзда бузиб кўрсатадилар ва ундан маҳрум қиладилар. Бир замонлар юксак идеал бўлган инсон сурати энди сийқаси чиққан бир қолипга айланиб бормоқда. Биз, жиннилар бўлсак, унга ҳануз топиниб, ҳайбаракалла қилиб ётибмиз.

Б.ЎКТАМ тайёрлади.

Report typo