Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли

20.09.2018


БОСҚОН ТЕМИРНИНГ УСТИДАГИ ЗАНГИНИ КЕТКАЗГАНИ КАБИ...

Лекин унга озгина шакар ва сув аралаштирилса, ундан лаззатли бир ичимлик пайдо бўлади. Руҳшунос айтмоқчики, агар ҳаётингда қандайдир мусибатга рўбарў бўлсанг, ғам-қайғуга ботиб, ҳаётингни барбод қилма, чунки ҳаётда унинг ширин дамларини тахир қиладиган нарсалар учраб туради. Бу табиий ҳол. Лекин, сен ўзингга етган мусибатдан сабоқ ол. Ундан фойда чиқар, мусибатингни саодатга айлантир.

Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, қуйида касалликнинг фойдалари ҳақида мухтасар суҳбатлашмоқчимиз. Араб тилида мусибат деб кишига тўсатдан етадиган нохуш ҳолатга айтилади. Шу маънода касалликни ҳам мусибат дейишимиз мумкин. Хўш, касалликдан инсонга бирор фойда бўлиши мумкинми?

Касаллик одамга берадиган дастлабки наф нафснинг ислоҳ бўлиши ҳамда ёмонлик ва гуноҳлардан покланишга сабаб бўлишидир.

“(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса – гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур” (“Шуаро” сураси, 30-оят).

Демак, кишига мусибат етса, “Бу ўзи қаердан келиб қолди? Ким бу дардни менинг бошимга солди?” демаслиги керак экан. Мусибат гуноҳ туфайлигина етур ва бунда хушхабар, огоҳлантириш бор. Пайғамбаримиз: “Мўмин кишига аҳлида, молида, фарзандларида балою офатлар устма-уст кела бошлайдики, шулар туфайли гуноҳлари кечирилганидан, Аллоҳга ҳеч қандай хатоси қолмаган ҳолда рўбарў бўлади”, дейдилар.

Аллоҳнинг беморга яқин бўлиши. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло дейди: “Эй Одам боласи! Фалончи бандам касал бўлди, кўргани бормадинг, агар борганингда унинг ҳузурида Мени топган бўлардинг” (Муслим ривояти).

Касаллик орқали банданинг сабри юзага чиқади.

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Албатта мукофотнинг катталиги балонинг катталиги биландир. Агар Аллоҳ бир қавмни яхши кўрса, уларни балолантириб қўяди. Кимки рози бўлса, унга ҳам розилик, кимки ғазаб қилса, унга ғазаб насиб бўлади. Банда мусибатларга иймон ва сабот ила сабр қилса, у сабрлилар девонига ёзиб қўйилади. Агар ундан розилик ҳосил бўлса, рози бўлганлар девонига ёзиб қўйилади. Бандадан ҳамд ва шукур ҳосил бўлар экан, Аллоҳ тақдир қилган барча қазолар унинг учун хайрли бўлиб қолаверади”.

Суҳайб розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳнинг мусулмон учун белгилайдиган ҳар бир тақдири хайрлидир” (Муслим ривояти).

Бандада таваккул, тазарру, ихлос билан дуо қилиш каби иймон ва ишончни зиёда қиладиган ишлар ҳосил бўлади. Чин мўминлар ўзларига етаётган мусибатларга сабр қилишади, дарров сеҳргар ёки фолбинга югуриб боришмайди. Балки касаллик ёки муҳтожлик етса, ёлғиз Аллоҳдан ёрдам сўрайдилар. Бу каби мадад кутиш намунаси Айюб алайҳиссалом ҳаётида яққол кўринади. Айюб пайғамбарнинг балою мусибатларини ўйлаб кўринг, бор мол-мулклари, фарзандларидан ажралдилар, ўзлари оғир дардга йўлиқдилар. Бу аламларнинг улканлигига қарамай, у зот эртаю кеч ҳамд айтар, бу имтиҳонлар учун рози бўлар эди. Чунки у киши барча ишлар Аллоҳнинг қўлида эканини билар, дарду аламлари ҳақида ҳеч кимга шикоят қилмас эди. Ниҳоят Роббиларига сидқ ила нидо қилдилар: “Эй Роббим мени бало ушлади, ўзинг раҳм қилувчиларнинг раҳмлироғисан”. Шунда Аллоҳ таоло балони кўтарди ва у зотни мақтаб, шундай деди: “Дарҳақиқат, Биз (Айюбни) сабр қилгувчи ҳолда топдик. У нақадар яхши бандадир”.

Касаллик фойдаларидан яна бири – киши кибр, ўзига бино қўйиш, мақтанчоқлик каби ёмон сифатлар ва иллатлардан покланади.

Баъзи инсонларга бойлик ато этилса, улар ўзини беҳожат сеза бошлайди. Бахиллиги ортиб, манмансираши зиёдалашиб кетади ва мутакаббирлик доимий сифати бўлиб қолади. Бундай одам беморлик етгач, ўзи, ўзлиги ҳақида ўйлаб кўради.

Абдуллоҳ ибни Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Одамлардан кимки танасига бир касал етиб, мусибатланар экан, Аллоҳ азза ва жалла унга қўриқчи бўлган малоикаларига шундай буюрар экан: “Бандам учун, худди у соғ кунларида хайрли амаллар қилгани каби кечаю кундуз яхшиликларни ёзинглар”.

Кимки касалликлар аламини тортиб кўрар экан, тансиҳатлигининг қийматини билади. Ривоят қилишадики, Фузайл ибни Иёзнинг кичик ёшли қизи бор эди. Кунлардан бири, қизнинг кафтига бир яра чиқди. Фузайл ундан: “Қизим, кафтинг тузукми?” деб сўради. Шунда қиз: “Раҳмат, отажон яхшиман. Гарчи Аллоҳ танамнинг оз қисмига дард берган бўлса-да, жисмимнинг кўп қисмига офият ато этгандир. Кафтимга касаллик берди, қолган аъзоларимни эса соғ қолдирди”, деб жавоб берган экан.

Ҳаммамизга таниш ҳолат: касал болага мажбурлаб аччиқ дорини ичираётганда, боланинг инжиқлик қилиб йиғлаётганини кўриб, ота ёки онага “Болага раҳмингиз келса-чи?!” деб маломат қилинади. Аслида бу ишни болани яхши кўрганимиз, унга азбаройи раҳмимиз келганидан қиламиз. Аллоҳ ҳам шундай: бандага яхши бўлиши учун аччиқ нарса билан синаб кўради.

Муслим Жаброндан ривоят қиладики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни Умми Соибнинг ҳузурига кирдилар ва: “Сизга нима қилди?” деб сўрадилар. У аёл: “Иситма, ундан қийналиб кетдим”, деб жавоб бердилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иситмани ёмонламанг, у одам боласининг хатоларини худди босқон темирнинг устидаги зангини кетказганидек кетказади”, дедилар.

Имом Аҳмад саҳиҳ санад билан Ибн Умардан ушбу ҳадисни ривоят қилади: “Бир кунлик иситма бир йиллик гуноҳларга каффоратдир”.

Имом Аҳмад ва Насоий Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Кунларнинг бирида бир киши Расулуллоҳдан сўради: “Ё Расулуллоҳ, биз учун касалликларда нима бор?” Расулуллоҳ: “Каффорат бор”, дедилар. Шу суҳбатда иштирок этаётган Убай ибн Каъб сўради: “Ё Расулуллоҳ, оз миқдорда бўлса ҳамми?” Расулуллоҳ: “Бир тикан киришидан бошлаб ундан юқоригача”, деб жавоб бердилар.

Биз ҳозир мусибат, машаққат ва касалликлар туфайли мўмин киши эришадиган савоблар, гуноҳларнинг ўчирилиши ва бошқа фойдали ҳолатлар ҳақида суҳбатлашдик. Лекин бу банда атайин ўзини касалликларга йўлиқтириши керак, дегани эмас, албатта. Набий (алайҳиссалом) Тоиф шаҳрида тошбўрон қилинганларида, Аллоҳга илтижо қилатуриб: “Эй Аллоҳ, бу мусибатлар ортида Сенинг менга ғазабинг бўлмаса, уларга парво қилмайман. Аммо барибир офиятинг мен учун кенгроқ (ёқимлироқ)дир”, деганлар.

Банда бирор касалликка чалинса, илож қадар мубоҳ бўлган йўллар билан ўзини муолажа қилишга буюрилган. Банда ўзига омонат қилиб топширилган жони, моли ва ақлини муҳофаза қилишга буюрилган.

Пайғамбар (алайҳиссалом) бошлари оғриса, уни боғлардилар. Очликдан ошқозонлари оғриганда, ейишга ҳеч нарса тополмасалар қоринларига тош боғлаб олардилар. Шунингдек, Коинот сарвари бош оғриғидан халос бўлиш учун хина қўйишни тавсия этганлар. Кўз касалликларида тинчликни сақлаш, осойишталик ва дам олишни буюрганлар. Томоқ оғриғини даволашда ҳинд ёғочини, қорин оғриғида асални қўллаганлар. Ул зот (алайҳиссалом) шифо сутда, асалда ва куйдиришда эканини айтиб, куйдириб даволашдан қайтарганлар. Яна бир ҳадисларида даволанишга чақириб (маъноси): “Даволанинглар, зеро Аллоҳ нимаики дард яратган бўлса, албатта унинг давосини ҳам яратган. Қачонки, даво дардга мувофиқ келса, албатта Аллоҳнинг изни билан шифо топади”, дея марҳамат қилганлар.

Абул Баракотнинг ёзишича, “Бир касаллик чиққан жойда бўлсангиз, бошқа бирор ёққа чиқманг, бир ерда касаллик тарқаса, у ерга саёҳат қилманг”, деб  буюриб Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳозирги карантин усулини тавсия этганлар. Яна барча касалликларда парҳезга буюриб, “Ҳамма даволарнинг боши шудир”, деганлар.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг кунига бир неча марта мисвок қилишга буюришларининг ҳикмати ҳам жуда катта. Олимлар эътирофича, мисвок тиш чиришининг олдини олади, милкни мустаҳкамлайди, бўғизга қувват беради, оғиз сувини юмшатади, овқат ҳазмини яхшилайди, қаришни секинлаштиради ва бошқа кўплаб касалликларга шифодир.

Умумий хулоса шуки, беморликдан кишига етадиган фойдалар кўп, бироқ бу саломатликка эътиборсиз бўлиш керак дегани эмас.

Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли

Report typo