Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдишукур ОМОНОВ

31.01.2020


БОЙЛИК ОЛДИДА АХЛОҚ ВА ҚОНУН ОЖИЗ ЭДИ...

Мутолаа учун тавсия

Француз ёзувчиси Оноре де Бальзак (1799-1850)нинг "Инсон комедияси" эпопеяси ва ундан жой олган "Горио ота", "Сағри тери тилсими" каби асарлари диққатга сазовор. "Инсон комедияси" уч қисмдан иборат бўлиб, "Одатлар ҳақидаги этюдлар", "Фалсафий этюдлар" ва "Аналитик этюдлар" деб номланади. Эпопеяга жами тўқсон еттита асар киритилган. Адиб ўзининг хилма-хил романлари, қисса ва драмалари билан француз реализмини юксак поғонага кўтарган. Унинг "Ёзувчининг ўз олий ҳаками бор - бу келажакдир" деган сўзлари чуқур эҳтиромга лойиқ. Виктор Гюго у ҳақда: "Жаноб Бальзак барча буюкларнинг буюги, улуғ инсонларнинг улуғи эди", деган экан.

"Горио ота" романи адиб эпопеясининг бош асаридир. Унда оила ва жамият муносабатлари, инсоннинг ҳаётдаги муваффақияти ва заволи сабаблари хусусида сўз боради. Бу фикру мулоҳазалар ирқи, дини, миллати, тили ва давлатидан қатъи назар бутун инсониятга дахлдор. Романдаги воқеалар адибнинг кейинги асарларида ҳам давом этиб, бир қатор қаҳрамонлар бошқа романларда ҳам қатнашади.

"Горио ота" романида икки тақдир - буржуа олами вакили Горио ота ва камбағал оилада улғайган бўлса-да, киборлар оламига кириб келаётган Эжен де Растиньякнинг бошидан кечирганлари баён қилинади. Эжен де Растиньяк оилавий муҳтожлик туфайли ёшлигидан илму ҳунар ўрганиш зарурлигини англаб етади ва тинмай меҳнат қилади. У ўзи ва оиласининг келажаги ўзига боғлиқлигини тушуниб, ўрганган илму ҳунари, ҳаракатларини жамиятга мослаштириб олади ва ёрқин келажаги учун курашади. Виконтесса де Босеан хонимнинг: "Қанча совуққонлик билан иш тутсангиз, шунча мартабангиз ошади. Ҳаётда жаллод бўлинг, жаллод бўлмасангиз, унинг ойболтаси остида қоласиз" каби насиҳатларига ҳам риоя қилади.

Горио ота - буржуа корчалонлари даврасида номи чиққан инсон. У бой-бадавлат бўлганида барчанинг эътиборида бўлади, ҳурмату хушомад ва мақтов-олқишлар қуршовида яшайди. Қизларини бахтли қилиш учун барча бойликларини сарфлайди. Замонасидаги ўзгаришларни эса англаб етмайди. Кексайганда иқтисодий қийин аҳволга тушиб, барчанинг эътиборидан қолади. Горио ота шу тариқа қийналиб вафот этади. Қизлари ҳам унинг дафн маросимига келмайди. Дафн маросимидан кейин Горио отанинг ўтмишидан тўлиқ хабардор бўлган Эжен де  Растиньяк жамиятга қарата: "Қани, энди кўрамиз, ким енгар экан: менми ё сен" дея ҳайқиради.

Асардаги қуйидаги мулоҳазаларга эътибор беринг: "Ўзининг маънавий жиҳатдан қашшоқлигини ўзгаларга ҳам ёпиштириш - бефаросат, калтафаҳм одамларга хос ўтакетган бемаъни одат", "Пулдор бўлишни ҳисобга олиб уйланиш - хотиннинг олдида икки букилиб қуллуқ қилиб туриш, қайнонанинг оёғини ўпиш, ҳатто чўчқанинг ҳам ори келадиган даражада бемазагарчиликлар қилиш деган сўз", "Дунё унга ҳақиқий башарасини очиб кўрсатганди: бойлик олдида ахлоқ ва қонун ожиз эди", "Принциплар билан қонунлар ўзгармас нарсалар бўлганда эди, одамлар уларни биз кўйлак алмаштириб турганимиздек, ҳадеб алмаштиравермаган бўларди".

Оноре де Бальзакнинг "Сағри тери тилсими" романи фалсафий асар ҳисобланиб, унда француз жамиятининг қиёфаси очиб ташланган. Асарда Рафаэль ва Полина муносабатлари, Рафаэлнинг аччиқ тақдири орқали жамиятдаги зиддиятлар кўрсатиб берилган. Носоғлом муҳит илмли ва истеъдодли Рафаэлни маҳв этади. Бир тарафда озчиликнинг айш-ишратда ва иккинчи тарафда кўпчиликнинг ғарибу қашшоқликда яшаши тасвирланади. Муаллиф банкир Тайферга ўхшаш кимсалардан нафратланишини яширмаган. "Горио ота"даги Растиньяк бу асарда ҳам бўй кўрсатади.

Асардаги қуйидаги фикрлар эътиборга молик: "Бировнинг шафқатига сазовор бўлиш учун ўтакетган бахтсиз, бировнинг меҳрини қозониш учун жуда заиф, бировнинг кўнглини эритиш учун жуда ғариб киши бўлиш керак"; "Касаллик сабабларини инсон танасидан эмас, руҳий дунёсидан қидириш даркор"; "Чинакам турмуш йўлдоши бўладиган аёл ўзининг бутун умрини, куч-қувватини, шон-шуҳратию бахт-иқболини эрида деб билади"; "Кўнгил кўчасига кириб яшамадим, чунки кўнгил одамни хароб қилади. Ҳиссиётларимга ишониб ҳам яшамадим, чунки ҳиссиётлар ўтмаслашиб, ўлиб кетади. Мен ақлимга қараб яшадим. Ақл эса ҳеч қачон эскирмайди, ҳаммадан узоқ яшайди".

Бразилиялик ёзувчи Пауло Коэльо (1947 йилда туғилган) қаламига мансуб "Алкимёгар" романи фалсафий мазмундаги оддий инсоний муаммолар ҳақида ёзилган асардир. Ушбу роман жаҳон миқёсида кўп ўқилмоқда. Пауло Коэльо шундай ёзган экан: "Бизнинг сайёрамизда бир буюк ҳақиқат  барқарор: агар сиз чиндан ниманидир орзу қилсангиз, унга албатта эришасиз. Зотан, бу орзу Олам Қалбида ҳам туғилади ва айни шунинг ўзи сизнинг Ерда мавжудлигингиз тасдиғи, сизнинг тақдирингиздир".

Ёшлигим қиру адирларда қўй боқиб ўтгани ва шу вақтларда кўплаб китоблар ўқиганлигим учун кейинчалик "Алкимёгар" романини ҳам қизиқиш билан ўқиб чиққанман. Зеро, бу асар диний мактабда таҳсил олгач, руҳоний бўлишни истамай, отаси берган пулга бир отар қўй сотиб олиб, дашту дала кезиб, кўп юртларни кўриб чўпонлик қилган Сантьяго исмли йигитнинг ҳаётига бағишланган. Назаримда ёшлар китоб ўқишни Сантьягодан ўрганиши керак. Сантьяго кўрган тушлари борасида лўли кампирнинг фикрларини мушоҳада қилади. Маликсиддиқ, қария ва донишманднинг суҳбатларидан баҳраманд бўлиб юрт кезишда давом этади.

Асарнинг иккинчи қисмида Сантьяго Африка, Миср томонларни кезади. Динлар ва тилларни ўрганади. Фотима исмли қиз, англиялик ва Алкимёгарни учратади. Хазина излашда давом этиб, кўп воқеаларни бошидан кечиради.

Асарда инсон ҳаёти давомида қандай муҳим ишларни амалга ошириши кераклиги, орзу-умидлари рўёбга чиқиши учун нималарга эътибор бериши зарурлиги каби саволларга жавоб изланади. Инсон ишончсизлик ва қўрқув билан яшамаслиги кераклиги, қийинчиликларга сабрли ва ҳамиша интилишу курашда бўлиши зарурлиги, севги, меҳр ва муҳаббат доимо инсонга мададкор бўлиши уқтирилади.

Асарда шундай фикрлар учрайди: "Агар сен бирор нарсани истасанг, бутун Олам истагинг рўёбга чиқишига хайрихоҳлик қилади"; "Оламнинг қалби бор ва кимда-ким бу қалбга уйғунлаша билса, мавжудликнинг тилини тушунади"; "Инсон юраги бир бўлак гўштга айланиб қолмаслиги керак", "Юрагингизга қулоқ тутинг, у ҳеч қачон алдамайди"; "Вой, чўпонлар ҳам китоб ўқишаркан-да, билмас эканман, - йўқ, чўпонлар китоб ўқиши шарт эмас: қўйлар ҳар қандай китобдан ҳам кўпроқ нарсага ўргатади"; "Фақат қўйларнинг миясида фақат қорин тўйғазиш эҳтиёжи бор, холос"; "Бир кишидан алданган одам ҳаммага ишончсизлик билан қарайди"; "Бутун дунёдан одамлар бу ерга бирор-бир янгилик топармиканман, деб келишади, бироқ қандай келишса шундай қайтиб кетишади. Улар тоққа чиқишади, кўҳна қасрни кўраман деб ва ўтмишнинг ҳозирги замондан афзал бўлганига гувоҳ бўлишади".

Машҳур француз ёзувчиси Ги де Мопассан (1850-1893) ижоди маҳсули бўлган "Азизим", "Ҳаёт" асарларининг ўзбек тилига таржима қилиниши адабиёт ихлосмандлари томонидан илиқ кутиб олинган. Адиб жaҳoн адабиётида танқидий реализм оқимининг йирик вакилларидан бири ҳисобланади. Мопассан ўз асарларида умумбашарий мавзулар борасида фикр юритиб, мард ва ватанпарвар инсонларни тараннум этган, молпарастлик ва мансабпарастлик, виждонсизлик ва ахлоқсизлик, ёлғончилик ва маддоҳлик ҳамда мустамлакачилик ва урушларни қоралаган.

"Азизим" романида французлар ҳаётининг XIX асрдаги энг муҳим масалалари кўтариб чиқилган. Франция ўша вақтда бошқа мамлакатларни босиб олиш сиёсатини олиб бораётган эди. Адиб ўз давлатининг мустамлакачилик     сиёсатини қоралаб чиққан. Урушлардан маълум бир гуруҳларнинг бойиб олиши, оддий одамлар бу урушлардан жафо чекиши кўрсатиб берилган.  Танқидчилар бу асарни  "шафқатсиз сифатда ҳақиқатни сўйловчи қудратли асар" деб таърифлаган.

Асарда баён қилинишича, Жорж Дюруа Франциянинг Африкадаги мустамлакачилик урушларида аскар бўлиб хизмат қилиб, қўпол шахсиятли инсон бўлиб шаклланади. Ёзувчи Жорж   Дюруа образи орқали француз сиёсатчиларининг қўлида қўғирчоқ бўлган журналистлар ҳаёти, уларнинг кўпчилиги амалдору мулкдорларнинг малайига айланиши, найрангбозлиги ва маддоҳлиги, фаҳш ва разолатга тўлган маънавиятини очиб беради. Бу тоифадаги қалам аҳли ўз манфаатлари ва маишати йўлида ҳар қандай пасткашликдан қайтмаслигини исботлаб, улардан йироқроқ юришни тавсия қилган. Китобни ўқиш жараёнида асрлар ўтиб, давру тузумлар ўзгарса-да, инсониятнинг урф-одатлари ва қилиқлари ўзгариши қийин эканлигини ҳис этасиз.

"Ҳаёт" романида Жанна образи орқали камтарин, ақлли, пок ниятли ва гўзал қалбли қизнинг ҳаёти тасвирлаб берилган. Барон де Вон қизи Жаннани табиат гўзалликларидан завқланадиган, ҳаммага яхшилик истовчи ва маънавиятли қилиб тарбиялайди. Жанна Сакре-Кёр монастрида таҳсил олади. У яхши йигитга турмушга чиқиш, турмуш ўртоғини севиш ва унга ўзини бахшида қилиш, бахтли оила қуриш ва фарзандлар кўриш орзусида яшайди. Тақдир унга Жюльен де Ломар исмли йигитни раво кўради.

Аммо Жюльен маънавиятсиз, жоҳил ва беодоб киши бўлиб чиқади. Жаннанинг ёшликдаги ширин орзулари саробга айланади. Шундай бўлса-да, у оилани муқаддас билиб, эрининг  хиёнатларини кечириб, фарзанди Полнинг тақдирини ўйлаб ва келажакдан умидвор бўлиб яшашда давом этади. Оиладаги носоғлом муҳит, оғир ва  бемаъни ҳаёт оқибатида Жанна эрта қарийди. Ўғли Полнинг никоҳсиз аёлдан қизчали бўлишини ҳам кўради. Жанна асар сўнгида ёшликдаги орзу-умидларидан ажралган, ожиз ва дардли кампир сифатида тасвирланади.

Роман "Мана кўрдингизми, ҳаёт қанақа ўзи: унчалар яхши ҳам эмас, бироқ биз ўйлагандек у қадар ёмон ҳам эмас" сўзлари билан якунланиши ўзига хос маънога эга.

Абдишукур ОМОНОВ

 

 

 

 

 

Report typo