Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

24.11.2020


БОЛАЛАР ҲАМ ОТА-ОНАСИГА ҒАМХЎРЛИК ҚИЛИШЛАРИ ШАРТ

Оқил фарзандлар ўстириш, уларга ғамхўрлик қилиш ота-онанинг гарданида бўлиши, энди болалар вояга етгач эса, аксинча, ота-онанинг қанотидан кириб, уларнинг хизматида туриши миллатимизнинг қон-қонига сингган олий қадриятларидан биридир. Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди. Боласи таъминотидан бўйин товлайдиганлар, ота-онасига ғамхўрлик қилишни унутган кимсалар ҳам орамизда учраб туради. Шу боис, ушбу оилавий муносабатлар қонун йўли билан ҳам тартибга солиб қўйилган.

Вояга етмаган фарзандлар учун ота ёки онадан алимент ундирилиши тартибидан кўпчилик хабардор. Бироқ, вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг ота-онасига таъминот бериш мажбурияти ҳам қонун билан  мустаҳкамлаб қўйилганини ҳамма билавермайди. Ана шу ҳақда тўхталамиз. 

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексида қайд қилинган нормага кўра, вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шарт. Ота-онасининг давлат ва нодавлат муассасалари қарамоғида эканлиги вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларни ота-она ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш мажбуриятидан озод қилмайди.

Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига ихтиёрий равишда моддий ёрдам беришдан бўйин товласалар, таъминот миқдори болаларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланади.

Ота-она, алимент ундириш ҳақидаги талабни ўз болаларининг бирига ёки бир нечтасига нисбатан қўйганлигидан қатъи назар, алимент миқдорини белгилашда суд вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг барчасини ҳисобга олади. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан ундирилаётган алимент миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмайди.

Шунингдек, вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ота-онасининг касаллигига ва бошқа узрли сабабларга кўра қилинадиган қўшимча харажатларда иштирок этишлари шарт. Улар бунга ихтиёрий равишда бош қўшмаса, талаб қилинаётган сумма суд тартибида ундирилиши мумкин.

Агар суд ота-онанинг ота-оналик мажбуриятини бажаришдан бўйин товлаганини аниқласа, болаларни меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож ота-онасига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилиши мумкин.

Аксинча, Жиноят кодексига асосан вояга етган шахсларнинг меҳнатга  лаёқатсиз ва моддий ёрдамга муҳтож бўлган ота-онани ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаши, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслиги, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Агар шахс алимент мажбуриятлари бўйича қарздорликни тўлиқ тўлаган бўлса, у бундай жавобгарликдан озод қилинади.

 

Report typo