Қарши шаҳрида яшовчи 52 ёшли фуқаро муқаддам “Жиҳодчилар” диний экстремистик оқимига аъзо бўлганлиги учун 2004-2018 йилларда жазо муддатини ўтаган. Шунча йил умри қамоқда ўтган бўлишига қарамай, 1994, 1996, 1998 йилларда туғилган уч фарзанди ва 2000 йилда туғилган жияни, шунингдек, 1974-1998 йиллар оралиғида туғилган 11 нафар маҳаллий фуқародан иборат ноқонуний гуруҳ ташкил этган.
У “Telegram” ижтимоий тармоғида “Жиҳодчилар” гуруҳини ташкил этиб, диний экстремистик ва террористик ташкилотлар ғоявий раҳнамоларининг, жумладан, Абу Салоҳ, Абдуллоҳ Зуфар, Содиқ Самарқандийнинг ҳижрат ва жиҳод қилиш тўғрисидаги аудио, видеомаърузалари ҳамда даъватлари билан улашиб, оқим ғояларини ўз атрофидагиларга тарғиб қилиб келган. Шунингдек, улар Сурия давлатидаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти сафига бориб қўшилиш масалаларини муҳокама этишган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар ходимлари томонидан ушбу ноқонуний гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақдаги лавҳа “Ўзбекистон 24” телеканалида намойиш қилинди.
Дастлабки тергов-суриштирув жараёнларида аниқланишича, гуруҳ етакчисининг кўрсатмаси билан унинг аъзолари босқинчилик жиноятларини содир этиш орқали йўл харажатлари учун пул йиғиш, сўнгра Сурияга бориб террорчилик ташкилоти сафига бориб қўшилишни режа қилган.
Уларнинг яшаш манзилидан компьютер, DVD-дисклар, флеш-карталар, дрон, телефон аппаратлари, диний мазмундаги адабиётлар, шунингдек, бир донадан ўқотар ва пневматик қурол, патронлар ва гилзалар ашёвий далил сифатида процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Айтилишича, гуруҳ аъзолари орасида МЧЖ раҳбари ва ишчиси, буюм бозорида сотувчилик билан шуғулланувчи шахслар ҳамда институт талабаси бор.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.