Ўзбекистон 1992 йилда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилган. Бу муҳим қадам юртимизда бола ҳуқуқларига оид давлат сиёсатининг шаклланиши ҳамда изчил ривожлантирилиши учун мустаҳкам замин яратди. Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, таъбир жоиз бўлса, дунё болаларининг ўзига хос Конституциясидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йил 22 апрелда қабул қилинган "Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарор ва 1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида, яъни 29 майда қабул қилинган "Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида"ги қарор ана шу долзарб вазифалар ижросига қаратилгани билан ғоят аҳамиятлидир. Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида ишлаб чиқилган ва тасдиқланган мазкур тарихий қарорлар соҳадаги ислоҳотларни сифат жиҳатидан мутлақо янги даражага кўтарди.
Бу ҳақда фикр юритганда, авваламбор, юртимизда ўтган даврда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва кафолатлашнинг ҳуқуқий асослари яратилганини таъкидлаш лозим. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида белгиланганидек, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларини рағбатлантиради.
Бугунги кунда "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида", "Таълим тўғрисида", "Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида", "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги қонунлар амал қилмоқда. 2017 йилда эса "Болаларни уларнинг соғлигига зарар етказадиган ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонун қабул қилинди.
Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш жараёнида таълимнинг барча бўғини, тиббиёт соҳаси давр руҳига монанд такомиллаштирилмоқда. Бунда оилалар манфаатларини таъминлаш, навқирон авлодни миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш юзасидан кенг қамровли лойиҳалар амалга оширилаётир.
Шу билан бирга, болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг баркамол авлод бўлиб вояга етишини таъминлаш борасидаги фаолиятнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш зарурати тобора ортиб бормоқда. Янги қарорлар бу тизимдаги ислоҳотларга шиддат ва шижоат бағишлайди.
Давлатимиз раҳбарининг "Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорида таъкидланганидек, мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, маънавий-ахлоқий, жисмонан етук, ватанпарвар, миллий анъана ва қадриятларимизга садоқатли ёшларни вояга етказиш, уларни амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг фаол ва жонкуяр иштирокчисига айлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларининг ушбу жараёндаги иштироки, шунингдек, жисмонан ва руҳан соғлом шахсни тарбиялаш, болаларда меҳнатсеварлик ва комилликка интилиш туйғуларини шакллантиришдаги фаолиятини янада такомиллаштириш талаб этилаётганди. Вояга етмаганларни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштиришда уларнинг ижтимоий ҳолати, шахсий хислатлари, содир этган қилмишининг хавфлилик даражасини тўлиқ ва тўғри баҳолаш долзарб бўлиб турганди.
Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидаги бугунги ҳолат ўқув жараёнини давлат таълим стандартлари асосида сифатли ташкил этиш, ўқитувчи, тарбиячи, психолог ва бошқа ходимларнинг тарбияланувчиларга таълим бериш, уларга касб-ҳунар ўргатиш борасидаги кўникма ва малакаларини оширишни тақозо этди.
Шу нуқтаи назардан, Президентимизнинг ушбу қарори вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, алоҳида шароитларда тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож бўлган ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадига қаратилгани билан ниҳоятда муҳимдир.
Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигининг Бахт шаҳридаги ўғил болалар махсус коллежи, Қўқон шаҳридаги махсус енгил саноат коллежи, Самарқанд шаҳридаги 64-сонли ўғил болалар мактаб-интернати ва Чиноз туманидаги 5-сонли қиз болалар мактаб-интернати негизида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси ҳамда Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасасини ташкил этиш таклифи маъқулланди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Президентининг "Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорининг халқаро даражадаги тарихий аҳамияти ҳақида сўз борганда, ушбу ҳужжат Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга ҳар томонлама мутаносиб эканини эътироф этиш даркор. Ўзбекистон БМТнинг мазкур конвенцияси талабларига қатъий риоя этиб келмоқда.
Қарорда бу борадаги ишларни янада юксак босқичга кўтариш бўйича янги ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 30 йиллигини кенг нишонлаш бўйича чора-тадбирлар дастури қабул қилинади. Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга қулай шарт-шароит яратишга оид миллий ҳаракатлар дастури тасдиқланади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексини БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига доир Факультатив протоколга (2000 йил 25 май, Нью-Йорк) мувофиқлаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгилаб берилди.
Президент қарорининг долзарблиги ва муҳимлиги нимада?
1. Ўзбекистонда 18 ёшга тўлмаган 12 миллион 200 минг нафардан ортиқ бола бор. Аммо, болаларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ихтисослаштирилган институт мавжуд эмасди. Шу маънода, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари - Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимининг жорий этилиши маъқуллангани ниҳоятда муҳимдир.
2. Юртимизда боланинг манфаатларига алоқадор масала ҳал этилаётганда, афсуски, унинг ўз фикри тингланишини таъминловчи механизмлар ҳалигача шакллантирилмаган. Эндиликда шу долзарб муаммо ҳам амалий ечимини топди: тегишли вазирлик ва ташкилотларга уч ой муддатда боланинг оқилона ва мустақил фикрлаш қобилиятини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси юклатилди.
3. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда, шунингдек, ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида бола ўз фикрини ифода қилишга ҳақлидир. Бунда қарор қабул қилишга ваколатли органлар ва шахслар боланинг манфаатига тааллуқли масалани ҳал қилишда оқилона ва мустақил фикрлаш қобилиятига эга боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, жиддий омил сифатида кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларини назарда тутувчи қарорни қабул қилиши шарт.
Президент қарорида бола ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган бир қатор муҳим қоидалар белгиланди. Бунда БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг тавсиялари, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талаблари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида мустаҳкамланган тегишли нормаларга таянилди. Ушбу қарор билан бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган янгиликлар қуйидагилардан иборат.
Биринчидан, ота-она қарамоғисиз қолган болаларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни улар Меҳрибонлик уйларига жойлаштирилган, васийлик ёки ҳомийлик органининг розилигига кўра васийликка ёки ҳомийликка олувчи билан бирга яшаётган бутун вақт мобайнида, ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар бронлаштириш ҳуқуқи берилмоқда.
Халқаро экспертлар фикрича, интернат шаклидаги муассасалардаги болалар сонини қисқартириш жуда муҳим. Бунга эришиш учун эса ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд оилаларга ёрдам бериш лозим.
Маълумотларга қараганда, Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларидаги ҳар 100 минг боланинг 666 нафари, Ўзбекистонда эса 200 нафардан кўпроғи интернат шаклидаги муассасаларда тарбияланмоқда. Ўзбекистондаги бундай кўрсаткич минтақадагидан паст бўлса-да, ушбу муаммолар эътибордан четда қолиши мумкин эмас.
Бу фикрларнинг далили сифатида бир мисол келтирамиз. Яъни, 2011-2017 йилларда Меҳрибонлик уйларида таълим-тарбия олиб чиққан ва уй-жойга муҳтож 1 минг 406 нафар битирувчи - навқирон фуқароларимизнинг 55 фоизи (773 нафари) уй-жойли бўлган, аммо қолган 45 фоизи (633 нафари) яшаш жойи билан таъминланмаган.
Шу боис Президентимизнинг қарорида Меҳрибонлик уйларида тарбия кўраётган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ғамхўрлик кўрсатишга доир янги амалий чоралар белгиланган. Жумладан, келгуси ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан Меҳрибонлик уйи ва болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар учун қўшимча равишда бир фоиз давлат гранти асосидаги қабул квоталарини ажратиш тартиби жорий этилади.
Янада эътиборлиси - "Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисида"ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Иккинчидан, боланинг рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъи назар, уларга барча ижтимоий хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилади. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда болаларнинг таълим олиш, соғлиқни сақлаш тизими хизматидан фойдаланиш, умуман, ижтимоий таъминот ва ижтимоий ҳимоядан манфаатларини изчил оширади.
Учинчидан, болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланадиган бўлди. Бундан буён бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди. Аҳамиятли томони шундаки, илгари болаларнинг васийлик ва ҳомийлик органларигагина мурожаат қилиш билан чегараланган ҳуқуқи бошқа органларга мурожаат қилиш ҳуқуқи билан кенгайтирилди.
Тўртинчидан, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга мурожаат қилмаган ҳолларда, 14 ёшга тўлган бола ўзининг таъминоти учун ота ёки онадан ёхуд ота-онаси билан бирга яшамаётган бўлса, бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли экани қарорда қатъий қайд этилган.
Бу адолатли талаб мисолида айни йўналишдаги ислоҳотлар нечоғлик шахдам эканини кўриш мумкин. Нега деганда, кейинги даврда Оила кодексига бола балоғат ёшига етишига қадар бўлган даврда алиментларни, шу жумладан кўчмас ёки кўчар мулк ёхуд ва бошқа қимматбаҳо буюм тақдим этиш йўли билан ҳам барвақт тўлаш имконияти тўғрисида норма киритилган. Бунда вояга етмаган боланинг ҳуқуқлари бузилмайди. Ҳозир ҳар бир болага тўланиши керак бўлган алимент миқдори ўрнатилган энг кам иш ҳақининг 75 фоизидан оз бўлмаган миқдорда белгиланган.
Бешинчидан, эндиликда болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилишда даъвогар давлат божи ва тўловлардан озод қилинади. Болалар манфаатлари йўлидаги бу имтиёз ҳам халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга тўла мутаносибдир.
БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси 3-моддасида болани ижтимоий қўллаб-қувватлаш, суд, маъмурий бошқарув ва қонунчилик органлари томонидан қарорлар қабул қилишда боланинг энг устун манфаатлари кўзланиши тавсия қилинган. ЮНИСЕФ тавсиясига кўра, бола манфаатларида судларга киритилган даъволар бож ва бошқа тўловлардан озод қилиниши мақбул ҳисобланади.
Олтинчидан, шу йил сентябрь ойидан эътиборан мамлакатимизда эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши 18 ёшни ташкил этади. Бу қоида БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг тавсияси бўйича жорий этилди. Илгари, Оила кодекси 15-моддасига кўра, никоҳ ёши эркаклар учун ўн саккиз ёш, аёллар учун ўн етти ёш этиб белгиланганди. Бу борадаги хорижий тажрибага назар солинса, Россия, Қозоғистон, Тожикистон каби дунёнинг 154 та мамлакатида никоҳ ёши 18 ёш эканини кўриш мумкин.
Еттинчидан, ҳозирги вақтгача қонунчилигимизда чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган бола маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир қилса, унинг ота-онаси Ўзбекистонда қонуний асосга кўра яшаб турган бўлса-да, ҳуқуқбузар болани мамлакатдан чиқариб юборишга доир норма мавжуд эди. Қарорда ушбу нормани бекор қилиш йўлида муҳим қадамлар қўйилди.
Бинобарин, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 8-моддасига биноан, иштирокчи давлат бола ўз ота-онасидан боланинг хоҳиш-иродасига зид тарзда айрилишига йўл қўймайди. Боланинг энг устун манфаатлари шундай айрилишни талаб қиладиган ҳоллар бундан мустасно.
Қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда, амалдаги бир қанча қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилади. Оила, Уй-жой, Жиноят кодекслари, "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида", "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида", "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида", "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида"ги қонунлар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 21 ноябрдаги 408-сонли қарори шулар жумласидандир.
Ўзбекистонда ювенал адлия тизимини жорий этиш ишлари ҳам бошлаб юборилди. Бу жараёнда қонун ҳужжатларидаги "вояга етмаган" ва "бола" каби тушунчаларни бирхиллаштириш масаласи муҳим аҳамиятга эга. Чунки бундан кўзланган мақсад 18 ёшга тўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий муносабатлар субъекти сифатида қатнашиши учун қулай шароит яратишдан иборат.
Бундан буён оналик ва болаликка оид статистик маълумотлар "stat.uz" веб-сайтига жойлаштирилади ва доимий равишда янгилаб борилади. ФҲДЁ органлари билан туғилиш ва ўлим тўғрисидаги электрон маълумотлар алмашиш бўйича тизимнинг тўлиқ ишлашини таъминлашга қаратилган "Йўл харитаси" ишлаб чиқилади.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг мазкур қарорларини болажон халқимиз, болапарвар жамиятимиз улкан эътибор ва эътироф билан кутиб олгани бежиз эмас. Бинобарин, "Биз учун жамиятда бегона бола йўқ ва бўлмаслиги керак. Ҳаммаси ўзимизнинг, Ўзбекистонимизнинг болалари. Вақтида меҳр кўрсатсак, ишга, илмга, касбу ҳунарга, эзгу фазилатларга ўргатсак, уларнинг йўлини очиб берсак, эртага фойдаси ўзимизга, жамиятимизга тегади".
Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, академик