Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 декабрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • БОЛА НУҚСОН ВА ИРСИЙ КАСАЛЛИКЛАР БИЛАН ТУҒИЛМАСЛИГИ УЧУН НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР ҚАРАТИШ ЗАРУР?

Шоҳиста БОЗОРОВА

31.03.2018


БОЛА НУҚСОН ВА ИРСИЙ КАСАЛЛИКЛАР БИЛАН ТУҒИЛМАСЛИГИ УЧУН НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР ҚАРАТИШ ЗАРУР?

Мамлакатимизда миллат генофондини яхшилаш, она ва бола саломатлигини асраш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиб келинмоқда. Шу жараёнда тиббий генетика ривожланишининг ҳозирги босқичи бўлажак оналар ва болаларга ихтисослаштирилган юқори технологик ёрдам кўрсатиш учун скрининг марказлари моддий-техника базасини мустаҳкамлашни, сифат жиҳатидан яхшилашни тақозо этиши  алоҳида ҳисобга олинган. Хусусан, Президентимиз 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида она ва бола саломатлигини асрашда муҳим омил бўлган скрининг марказлари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари негизида туманлараро перинатал марказлар ташкил этиш ва уларни замонавий тиббиёт ускуналари, юқори малакали кадрлар билан таъминлаш масаласига алоҳида тўхталганди. 2017 йил 25 декабрда қабул қилинган "2018-2022 йиллар даврида болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш Давлат дастури тўғрисида"ги қарор ушбу эзгу мақсаднинг ҳуқуқий асоси бўлди. Хусусан, қарор билан болаларда генетик синдромларни эрта ташхислаш, наслий касалликлар бўйича оммавий скрининг текширувларини ўтказиш бўйича амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб берилди.

- Қарорга кўра, 15 та шаҳар ва туман кўп тармоқли марказий поликлиникаларида пренатал ташхис хоналари ташкил этилиб, ҳомиладор аёлларни оммавий текшириш ҳамда  ҳомилада туғма ва ирсий касалликлар профилактикаси олиб борилмоқда, - дейди вилоят "Она ва бола" скрининг маркази бош шифокори вазифасини бажарувчи Соҳиба  Исматова. - Марказимиз ҳомиладор аёлларда ҳомила ривожланишининг туғма нуқсонларини аниқлаш учун пренатал (туғруқ олди), туғма гипотиреоз ва фенилкетонурияни аниқлаш учун оммавий неонатал (чақалоқлар) скринингини ўтказмоқда. Оиласида туғма ҳамда ирсий патологиялар бўлган беморларга тиббий-генетик маслаҳатлар берилмоқда.

Скрининг марказида  жорий йилнинг ўтган даври  давомида 5 минг нафардан ортиқ ҳомиладор аёл туғишгача бўлган давр текширувидан ўтказилди. Натижада 85 нафар ривожланишида туғма нуқсонлар ва ирсий касалликлар бўлган бола туғилишининг олди олинди.

- Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори умумий амалиёт шифокори ва патронаж ҳамширасига ҳам катта масъулият юклайди, - дейди Соҳиба Исматова. - Чунки белгиланган тартибга асосан патронаж ҳамшираси ҳомиладор аёллар ҳолидан ойда бир марта уйига бориб, хабар олиши лозим. Бу вақтда у бўлажак онанинг умумий ҳолатини баҳолаш билан бирга, 14 ҳафтагача бўлган муддатда УТТ-сканер аппарати текширувидан ўтишини ҳам назоратга олиши керак. Шундагина биз - чақалоқларни скрининг текширувлари билан тўлиқ қамраб олиш орқали ирсий касалликларни барвақт аниқлаш бўйича диагностика ва даволаш тадбирлари самарадорлигини ошириш, миллат генофондини яхшилашга эришган бўламиз.

Дарҳақиқат, ҳар қандай ўзгариш ва хасталикда эрта ташхислаш кейинги саъй-ҳаракатларни белгилашда асосий омил саналади. Айниқса, бу туғма ва ирсий касалликлар олдини олишда ҳам жуда муҳим. Шундай экан, бу масалага тиббиёт ходимлари билан бирга бўлажак оналар ҳам онгли ёндашиши лозим.

 

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo