Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

13.06.2024


Боғда  каптарларга дон сепган аёл жаримага тортилди

Буюк Британияда каптарларни озиқлантирган аёл 150 фунт стерлинг (тахминан 2 миллион 418 минг сўм) миқдорида жаримага тортилди. Бу ҳақда The Sun манбаси хабар берган.

37 ёшли Жемма Саммерс олти ёшли ўғли Льюсонни ёнига олиб, каптар ва ўрдакларни озиқлантириш учун Ривер-Гарденс ҳудудидаги истироҳат боғига борган. Бунгача ҳам улар бир неча бор вақтини шу тарзда бирга ўтказган, авваллари аёлда қонун билан боғлиқ муаммо содир бўлмаган. Бироқ ўтган ҳафтада инспектор унга ташланган чиқинди учун жойида жарима ёзган.

Жемма Саммерс ўзига нисбатан қўлланган чорани жирканч деб атаб, ушбу ҳолатда огоҳлантириш ўринли бўлишини айтган. Унинг айтишича, ўғли омадсиз сайрдан жуда хафа бўлган ва тушунганки, энди қушларни озиқлантира олмайди. Аёл боққа киришда ташриф буюрувчилар бу ерда қушларни озиқлантириши тақиқлангани ҳақидаги огоҳлантириш белгиларини пайқамаганини тан олган.

"Белгилар етарли эмас. Мен ўтиб келган кириш йўлагида улар йўқ эди. Одамлар боғда қушларни озиқлантиришга тааллуқли қоидаларни билиши учун огоҳлантириш белгилари кўринарли, каттароқ бўлиши керак. Шунингдек, жарима миқдори ҳам кулгили. Баъзи кишилар машинада белгиланмаган жойда тўхтагани ва автобус йўлагида ҳаракатлангани учун камроқ тўлайди", деган Жемма Саммерс.

Аммо расмийлар бу ҳолатда жарима ўринсиз бўлмаган деб ҳисоблайди.

"Шаҳарнинг исталган жойига чиқинди, жумладан, қушларга бериладиган озуқа қолдиқларини ташлаш - бу ҳуқуқбузарлик. Қушларни озиқлантираётганлар яхши ниятда бўлсада, бу кутилмаган муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Озуқа кўплиги каптарлар сони кўпайиб, улар қолдирадиган ахлат тўпланиши ортишига олиб келади. Шунингдек, у кемирувчиларни ҳам жалб қилиши мумкин", дея ҳолатга изоҳ берган расмийлар.

Report typo