Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

10.03.2021


БОР ЭДИ. ЙЎҚ БЎЛДИ

Фотонигоҳ

Ушбу суратларда намоён бўлган, экскаватор бузаётган бино тасвирларини кўриб, қайси шўринг қурғур тадбиркорнинг биноси бузилаяпти экан, ё бўлмаса, бирор фуқаронинг уйи "снос"га тушган бўлса, бечора чирқиллаб қоладиган бўпти-да, ҳартугул рулда ҳоким ўринбосари эмасмикан ишқилиб, деган фикрлар ўтаётгандир хаёлингиздан.

Маълум бўлишича, ушбу жой Нишон туманидаги Нишон маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган қишки ва ёзги клуб бинолари экан. Дарҳақиқат, ичкаридаги айрим тасвирий санъат намуналаридан бу ернинг маданият муассасаси эканини билиш мумкин бўлса, уёқ-буёқда қалашиб ётган спиртли ичимликлар шишалари бу ерни анчадан буён кўплаб маданиятсизлар макон тутганини тасдиқлаб турибди. Қаровсизлик авж пардасидаки, ушбу клуб бирор йилги дастурга киритилиб, обод этилиши режада йўқмикан, деган савол туғилади кишида.

Нишон тумани ҳокимлигидан суриштириб билишимизча, эски клуб бинолари бир неча йил олдин туман маданият бўлими балансидан чиқарилиб, тадбиркорларга берилган ва улар бу ерда ўз фаолиятини йўлга қўйиш ниятида.

Хўш, бу ернинг айни вақтдаги эгаси ким ўзи, қандай фаолият йўлга қўймоқчи, шунча йил олдин эгаллаб қўйилган бинодан нега фойдаланмади? Ҳар ҳолда тадбиркорга берилган вақтда киритиладиган сармоя, яратиладиган иш ўрни аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган, шунчаки туҳфа сифатида қўшқўллаб тутқазилмаган бўлса керак, деган фикрдамиз.

Бизни қизиқтирадиган яна бир савол шуки, туманда кўнгилдагидек ишлайдиган нечта клуб бор? Нишон маҳалласида янги клублар қурилдимики, эскилари бузиб ташланаяпти? Ушбу саволларга мақола тайёрлаш жараёнида жавоб беришни пайсалга солган масъуллардан у чоп этилиб, жамоатчилик эътиборига ҳавола қилингач бирор акс-садо бўлишидан умидвормиз...

НАСРИДДИН

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo