Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Баҳоргул НОМОЗОВА

12.02.2019


БОБУР САЛТАНАТНИ ҚАНДАЙ БОШҚАРГАН?

Бошқа шаҳзодалардан фарқли равишда Бобур даври энг мураккаб бир пайтга тўғри келди ва унга ўз юртида ҳукмронлик қилиш насиб этмади. Аммо  мустаҳкам ирода, сабр-бардош, юксак ақл ва идрок, беқиёс жасорат ва матонатга эга   Бобур ўзга юртда бўлса-да, ўз салтанатига асос солди. Бу салтанат тарқоқ мамлакатнинг сиёсий бирлигини таъминлади, унинг гуллаб-яшнаши учун асрлар оша ижобий таъсир кўрсатди.

Хўш, у бунга қандай эришди? Тарихчи ва сиёсатчилар бунинг асосий сабабларидан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўз салтанатида маъмурий бошқарув тизимини тўғри йўлга қўйгани, ишларнинг тартибли ва ўзаро маслаҳат билан амалга оширилганида деб ҳисоблашади.

Бобур ва бобурийлар давлатида салтанат ишлари қуйидаги вазирлик ва идоралар     орқали бошқарилган:

Молия вазири (хазинабон) ва у раҳбарлик қиладиган солиқлар бўлими. Бу идора бошлиғи "Девони аъло" деб аталган.

Салтанат ички ишлари иш бошқаруви идораси. Бу идора "Хони замон" ёки бош доруға томонидан бошқарилар эди.

Ҳарбий молия ишлари бошқармаси. Бу  бошқарма ҳарбий лавозим эгаларига маош тўлаш ва ушбу тизимнинг сарф-харажатларини ҳисоб-китоб қилиш билан шуғулланган.

Адлия ишлари идораси. Бу идора фуқаролик ва жиноий ишларнинг ҳал этилишини назорат қилган, у "қози ул-қуззот", яъни бош қози назорати остида иш олиб борган.

Хайрия ишлари бўлими. Бу бўлим диний ташкилотларга тушадиган киримлар, яъни хайрия ва эҳсонлар ҳисобини олиб борган. Бу ишлар учун "Садр ус-судур", яъни бош садр мутасадди этиб белгиланган.

Маънавият бўлими. Бу идорага бош мухтасиб раҳбарлик қилиб, унинг жамоаси фуқароларнинг ахлоқ қоидаларига, эътиқодга амал қилиши каби ҳолатларни кузатиб борган.

Ҳарбий артиллерия (тўпхона) бўлими. Бу идора ҳарбий қурол-аслаҳа захираси билан шуғулланар эди. Унинг раҳбари эса "Мири отиш" ёхуд "Доруғаи тўпхона" деб аталган.

Ахборот ва хуфия хабарлар бўлими. Бўлим бошлиғи "Доруғаи дарак шавқи" деб аталиб, у мамлакатда бўлиб ўтаётган воқеа-ҳодисалардан подшоҳни хабардор қилиб туриш учун масъул бўлган.

Пул зарб қилиш бошқармаси.  Бу идорага ҳам махсус доруға раҳбарлик қилган.

Аҳамиятли томони, ўз давридаги бошқа ҳукмдорлардан фарқли равишда, Бобур салтанатида бу бўлимларнинг ҳар бири давлат ишларида ўз ўрни ва мавқеига эга бўлган. Уларга ўз тизимидаги барча ишлар учун жавобгарлик ва масъулият юклатилиши билан бир қаторда, маълум бир қарор олдидан ҳар бирининг фикри тингланиб, энг мақбул таклифлар инобатга олинган.

Баҳоргул НОМОЗОВА,

вилоят юридик коллежи маъмурий ҳуқуқ фани ўқитувчиси

Report typo