Исроилда тўрт ёшли болага ноодатий жазо қўллашда айбланаётган маҳаллий тарбиячи аёл судланади. Бу ҳақда YNet нашри хабар тарқатган.
Воқеа болалар боғчаларидан бирида содир бўлган. Бола уйига қайтиб, ота-онасига тарбиячи унинг оғзига совун суюқлигини қуйиб юборганидан шикоят қилган. Улар эса бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот органларига хабар бериб, ҳолатни ўрганишни талаб қилган.
Текширув давомида аниқлик киритилишича, бола ҳар доим сўкинган, тарбиячи уни беҳаё сўзларни айтиш мумкин эмаслиги ҳақида бир неча бор огоҳлантирганидан кейин оғзига суюқ совун қуйиб юборган.
Ишни кўриб чиқиш жараёнида аёлнинг ҳамкасблари билан мулоқот қилиши тақиқланган ва ишидан четлатилган. Бироқ у бошқа болалар боғчасида тарбиячилик қилиши мумкин.