Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Болалар оромгоҳи 10-15 йилга тадбиркорга ижарага берилгач, келажакдаги фаолияти қандай бўлади?

06.06.2024


Болалар оромгоҳи 10-15 йилга тадбиркорга ижарага берилгач, келажакдаги фаолияти қандай бўлади?

Қарор ва шарҳ

Болаларни соғломлаштириш оромгоҳлари билан қамраб олиш даражасини ошириш мақсадида вилоятимиздаги бундай масканларнинг иккитасида тадбиркорлар ва хўжалик юритувчи субъектлар иштирокида ўзаро манфаатли ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилса, яна иккитаси ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилади.

Жорий йил 29 майда мамлакатимиз Президенти "Болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам оладиган болалар қамровини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида" қарор қабул қилди. Унда қайд этилишича, ўтган йилнинг ёз мавсумида юртимизда жами 196 та стационар болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилиб, 158 минг нафар бола соғломлаштирилди. Шу билан бирга, болалар     соғломлаштириш оромгоҳлари сони аҳолининг ўсиш даражасига мутаносиб тарзда ошиб бориши таъминланмаган. Жумладан, мамлакатимизда болалар сони 1991 йилга нисбатан 71 фоизга ошган бўлса-да, уларни соғломлаштириш оромгоҳлари сони 2 бараварга қисқарган.

Мазкур жабҳадаги вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун давлатимиз раҳбари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг таклифларини маъқуллаб, юртимиздаги 38 та стационар (шу жумладан, Яккабоғ туманидаги "Чавандоз" ва Шаҳрисабз туманидаги "Зебинисо") болалар соғломлаштириш оромгоҳи негизида тадбиркорлик субъектлари ва хўжалик юритувчи субъектларни жалб этган ҳолда  ўзаро манфаатли ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилади. Уларга кўра, айрим оромгоҳлар ҳудудининг бир қисмида янги биноларни қуриш ёки мавжуд биноларни таъмирлаш ва жиҳозлаш шарти билан оромгоҳлар бино-иншоотлари ва (ёки) ер участкаларининг бир қисми 15 йилгача муддатга ҳамкорларга ижарага берилади.

Баъзи оромгоҳларни эса ҳамкорлар, яъни тадбиркорлар ва хўжалик юритувчи субъектлар фақат ёзги мавсумдан ташқари пайтда фойдаланиш учун 10 йилгача муддатга ижарага олишади. Бунда ҳам ижрачи олдига оромгоҳ ҳудудида янги биноларни қуриш ёки мавжуд биноларни таъмирлаш ва жиҳозлаш шарти қўйилади, лекин ёзги мавсум пайтида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ушбу масканнинг бинолари ва ер участкасидан оромгоҳлар ташкил этиш учун фойдаланади.

Бу жабҳадаги ҳамкорлик лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишнинг яна бир механизми бўйича оромгоҳ тадбиркорга 10 йилгача муддатга ижарага берилиб, унинг ҳудудида янги биноларни қуриш ёки мавжуд биноларни таъмирлаш ва жиҳозлашдан ташқари ёзги мавсум пайтида оромгоҳлар ташкил этиш шарти ҳам қўйилади.

Ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилиши кўзда тутилган болалар соғломлаштириш оромгоҳлари тадбиркорлар ва хўжалик юритувчи субъектларга "E-auksion" электрон савдо платформаси орқали таклиф этилади. Ҳамкорлар ижарага олинган оромгоҳнинг бино-иншоотлари, мол-мулки ва ер участкасига ўзгартириш киритмаган ва зарар етказмаган тарзда қонунчиликда тақиқланмаган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин.

Қарорга кўра, юртимиздаги оромгоҳларнинг яна 13 таси (шу жумладан, Шаҳрисабз туманидаги "Лочин" ва "Зиё чашмалари") бино-иншоотлари ва (ёки) ер участкаларини ёзги мавсумдан ташқари пайтда ҳамкорларга ижарага бериш орқали ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилади.

Ҳужжатда, шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан юртимизнинг турли ҳудудларида Болаларни соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини тиклашга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 15 та оромгоҳлар қурилаётгани, шулар қаторида Шаҳрисабз туманидаги "Гулнора" оромгоҳи ҳам реконструкция қилинаётгани таъкидланган.

Қарорнинг алоҳида бир банди Китоб  тумани Қайнар маҳалласида жойлашган "Кимёгар" оромгоҳига бағишланган бўлиб, унга асосан ушбу маскан баҳоланган қийматда "Қашқадарё агрокимёҳимоя" акциядорлик жамиятининг давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ва ажратилган бюджет ссудаси бўйича қарздорликларини камайтириш ҳисобига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига мулк ҳуқуқи асосида берилади.

Президент топшириғига биноан 2024-2025 йилларда Болаларни соғломлаштириш ва аҳоли саломатлигини тиклашга кўмаклашиш жамғармасига республика бюджетидан 425 миллиард сўм, ҳудудларнинг  маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан 210 миллиард сўм йўналтирилади. Жумладан, вилоятимиз маҳаллий бюджетининг бу борадаги ҳиссаси ҳар йили 13,01 миллиард сўм, жами 26 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этади. Ушбу маблағ Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан қурилаётган 15 та оромгоҳни барпо этишга, шунингдек, мазкур федерация тизимидаги оромгоҳларда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг фарзандлари дам олиши ва уларни соғломлаштириш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун ҳар бир йўлланма нархининг 50 фоизидан ошмаган миқдорда оромгоҳларга компенсация тўлашга ва бошқа мақсадларга сарфланади.

Ўз мухбиримиз

Report typo