Ташкилот томонидан ўтказилаётган қатор лойиҳалар ёшларнинг билим салоҳиятини ошириш, қизиқиш ва интилишларини юзага чиқаришга қаратилгани билан аҳамиятли. Жумладан, 2014 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган ва мен аъзо бўлиб, ўзим учун, келажакда жамиятда муносиб ўрин эгаллашим учун зарур бўлган кўникмаларни ўзлаштиришимда кўмакчи бўлган “Мунозара” тўгараги шундай лойиҳалардан биридир. Республикамизнинг барча вилоят ва туманларида фаолият олиб бораётган мазкур тўгаракнинг асосий мақсади ёшларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, уларнинг муаммоларга мустақил ёндаша олиш, фикрларини асослаш ва аниқ баён қилиш малакаларини ўстириш ҳамда тўғри йўналтиришларида ёрдам беришдан иборат. Шунингдек, етакчилик, ташаббускорлик, ташкилотчилик, нотиқлик каби сифатларни шакллантиришда тўгарак фаолияти муҳим роль ўйнайди. Шундан келиб чиқиб, “Мунозара” тўгараклари иши “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши ҳамда унинг туман бўлимлари, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий таълим муассасалари қошида йўлга қўйилган.
Айни пайтда ҳаракатнинг вилоят кенгаши қошидаги “Мунозара” тўгарагида тренер сифатида фаолият кўрсатаяпман. Шуниси қувонарлики, клубимиз ўз атрофида 100 нафардан ортиқ ёшни бирлаштирган. Ҳафтада икки бор ўқув курслари, семинар-тренинглар ташкил қилиб машғулотлар ўтказаяпмиз. Ҳар икки-уч ойда вилоят миқёсида “Мунозара” мусобақалари ташкил этилиб, ёшлар орасидан энг яхши нотиқлар саралаб олинмоқда. Республика миқёсида ўтказилган “Мунозара” баҳсларида ҳам вилоятимиз ёшлари муносиб иштирок этиб келмоқда. Жумладан, ўзим ҳам шундай ютуқ эгаси бўлдим: ўтган йилнинг 15-18 август кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилган “Мунозара” II республика турнирида иштирок этиб, “Энг яхши биринчи спикер” номинацияси ғолиби бўлдим. 2015 йилда клубимиз координатори Гавҳар Исломова ҳам шу турнирда ғолиб бўлганди.
“Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши фаол ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Гулшан Каримова биз билан мулоқот жараёнида доимо бир гапни таъкидлайди: “Сизнинг ютуғингиз эртага кўплаб тенгдошларингиз, ука-сингилларингиз учун намуна бўлади, уларни руҳлантиради”. Клуб фаоллари буни яхши англаган ҳолда ўз устимизда мудом ишлашга одатланаяпмиз. Ҳаракатнинг марказий кенгаши томонидан ўтказилаётган турли семинар-тренинглар, ўқув машғулотлар эса бизга йўл кўрсатаяпти. 2016 йилнинг 9-16 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида “Мунозара” лойиҳаси координатор ва тренерларининг ўқуви бўлиб ўтди. Унда вилоятимиздан 8 нафар йигит-қиз иштирок этиб қайтдик. Ўқувда билим ва кўникмаларимизни мустаҳкамладик.
Бундан ташқари, “Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши қошида тажриба сифатида олиб борилаётган “Фаол ёшлар мактаби” ҳам ёшларнинг сиёсий маданиятини ошириш, ҳуқуқий онгини юксалтириш ва миллий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда тарихий хотира, миллий ғурур, ўзликни англаш, рўй бераётган воқеаларга дахлдорлик, миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириб, интеллектуал салоҳиятларини ривожлантиришга ёрдам бераяпти. “Фаол ёшлар мактаби” 8 та: “Ёш ижодкорлар”, “Ёш ҳуқуқшунослар”, “Ёш олимлар”, “Ёш журналистлар”, “АКТ мутахассислиги”, “Ёш психологлар”, “Ёш маънавиятчилар”, “Ёш тадбиркорлар” йўналишлари бўйича фаолият олиб бораяпти. Ҳозирги вақтда мактаб аъзоларининг сони 50 нафардан ортиқни ташкил қилади. Бугунги кунгача “Фаол ёшлар мактаби” аъзолари томонидан “Заковат” интеллектуал ўйини, “Зукко китобхон”, “Истеъдод” каби лойиҳаларнинг амалга ошириб келинаётгани уларнинг билим ҳамда тажрибалари ортиб боришига имкон яратмоқда. Шу билан бирга, ҳар ойлик ўқув сўнгида ўтилган машғулотлар асосида тузилган тест саволлари ёшларнинг билим даражаларини аниқлаш мезони бўлмоқда.
Давлатимиз томонидан биз учун яратиб берилаётган ҳар бир шароит ва имкониятдан оқилона фойдаланиш, келажакда шу юрт, шу Ватан тараққиёти учун ҳисса қўшиш – ҳар биримизнинг шиоримиз бўлмоғи лозим. Шу маънода, юқоридаги лойиҳалар ёшларнинг ҳар томонлама баркамол, халқ ва Ватан тақдирига дахлдорлигини чуқур англайдиган муносиб фарзандлар бўлиб етишишларида муҳим ўрин тутиши шубҳасиз.
Достон ҲАМИДОВ,
“Камолот” ЁИҲ вилоят кенгаши фаоли