Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Акмал АБДУРАҲМОНОВ

02.01.2017


БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯДА

 

Таъкидлаб ўтиш ўринлики, 1959 йилнинг 20 ноябрида БМТ Бош Ассамблеяси "Бола ҳуқуқлари тўғрисида"ги Декларацияни қабул қилган эди. 1979 йил, яъни Халқаро болалар йилида эса жаҳоннинг турли мамлакатлари ҳукуматлари тавсиялари асосида тузилган мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳ 10 йил давомида дунё бўйича бола ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларни ўрганди. Натижада 1989 йил 20 ноябрда БМТ Бош Ассамблеяси "Бола ҳуқуқлари тўғрисида"ги Конвенцияни қабул қилди.

Давлатимиз мазкур Конвенцияга Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1992 йил 9 декабрдаги қарорига мувофиқ қўшилган ва болалар ҳуқуқларини кафолатлаш, манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг тўғри тарбия олиши, ўқиши ва баркамол авлод бўлиб вояга етишлари учун шарт-шароитлар яратиб бериш борасида жуда катта ишларни амалга ошириб келмоқда.

Шунингдек, болалар ҳуқуқлари ҳимоясининг мустаҳкам сиёсий негизи яратилганлиги, бу жиҳат кўплаб ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда ўз аксини топганлигини ҳам юртимизда болалар келажагига қаратилаётган эътиборнинг ифодаси, дея айтиш мумкин. Шу асосда болалар соғлиғини назоратда сақлаш, спортга жалб этиш, сифатли таълим олишларини таъминлаш ва бошқа қатор жиҳатлар давлатимизнинг асосий диққат-эътиборида.

2008 йилнинг 7 январида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонуни ҳам бу борадаги ишларнинг янада изчиллигини таъминламоқда. IV боб ва 32 моддадан иборат бўлган ушбу Қонуннинг I боби бевосита “Умумий қоидалар” деб номланади. Ушбу бобда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, имкониятлари тенглигини таъминлаш, ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, камситилишига йўл қўймаслик, шаън ва қадр-қимматини ҳимоялаш, жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш, болалар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва бошқа шу каби кўплаб жиҳатлар бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Қонуннинг II боби бола ҳуқуқларининг асосий кафолатларига бағишланган бўлиб, унда боланинг яшаш, эркинлик ва шахсий дахлсизлик, оилавий муҳитга бўлган ҳуқуқлари, шунингдек, ғайриқонуний кўчирилишдан ҳимояланиш, ўз фикрини ифода этиш, меҳнат қилиш, дам олиш  ва бошқа шу каби ҳуқуқларининг  кафолати ўз аксини топган.

Айтиш жоизки, мамлакатимиз қонунчилигида ижтимоий ҳимояни таъминлаш масаласига аниқ йўналиш берилган. Хусусан, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг III боби "Ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари", деб номланган.

Унга кўра, ижтимоий  ҳимояга муҳтож болалар жамият ҳаётида иштирок этишда бошқа болалар билан тенг ҳуқуқларга эгадир. Шунингдек, давлат ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ва улар оилаларининг жамият ҳаётида фаол иштирок этишини таъминлаш учун уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслик шартлари асосида дастурлар ишлаб чиқиш ташаббускори бўлади ҳамда зарур ресурслар ажратади.

Мамлакатимизда бола ҳу-қуқлари ҳимояси кафолатлари тобора мустаҳкамланиб бораяпти. Яқинда қабул қилинган "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги Қонун ҳам бу борадаги ишларнинг узвий давоми бўлди. Болаларнинг ҳуқуқлари, ўқиши, тарбияси ва ижтимоий ҳимоясига оид қатор  меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар фарзандларимизнинг соғлом ва ҳур фикрли авлод сифатида  камол топишига хизмат қилмоқда. Зеро, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти таъкидлаганларидек, фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт.

Акмал АБДУРАҲМОНОВ,

Жануби-ғарбий алоҳида ҳарбий округ ҳарбий прокурорининг катта ёрдамчиси, адлия майори.

Report typo