Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 декабрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Рустам НОРЧАЕВ

25.01.2018


БОШ МАҚСАД - ИНСОН МАНФААТЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ

Биргина суд-ҳуқуқ соҳасини олсак, одамлардан келиб тушаётган мурожаатлар, халқ билан бевосита учрашув ва мулоқот жараёнида кўтарилаётган масалаларни умумлаштириш, парламент сўрови орқали ҳаққоний вазиятни таҳлил қилиш, Олий суд ва Судьялар олий кенгаши билан бирга муаммоларни ҳал этиш чораларини кўриш вазифалари юклатилган Олий Мажлис ҳузуридаги Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссияси ташкил этилиши, "Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тўғрисида"ги ва "Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида"ги қонунлар ишлаб чиқилиши, шунингдек, тинтув ўтказишга ва жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларнинг телефондаги мулоқотларини эшитиб туришга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилгани муҳим воқеликдир.

Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан "текшир-текшир" ва "деди-деди" қабилидаги гаплар асосида жавобгарликка тортиш, ўз манфаати йўлида "идора" номини рўкач қилишга барҳам берилиши халқимиз кўнглидаги гап, кўпдан бери кутилаётган ўзгариш бўлди.

Айрим қилмишларни жиноятлар тоифасидан чиқариш ва либераллаштириш, жиноий жазоларни инсонпарварлик нуқтаи назаридан ўзгартириш мақсадида 2018-2021 йилларда жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни ривожлантириш концепцияси ва шу асосда жиноий жавобгарликка тортиш муддатлари қайта кўриб чиқилиши эса инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашдаги навбатдаги муҳим қадамлардан биридир.

Бундай демократик янгиликлар, бугун юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, авваламбор, халқ билан мулоқот принципига ғоят уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, фаолият самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Тўғри, ўтган бир йил мобайнида суд, прокуратура, ички ишлар органлари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Лекин бу борада қабул қилинган қатор ҳужжатлар ҳаётга тўлиқ татбиқ этилмаётгани ҳам бор гап. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ички ишлар идоралари ҳали чинакам "халқпарвар ички ишлар идоралари"га айлангани йўқ. Прокуратура органларининг эса жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги фаолияти етарли эмас. Суд идоралари ҳали-ҳамон ҳар қандай ҳолатда адолат қарор топадиган масканга айлангани йўқ. Шу сабабли бу соҳадаги ислоҳотлар келгусида ҳам қатъий ва изчил давом этади.

Президентимиз қонунлар муҳокамасига кенг халқ оммасини жалб қилиш, бунинг учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, жумладан, интернет тармоғида махсус "майдон"лар яратиш зарур, деб мамлакатимиз фуқаролари давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар бўйича ўз фикрларини билдиришлари учун глобал тармоқда "Менинг фикрим" деб номланган махсус веб-саҳифа ташкил этиш фикрини илгари сурди. Бу ташаббус парламентимизнинг барча аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.

Умуман олганда, тарихий Мурожаатномадаги ҳар бир масала халқимиз турмуш фаровонлиги ва ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлашга қаратилганки, бунда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳам муҳим ўрин тутади.

Рустам НОРЧАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Олий ўқув курслари тингловчиси

Report typo