Мана бир мисол. Қўлида яхши бизнес-режа бору маблағи йўқ. Айни пайтда бу муаммо бўлмаслиги керак. Негаки мамлакатимизда ёш ишбилармонлар ташаббусларини рўёбга чиқаришга қаратилган "Ёшлар - келажагимиз" дастури кенг жорий этилмоқда. Ўзига ишонган, тадбиркорликни тушунган йигит-қизларга имтиёзли асосда молиявий кўмак берилаётир. Имкониятни бой бермай, ундан самарали фойдаланаётган ёшлар эса талайгина. Қуйида уларнинг айримлари ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Футболкадан бошлаганди, энди мактаб формаси тикаяпти
Бундан 2-3 йилча аввал деҳқонободлик Санжар Исмоиловни тадбиркор бўлиб кўзга кўринади, деса биров ишонмасди. Бироқ ҳозир у ўзи ташкил этган "Санжарбек текстиль саноати" хусусий корхонасига раҳбарлик қилаяпти.
Бироз аввал очилган бу тадбиркорлик субъекти қайси йўналишда фаолият олиб бораётгани унинг номидан ҳам билиниб турибди. Тўғри-да, соҳа истиқболли, маҳсулотнинг бозори кенг.
- Тадбиркорликни оила аъзоларим - отам-онам билан маслаҳатлашиб йўлга қўйганман, - дейди ёш ишбилармон. - Тикувчиликка уқувим бор, соҳани яхши тушунаман. Савдо-сотиқдан ҳам хабардорман. Ишимда ҳам айни шулар керак. Тақдиримни бизнес билан боғлашга қарор қилдим. Аммо ишлаб чиқаришни ташкил этишга ўз қурбимиз етмасди. Нима қилишни ўйлаб кўп бош қотирмадик. Бизнес-режани банкка тақдим қилдик. Лойиҳамиз маъқулланиб, "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури доирасида 25 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратишди. Шунга 6 дона тикув машинаси харид қилиб, ишни бошлаб юбордик. Кам-кўстига ўзимиздан 15 миллион сўм сармоя қўшдик. Бугун ишимиз бинойидек кетаяпти.
Санжар Исмоиловнинг айтишича, у янги цехда дастлаб трикотаж маҳсулотлари, кўпроқ футболка тикишга киришган. Уни ички бозорга улгуржи тарқатган. Ўтган қисқа фурсатда маҳсулот тури ҳам анча кўпайиб қолган. Яқинда мактаб ўқувчилари учун махсус форма тикиш ўзлаштирилган. Ҳозирги вақтда тадбиркор бу йўналишда самарали иш олиб бораяпти.
Бизнеси тўла изига тушганидан дадилланган ишбилармон уни бироз кенгайтирмоқчи. Яъни, ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириб, маҳсулдорликни оширмоқчи. Шу мақсадда янги дастгоҳлар келтириш мўлжалланган. Унинг ташаббуси амалга ошса, корхонада яна янги иш ўринлари яратилади.
Тунукадан харидоргир қурилиш материали
Бўламан деган бола бошидан маълум, дейди халқимиз. Бугунги ёшларнинг ҳам тутган йўриғига, қилаётган ишига қараб, уларнинг эртасига баҳо берса бўлади. Агар Қамаши туманилик Фахриддин Муродовдек тадбиркорликни маҳкам тутиб, ишни жадал суръатда олиб кетса, бундай йигит-қизлардан кўп нарса кутиш мумкин. Кези келса, маҳобатли бир корхонанинг эгаси бўлишига шубҳа йўқ.
Фахриддин ҳам 3-4 йилдан буён бизнес оламида банд. Топган нони шу фаолият ортидан. Ёш бўлишига қарамай, кичик корхона - "Раҳматуллаевич металл сервис" масъулияти чекланган жамиятини самарали юргизаяпти. Бугун унинг 10 дан зиёд кишини иш билан банд этгани ҳам кўп нарсага ишора.
- Фаолиятимиз металл "лист" ва тунукадан харидоргир қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга қаратилган, - дейди у. - Ҳозир профнастилдан томёпқич, тунукадан челак, қути, тарнов сингари маҳсулотларни ясаймиз. Асосан аҳоли буюртмаси билан ишлаймиз. Ўтган йили қиймати 600 миллион сўмлик маҳсулотларни реализация қилишнинг уддасидан чиқдик. Имкониятимизни чамаласак, ҳали бу биз учун катта натижа эмас. Муҳими, шу йил бу борада юқори самарадорлик қайд этмоқчимиз.
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, янги истиқболли лойиҳа ҳам ушбу мақсад рўёбига хизмат қилиши лозим. Гап шундаки, ёш ишбилармон келгусида металл профиллардан дарвоза ва панжаралар ишлаб чиқаришни режалаштирган. Ташаббус асосида замонавий ускуналар келтирилиши даркор. Лойиҳанинг ижтимоий аҳамияти шундаки, унинг ҳаётга татбиқ этилиши бир қанча ёшнинг иш билан таъминланишига шароит яратади.
Ҳозирча кунига 400 жуфт пайпоқ
Тузук иш йўқ, деб фақат баҳона қилгич кишига фурсат берсангиз ҳам бирор нарсани эплаши даргумон.
Бундайлар аввало айбни ўзидан қидиришни ўйламайди, аслида муайян ишга қобилияти, уқуви етмаслигини ҳам тан олгиси келмайди. Кичик имкониятга етишган заҳоти ўзини ижобий томондан кўрсата олган ёшлар борлиги ҳам шундай хулосага келишимизга сабаб бўлади. Миришкор туманидаги "Jey-Max" хусусий корхонаси раҳбари Шоҳжаҳон Чўлиевни бу борада намуна қилиб кўрсатиш мумкин.
Бир йил илгари бекор юрган йигит бугун ҳақиқий тадбиркор. Ўз мустақил бизнесини очганига энди 2 ойдан ўтди. Шундай бўлса-да, ютуқлари бисёр. У таклиф этаётган маҳсулот ўз харидорини топмай қолмаяпти.
- Ташаббусим "Ёшлар - келажагимиз" дастури асосида қўллаб-қувватланиб, жорий йил бошида менга 100 миллион сўм имтиёзли кредит беришди, - дейди у. - Вақтни зое кеткизмадим. Хитойдан 2 та янги ускуна олиб келдим. Пайпоқ тўқишга мўлжалланган ушбу дастгоҳлар энергиятежамкор бўлиб, маҳсулотимиз рақобатбардошлигини таъминлаяпти. Ҳозирда деярли барча ёшдаги истеъмолчилар учун пайпоқ ишлаб чиқараяпмиз. Маҳсулотимизга ўз ёрлиғимизни ҳам қўйганмиз. Пайпоқлар туманимиздаги бозор ва дўконлардан ортмаяпти.
Тадбиркор айни пайтда мавжуд қувватни етарли деб ҳисоблайди. Икки ускунада бир кунда 400 жуфт пайпоқ тайёрланаяпти. Аҳамиятлиси, у фақат бир йўналиш билан чекланиб қолмаган. Чойшаб, кўрпа-тўшак сингари текстиль буюмлари ишлаб чиқариш ҳам яхши йўлга қўйилган. Ана шулар ҳисобидан ҳозир корхонада 5 киши доимий даромад манбаига эга бўлмоқда.
Имтиёзли кредит фаолиятни ривожлантирди
Китоб туманидаги "Inter mega biznes" хусусий корхонаси юритуви ҳам ёш тадбиркор қўлида. Унинг раҳбари Шуҳрат Эргашев бугун қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга асосий эътибор қаратган. Ҳудуднинг ўзида зарур хом ашё ресурслари мавжудлиги эса бунда жуда қўл келаяпти. Ёш ишбилармон охирги йилларда корхонада муҳим лойиҳаларни амалга ошириб, маҳсулот турини кўпайтиришга эришди.
- Биз таклиф этаётган қурилиш материаллари сони 20 хилга етди ҳисоби, - дейди Шуҳрат Эргашев. - Сувли эмульсион бўёқлар, шпатлёвка, штукатурка, қурилиш клейи каби маҳсулотларимизга айниқса, талаб юқори. Аҳолига ҳам, йирик қурилиш ташкилотларига ҳам сотаяпмиз. Сўнгги вақтда маҳсулотимиз вилоятимизда кенг қулоч ёзган бунёдкорлик ишларида ишлатилаётганидан жуда мамнунмиз.
Тадбиркорнинг билдиришича, ўтган йили корхона фаолиятини ривожлантириш учун муҳим қадам ташланган. Ишлаб чиқариш цехларида технологик қайта янгилаш ишлари амалга оширилган, маънан эскирган станоклар янгиларига алмаштирилган. Бу режани амалга оширишда ёш ишбилармон мавжуд қулай имкониятдан фойдаланишни маъқул кўрган. "Ёшлар - келажагимиз" дастури асосида кредит олиш бўйича тегишли жамғармага мурожаат қилган. Мурожаат эса қаноатлантирилиб, унга 440 миллион сўм молиявий кўмак кўрсатилган. Кўриниб турганидек, бу маблағ бемақсад сарфланмаган. 10 нафардан ошиқ ишчи меҳнат қилаётган корхона ишида ўсиш кузатилган, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифати эса янада ошган.
***
Бундай мисолларни бекорга келтирмадик. Чунки ўз йўлини ҳали ҳам тополмаётган ёшлар оз эмас. Балки уларнинг омади ҳам айнан бизнесда чопар. Режани пишитиб, ниятни тўғрилаб, илдам ҳаракат қилиш керак холос. Кучли хоҳиш ва тинимсиз меҳнат бўлса, ушалмайдиган мақсад йўқ. Буни эса биз суҳбатлашган ёш тадбиркорлар ўз фаолиятида мунтазам исботлаб келишмоқда.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.