Сараланган сатрлар
Инсон қайси муҳит, тузумда ўзини бахтиёр санайди? Мутлақ бахтиёрликнинг аниқ меъёр-ўлчовлари борми? Шуниси, аниқ: нафс чегара билмайди, янада кўпроқ, янада яхшироғини талаб қилаверади. Уруш, қашшоқлик, зулм кишанлари остида инсонийлигини сақлаб қоладиганлар учрагани каби тинч-осойишта шароитда, неъматлар мўл-кўл, эртадан кўнгли тўқ ҳолатда ҳайвондан баттар қилмишга қўл урадиганлар кўплаб топилади.
Чингиз Айтматов умрининг охирги йилларида ёзган "Қулаётган тоғлар" романида бозор иқтисодига ўтган, глобаллашув жараёнларига кириб бораётган дунёнинг маънавий-иқтисодий муаммоларини инсон ва унинг жамиятга, табиатга муносабатлари орқали кўрсатиб беради.
Яхшилик нимаю ёмонлик не? Глобаллашув шароитида бу тушунчалар ўзига ниқоб кийиб, фарқлаб бўлмайдиган тус олмадими? Биз эзгулик деб ўйлаган нарсалар охир-оқибатда тубанлик, пасткашлик экани маълум бўлса-чи? Унда ёмонликка қарши албатта ёмонлик билан жавоб қайтариш лозимми?
Асарни машҳур адибнинг сўнгги васияти, дея таърифлашади. Воқелик, фалсафий мушоҳадалар, ўзлигини англашга интилаётган инсон кечинмалари ўқувчини бефарқ қолдирмайди.
* * *
Ҳаммага ва ҳар қачон тегишли ўзгармас бир ҳақиқат мавжуд. Ҳеч кимнинг қисмат нималигини, пешонасига нима битганини олдиндан билишга ихтиёри йўқ, кимга нима ёзилганини фақат ҳаётнинг ўзи кўрсатади, йўқ эса қисматнинг қисматлиги қоларми... Дунё дунё бўлиб келибдики, жаннатдан қувилмиш Одам алайҳиссалому Ҳавво Кибриёуллоҳ замонларидан буён ҳамиша шундай бўлган - ахир булар ҳам тақдир-да, ўшандан бери асрма-аср, кунма-кун, ҳар соат ва ҳар сонияда ҳамма учун ва ҳар бир кимса учун қисматнинг сири мангу жумбоққа айланмиш...
* * *
Тушунтириб бериш қийин-ку, лекин гоҳида воқеалар бир-бирига тўғри келиб қолади, воқеа рўй берган жой ҳам, вақт ҳам ва энг муҳими, кимсаларнинг хатти-ҳаракатлари ҳам тўқнашиб, буларнинг бари бамисоли тақдирни ҳеч кутилмаган бурилишларга айлантириб юборади.
* * *
Яшашдан тўхтама ва ҳақиқатни исбот этишдан чарчама - шуни деб яшаймиз, худонинг амру иродаси ҳам шу. Фақат айтинг-чи, ҳақиқатнинг ўзи нима?..
* * *
Толейини кутиб тирикликнинг кунлари келади-кетади. Охирги кунгача кутасан, охирги соатгача... Ҳамма вақт шундай бўлади.
* * *
Дил нима ўзи? Ҳамма нарсани унга бемалол тўнкариш мумкин. Ирода ва онг - мана булар инсон учун энг муҳим нарсалар! Албатта, бу гапда жон борку-я, лекин биз дилимизда рўй бераётган ҳодисаларни ҳам назардан қочирмаслигимиз, уларнинг маънодор томонларини эсдан чиқармаслигимиз лозим, биз эса, кўпинча, бу нарсаларга эътибор бермаймиз. Дил мулкида рўй бераётган майллар аксаран, ҳатто, тарихий воқеа-ҳодисаларда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Яхшилик ва ёмонликнинг асл ибтидоси кўнгил булоғидир. Дил онгости ҳодисаларини кучайтиради ва рағбатлантиради!..
* * *
Бозор издиҳоми қудрати олдида ҳеч қандай минбар, ҳеч қандай кафедра дош беролмайди.
* * *
Оҳ, шўрлик, шўрлик матбуот! Яккаҳокимлик даврида сўздаги қулчиликка қарши курашиб-курашиб - кейин ўзи бозорнинг қулига айланди. Ҳаво тўлқинлари ҳам шунга хизмат қилади - ахир ҳар бир автомашинада радио бор... Ҳаттоки, самодаги йўлдошлар ҳам бутун ер юзининг чархпалагида шоу-бизнеснинг қибланамоси бўлиб хизмат қилади энди. Буларнинг ҳаммаси мумтоз қадриятларни четга суриш, футбол стадионларидаги тобора кучайиб борувчи тўфон каби ҳайратангиз фойда олиш учун қилинади.
* * *
Эҳ, сен ҳаваскор хаёлпараст, тўғрироғи, хаёлпараст, шўринг қурғур яккамохов, ҳаммасини кўра-била туриб нега уларнинг оёқлари остида ўралашасан? Наҳот бўйни ва тили қисиқ қурбонлиққа ўхшасанг, наҳот қалтироқ қўлларинг билан ўзингни шоуменлар ўрдусига ўлжа келтирсанг? Ҳатто, севгингни ҳам катта лаганга солиб узатсанг, олинглар, ҳой, енглар, фақат йўлимизни тўсманглар, десанг. Ва мана шу сен ҳаётнинг мазмуни ва гўзаллиги, худонинг ўзи ато этган мангу туҳфа деб атайдиган эзгуликлардан мажбурий тарзда воз кечишнинг ўзи эмасми, зотан, муҳаббат бизга самовотнинг туҳфаси, абаду азал қурб-қувватидан ато куч.
* * *
Фикр - эркин қуш, дам уяга, дам самога учади.
* * *
Ҳозир олигарх деб юритилувчи бир корчалон сени оёқлари остига олиб топтаётганига чидаш қийин эди. Хўп, мабодо, иштаҳанг очилган бўлса, итингни тувагигача олтин қил, лекин нима учун ҳамма уларнинг олдида қуллуқ қилиши, малайга айланиши, одам ёллаб ўлдиришдан тортиб, виждонини сотишгача бориши, қабиҳликларига шерик бўлиши керак?
* * *
Муҳаббат бу севишганларнинг мангулик сари элтадиган ягона йўли ва муҳаббат туйғулари маконларини қасддан бузиш, харобага айлантириш - мангуликни таҳдидга солиш, уни хавф остига қўйиш билан баробар. Ахир, муҳаббат ўлмаслик сари интилиш ва ҳар ким худонинг ўзи томонидан пешонага ёзилган бу сўқмоқдан ўтиб боради... (Фақат ким қандай одим отиб ўтади - масала шунда).
* * *
Бойлик, пул эса ҳокимиятни талаб қилади, нафас - ҳавосиз бўлмагандай. Ҳаёт шундай қурилган. Бойлик ва ҳокимият бири-бирисиз яшолмайди. Бойлик воситасида ҳокимиятпарастликка ва аксинча, ҳокимиятпарастлик орқали бойликка ружу қўйишнинг хавфли томони шундаки, бунда мақсадга қандай бўлмасин, ҳар қандай йўл билан бўлмасин эришилади. Бунда ҳар кимнинг пешонасига битилгани бўлади: кимдир роҳат-фароғат топади, бошқаси қарғишлар остида гўрга киради.
* * *
Бахтнинг изидан доим фожианинг сира мудроқ билмас нигоҳи боқади. Демак, ғулув-ғалаёнсиз бахт ҳеч қачон бўлмас экан-да.
* * *
Бозор иқтисоди ўзининг кенг ёйилган тўрларига одамларнинг ўзинигина эмас, уларнинг юракларини ҳам илинтириб олади.
* * *
Баъзан табиат билан боғлиқ ҳодисалар маълум бир макон доирасида чегаралангандек бўлиб кўринади, ҳолбуки, аслида ҳар қандай экологик силжиш охир-оқибатда бутун Ер юзининг табиатига ўз таъсирини ўтказади.
* * *
Айтишларича, водийлар, паст текисликларга қараганда, тоғларда одам кенг, эркин, эҳтиросли фикр юритаркан. Юксак тоғлар фавқулодда нурафшон. Бошинг баногоҳ худди осмоннинг ўзига тегиб турганга ўхшайди, узатсанг қулоч ёзиб, қўлинг нақ булутларни қучади, манави азамат қоялар еру заминга қудратли илдизлари билан туташиб, теран кириб кетган, манави шаффоф тоза музликлар, манави мангу оппоқ қорлар шундоққина қўл остингда, беҳад тиниқ зумрад сув жилғалар ҳосил қилиб, офтоб нурларида ярақлайди, мовий-мовий товланади, ҳаво ҳам тўқ мовий-зангори, уни шимириб тўймайсан, кўксингга қандай кириб, қандай чиқаётганини аниқ сезиб турасан, бамисоли ҳозиргина чўнг штангани азот кўтаргандай.
* * *
Барча урушлар бу - ўзаро қирғинлар, одамларнинг бир-бирларини ўлдиришларидан бошқа нарса эмас. Мангу сукунат дунёсига йўл оларкан, ҳар бир ўлдирилмиш тирик жонким бўлмасин, генералми, ё одатий аскар - пушаймон бўлиши турган гап.
* * *
Ҳар қандай уруш одам боласининг иши ва ҳар қандай уруш шу оддий азал ҳақиқатни англаган ҳар бир одам учун адоқсиз фожиа...
* * *
Дейдиларки, дунё ҳеч қачон мўъжизасиз қолган эмас.
* * *
Аввал чўкаётган одамларни олисдан кузатишди. Душман кемаси батамом денгиз тубига чўкиб кетгач, сувости кемаси хатардан фориғ бўлиб, денгиз юзига сузиб чиқди. Барча аскарларга ташқи палубага чиқиш ҳақида буйруқ бўлди, ҳаммалари қўмондон қошида сафга тизилдилар. Қўмондон ташаккурнома эълон қилди. Душман аскарлари эса атрофда бирин-сирин чўкиб кетар, сув юзасида қолганлар кўп эмасди. Уларнинг айримлари сузиб сувости кемасига яқинлаб келишга уринар, лекин бунинг иложини қилолмас, айрим сузиб етганларини эса тепадан туриб қўлларини чўзиб тўппончадан отиб ташлардилар.
Ана сизга уруш. Урушда ўлдирган ютади. Ютган эса, доим ҳақ. Ҳамиша шундай бўлган ва бундан кейин ҳам шундай бўлади.
* * *
Ўлиш сенинг иродангга боғлиқ эмас, ҳеч ким ўлишни истамайди ва ҳеч зот айнан унинг ўзи ўлдирилишини билмайди. Ўлдириш - иродага боғлиқ, урушда эса - мажбурий, шарт қўйилган иш. Лекин ўзингга ўзинг қандай айтасан: ўлдирайми, ўлдирмайми?
Ғилдираклар изларнинг ёриқларида тарақлайди: ўлдир - ўлдирма, ўлдир - ўлдирма, ўлдир - ўлдирма...
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.