Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мўмин АЗИЗОВ

04.08.2018


БОҚИЙ САНЪАТИМИЗНИНГ МУНОСИБ ДАВОМЧИЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида мусиқа санъатининг бу йўналишини замон талабларига мос ривожлантириш, унинг ёш авлодни бадиий эстетик тарбиялашдаги аҳамиятини янада ошириш хусусида сўз юритилган.

Ушбу қарор асосида ўзбек  миллий мақом маркази ташкил қилиниши, Шаҳрисабз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилиши, қадим шаҳарда мақом музейи ва миллий созлар лабораторияси ташкил этилиши кўзда тутилганлиги қашқадарёлик барча санъаткорлар ва санъатсевар халқимизни жуда қувонтириб юборди.

Қарорда мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятида янги намунали мақом ансамблларини ташкил этиш вазифаси ҳам қўйилди. Бу соҳада вилоятимизда ҳам катта тадбирлар амалга оширилмоқда. Унга мувофиқ вилоятдаги мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчиларидан иборат намунали болалар мақом ансамбли тузилди. Янги мақом ансамблига бадиий раҳбар қилиб, мақом соҳасида катта тажрибага эга, ижодий фаолияти даврида бир нечта мақом ансамблларини тузиб, республика кўрик-танловлари ғолиби бўлган, мумтоз қўшиқчилик соҳасида машҳур хонанда ва ҳофизларнинг етишиб чиқишига катта ҳисса қўшган       Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, таниқли санъаткор Элмурод Боймуродов тайинланди.

- Намунали болалар мақом ансамбли аъзоси бўлиш учун вилоятимизда фаолият кўрсатаётган 15 дан ортиқ болалар мусиқа ва санъат мактабларида таълим олаётган 300 дан ортиқ ўғил-қиз истак билдирди, - дейди Элмурод Боймуродов. – Шу масалада уюштирилган кўрик-танловда ҳар бир боланинг овози, ёдлаш ва куйлаш қобилияти, мусиқа жўрлигида, хор таркибида ижро этиш истеъдоди талабчан ҳайъат аъзолари томонидан синовдан ўтказилди. Уларнинг орасидан ансамбль таркибига 150 ўғил-қиз саралаб олинди. Танлов якунларига кўра, ансамблга Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари, Шаҳрисабз, Миришкор, Китоб туманларидан энг кўп бола қабул қилинди. Шунингдек, катта ансамбль таркибида мақом куйлаш шарафига Яккабоғ, Қамаши, Чироқчи ва Қарши туманларидаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ҳам сазовор бўлишди.

Мақомлар куйларга мос рақслар уйғунлигида ижро этилса, янада жозибадор бўлади, томошабин-тингловчи диққатини янада кўпроқ ўзига жалб қилади. Шуларни ҳисобга олиб, болалар мусиқа ва санъат мактабларидан 40 нафар қиз раққосалар гуруҳига қабул қилинди.

Мақомлар уч қисм - чолғу, ашула ва рақс қисмларини ўз ичига олади. Маълумки, ҳар бир мақом ижроси чолғучилар жўрлигида бошланади. Шунга кўра, чолғучиларни танлашга ҳам алоҳида эътибор берилди. Бунинг  учун болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчилари орасидан 12 нафар моҳир созанда танлаб олинди.  Мақомларга мос рақсларни эса Тошкент хореография олий мактабини битириб, Қарши санъат коллежида ёш иқтидорларга дарс бераётган Зебо Турсунова, Ойнисо Якубова ва Дилором Тазетдинова ўргатишади.

Ёш мақомчилар ансамбли дастурига “Шошмақом”нинг “Наво” мақомидан Навоий ва Муқимий ғазаллари  билан айтиладиган “Сарахбори наво”, “Соқийномаи баёт”, “Бузрук” мақомининг Навоий ғазаллари билан айтиладиган “Муғулчаи бузрук” ва “Қашқарчаи бузрук”, “Дугоҳ” мақомининг Бобур ғазаллари билан ижро этиладиган “Сарахдори оромижон”, “Рост” мақомидан “Соқийномаи савти калон” мақомлари киритилди. Шунингдек, Хоразм мақомларидан Фақирий ёзган ғазаллари асосида “Нақши наво” мақомлари ўрин олди.

Элмурод Боймуродовнинг ансамбль дастури ранг-баранг бўлишига интилаётганини ҳам таъкидлаш лозим. Шу мақсадда таниқли мақом устози Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси халқ артисти, севимли хонандамиз Озодбек Назарбеков репертуаридаги “Зор айлама” ва “Омон-омон”, Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизи Ўктам Аҳмедов ижро этадиган, шеъри буюк туркман шоири Махтумқули қаламига мансуб “Бўлмас” мумтоз ашуласи, Элмурод Боймуродов мусиқа басталаган Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган “Тўйларингдан айланай” ашулаларини ҳам ижро қилишни ансамбль қатнашчиларига ўргатишга эришди.

Шу йил 19 июлда вилоят ёш мақомчилари қирқ кун мобайнида ўрганганларини мақомшунос олимлар ва мутахассислар, Халқаро мақом санъати    анжуманини ўтказиш республика комиссияси     аъзолари, вилоят ҳокимлиги, маданият бошқармаси масъул ходимлари ҳузурида намойиш этдилар. Ёш мақомчиларнинг қисқа муддат ичида ансамбль дастуридаги мақомлар ва мумтоз ашулаларни ижро этишдаги дадил қадамлари ва дастлабки муваффақиятларига юксак баҳо берилди. Ансамбль дастуридан энг яхши ижро деб  ҳисобланган бир нечта мақом Халқаро мақом санъати анжумани очилишида ижро этилиши, шунингдек, халқаро кўрик-танлов рўйхатига киритилиши таъкидланди.

Мақом ижрочилари ва раққосалар, созандаларнинг либослари ҳам мақом ижроси ва рақслар жозибадорлигини оширишга, тингловчи-томошабин қалбини ром этишга хизмат қилади. Шулар ҳисобга олиниб, мақомчилар учун либослар танлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Қашқадарё воҳаси, унинг гўзал маскани Шаҳрисабзга хос либосларнинг эскизлари ишлаб чиқилиб, уларни чиройли, томошабин диққатини жалб қиладиган даражада тайёрлаш учун моҳир тикувчиларга топширилди.

Машғулотлар давомида  ансамбль иштирокчилари орасида ашула санъатини чуқур эгаллашга ҳаракат қилаётган, олий санъат даргоҳларига бориб ўқишни ният қилган ажойиб овоз соҳиблари борлигига гувоҳ бўлдим. Улардан Севинч Абдуқулова, Асадбек Абдузоиров, Сардорбек Ҳомидов, Паризода ва Мафтуна Элмуродова ижрочилик истеъдоди билан алоҳида ажралиб туради.

Юртимизда санъатга меҳр қўйган ота-боболарининг ишини давом эттиришга жазм қилган фарзандларимиз бор экан, мақомдек ноёб санъатимиз келажаги ҳам ишончли қўлларда, мақом наволари юртимиз, дунё узра тоабад янграб туради.

Мўмин АЗИЗОВ,

Шаҳрисабз шаҳри

Report typo