Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Баҳодир ҲАЛИМОВ

10.02.2017


БОЛАЛАР МАЙДОНЧАСИ: жажжиларнинг жажжи олами

Маълумотларга кўра, айни вақтда биргина Қарши шаҳридаги кўпқаватли турар жойлар атрофида юздан зиёд болалар майдончалари бор. Улар ҳар доим ўғил-қиз билан гавжум.

– Айни вақтда қарилик гаштини сураяпман, – дейди Қарши шаҳридаги Нуристон маҳалласида истиқомат қилувчи Инобат ая. – Яқинда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди шаҳар бўлинмаси кўмагида маҳалламизда замонавий болалар майдончаси қуриб, фойдаланишга топширилди. Ҳар куни невараларимни шу ерга олиб чиқаман. Улар қўшни болалар билан маза қилиб ўйнайди. Шу орқали қўни-қўшничилик, дўстлик ришталари уларнинг жажжи қалбида куртак ёзади.

Бугун шаҳардаги болалар майдончалари ўзининг кўриниши, аттракционларга бойлиги билан ҳам аҳамиятли. Олдинлари иккита-учта талабга жавоб бермаган, асосан арғимчоқдан иборат бўлган, тупроғи кўпчиб турган майдончалар қисқа вақт ичида қайтадан чирой очиб, замонавий қиёфа касб этди. Спортнинг бошланғич таълимини бера оладиган, болаларни эртаклар мамлакатига етаклайдиган, уларнинг онгига бунёдкорлик, эзгулик ғояларини сингдиришга хизмат қиладиган аттракционлар қайси болага манзур бўлмайди, дейсиз?! Айниқса, уларнинг аксарияти саховатпеша тадбиркорлар кўмагида бунёд этилаётгани ота-оналарга ҳам манзур бўлмай қолмайди, албатта.

– Маҳаллада кўркам майдонча ташкил этдик, – дейди тадбиркор Рустам Абдиев. – Бу ерда ўзимнинг, қолаверса, қўни-қўшни, маҳалла-кўйнинг болалари ўйнаб, ҳордиқ чиқармоқда. Шунингдек, мазкур майдонча маҳалла кўркига ҳам кўрк қўшиб турибди.

Ҳа, болаларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши, ҳар лаҳзасини қувноқ ўтказиши, соғлом ва дуркун улғайишини таъминлаш ҳар бир кишининг бурчига айланди. Хусусан, маҳалла-кўйнинг ўзи бирдам, ҳамфикр бўлиб, ўз фарзандлари учун ҳам болалар майдончалари қуриб беришга чоғланмоқда. Бунда эл кайвонилари, маҳалла фаолларининг тадбирли кишилар экани асқатмоқда. Хусусан, Наво маҳалласидаги болалар майдончаси ҳам ҳудуддаги болаларга ота-оналар томонидан муносиб совға бўлди.

– Мустақиллик йилларида одамларнинг дунёқараши тубдан ўзгарди, – дейди маҳалла раиси Ўктам Ражабов. – Мен кўрмаганни болам кўрсин, етишмаганларимга болам етсин, деб яшайдиган бўлди. Бу яхши, албатта. Шу мақсадда, мана, маҳалламиз ҳудудида маҳалла-кўй бир ёқадан бош чиқариб, болалар майдончаси барпо этдик. Уни аттракционлар билан бойитдик. Болалар мамнун. Маза қилиб ўйнаяпти. Энди ота-она ҳам боласи “кўчага чиқаман”, деб хархаша қилса, қаерга олиб боришни ўйлаб, боши қотмайди. Мана, майдонча. Ундан хоҳлаган пайтда фойдаланиш имкони мавжуд. Қувонарлиси, бу майдонча аҳиллигимизнинг ҳам бир ифодасидир.

Дарҳақиқат, бугун болалар тақдири, уларнинг келажаги энг муҳим масала. Ва бунга жиддий эътибор қаратилмоқда. Натижада болаларда эстетик дид шаклланиб, дунёқараши замон билан ҳамнафас ўсиб бораётир.

Баҳодир ҲАЛИМОВ

Report typo