Болажонларнинг энг севимли байрамларидан бирига айланиб улгурган, юртимизда ёш авлодга бўлган ғамхўрлик ва эътиборнинг ёрқин ифодаси бўлган “Президент арчаси” тантаналари вилоятимизда мусиқали драма театрида ташкил этилди. Тадбирга 600 нафарга яқин Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари, болалар мактаб-интернатлари тарбияланувчилари, Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиб, юртимиз озодлиги ва тинчлиги йўлида қурбон бўлган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг фарзандлари ва бошқа болалар таклиф этилди.
Тадбирни вилоят ҳокими Зафар Рўзиев табрик сўзи билан очиб, болажонларни яхши ўқишга, Ватанимиз равнақи йўлида хизмат қиладиган муносиб фарзандлар бўлишга чорлади. Шундан сўнг болажонларга Президент совғалари улашилди. Маълумки, бу йил 11 минг дона Президент совғаси тайёрланди. Ҳар бир совғада 12 номдаги ўқув қуроллари, 15 хил ширинликлар бор.
“Билимлар мамлакатида Янги йил” деб номланган театрлашган концерт дастури орқали билим олиш, ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етиш ғояси илгари сурилди.
- Кўп китоблар ўқийман, аълочи бўлишга ҳаракат қиламан, - дейди Китоб туманидаги 5-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Шаҳзода Намозова. – Шунда ўзим кўзлаган мақсадга эришаман. Президентимиз бизга ишонади. Ҳар йили совғалар юборади. Ҳамма болалар бунга лойиқ бўлишимиз керак.
Болажонларга чексиз қувонч ва завқ бағишлаётган “Президент арчаси” тадбирлари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ташкил этилди.
Н.ХЎЖАЕВ
Суратда: байрам тадбиридан лавҳа.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.