Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

06.09.2019


БОЛАЛАРНИ ЭМЛАШ ПУЛЛИКМИ?

Мамлакатимизда болаларни эмлаш бўйича  ЮНИСЕФ ҳамкорлигида қатор ишлар амалга оширилган бўлиб, миллий иммунизация дастурини кучайтириш ва барқарорлигини таъминлашда амалий ҳамда консультатив ёрдам кўрсатилаяпти. Қайд этилишича, ҳозирги кунда болаларни  қатор юқумли ва асорати оғир касалликларга қарши (гепатит А дан ташқари)  мутлақо бепул асосда эмлаш ўтказиб келинаяпти.

Шунга қарамай, айрим ота-оналар томонидан фарзандларининг саломатлиги учун муҳим бўлган вакцинация жараёнига етарлича эътибор қаратилмаяпти. Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган эмлаш ҳақидаги ёлғон маълумотлар, стереотиплар уларнинг ишончига соя солмоқда.

Боланинг туғилганиданоқ ва то 16 ёшгагача бўлган турли босқичларда эмлаш уни келгусида хавф солувчи касалликлардан ишончли ҳимоялайди.

Мисол учун, карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар, полиомиелит, дифтерия, қоқшолга қарши эмлаш натижасида республикамизда бу касалликлар кўп йиллар мобайнида  қайд этилмаган.

Шу ўринда бир янгилик:  аёлларда бачадон бўйни саратони касаллигининг олдини олиш мақсадида энди мамлакатимизда ўсмир қизларни режали эмлаш амалга оширилади ва ушбу жараён жорий йилнинг ноябрь ойида бошланади.

Журналистларни қайта тайёрлаш маркази тренери Наргис Қосимова тақдим этган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳар йили 2,5 миллиондан ортиқ болалар эмланади ҳамда эмлаш қамрови 95 фоиздан юқори кўрсаткични ташкил этади. Бундан ташқари, 3000 дан ортиқ эмлаш пунктлари мавжуд бўлган мамлакатимизда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда вакциналар билан узлуксиз таъминлаш, совуқлик занжирига риоя этиш йўлга қўйилган.

Семинар-тренинг давомида  журналист ва блогерларнинг вакцинация ва унинг бола соғлиғига таъсири, ОАВда болаларни эмлаш мавзусини ёритишнинг замонавий усуллари, болалар саломатлиги масаласи бўйича ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқалган материаллардаги стереотипларни аниқлаш, иммунизация бўйича сохта хабарларни текшириш борасидаги билим ва салоҳиятини оширишга эътибор қаратилди.

Иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда ўзлаштирган билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб, ўз таклиф-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo