Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Баҳодир ИСМОИЛОВ

16.10.2017


БОШ ҚОМУСИМИЗНИ ЯРАТИШ ЙЎЛИДАГИ 10 МУҲИМ ҚАДАМ

Авваламбор, шуни таъкидлаш лозимки,  конституциявий "бино"ни қуришда 3 минг йиллик миллий давлатчилик тажрибасига  таянилган. Ундаги қадимги Хоразм ва Сўғдиёна, Қорахонийлар,   Хоразмшоҳлар, Амир Темур ва Темурийлар, ўзбек хонликлари, маърифатпарвар аждодларимиз, халқимизнинг тарихий анъаналари ва мустақил давлат борасидаги кўп асрлик орзулари ўз ифодасини топган. Қолаверса, манфаатларимиз қарашлари ва интилишларимиздан келиб чиққан ҳолда, дунёнинг 97 мамлакати тўплаган илғор конституциявий тажриба ҳисобга олинган.

Эътироф этиш жоизки, Биринчи  Президентимиз Ислом Каримов ҳақли равишда демократик талаблар ва халқаро мезонларга тўлиқ жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий муаллифи эди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, замонавий  Ўзбекистоннинг тарихи - бу мамлакатимизнинг ҳақиқий мустақилликка эришиш йўлида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом      Каримов раҳнамолигида олиб борилган ўта мураккаб ва оғир курашлар тарихидир.

Яқин тарихимизга назар ташласак, Бош қомусимизни тайёрлаш, муҳокама этиш, қабул қилиш ва унинг амал қилиши йўлидаги 10 та муҳим ҳуқуқий қадамни кўриш мумкин. Қуйида шу ҳақда тўхталамиз.

Конституцияни яратиш йўлидаги биринчи ҳуқуқий қадам - ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишидир.

Бу ҳақда гап борганда, авваламбор, 1989 йилнинг 21 октябрь куни қизғин баҳс ва тортишувлардан сўнг сиёсий-маънавий ҳаётимиздаги унутилмас ҳодиса - миллий қадриятларимизнинг асосий устунларидан бири бўлган она тилимизга давлат тили мақоми  берилганини алоҳида таъкидлаш ўринли.

Чунки қалтис ва мураккаб вазиятда оғир-вазминлик билан иш тутилиб, ҳар томонлама ўйлаб, мулоҳаза қилиниб, барча сиёсий ва ижтимоий гуруҳларнинг талабларини қондирадиган, энг муҳими, халқимиз ва Ватанимиз манфаатларига жавоб берадиган ягона тўғри йўлни топишга эришилган эди. Даставвал давлат тили ҳақидаги қонунда мустаҳкамланган муҳим қоидалар Асосий қонунимизнинг 4-моддасида қуйидагича муҳрлаб қўйилди: "Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир.    Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади".

Иккинчи ҳуқуқий қадам - президентлик институти таъсис этилиши ва янги давлат рамзларини тайёрлаш бўйича комиссия тузилиши билан боғлиқ.

Юртимиз ҳаётидаги ғоят муҳим ва ҳаяжонли   воқеалардан бири 1990 йилнинг март ойида бўлиб ўтганини яхши эслаймиз. Ўшанда Олий Кенгашнинг ўн иккинчи чақириқ биринчи сессиясида собиқ иттифоқ таркибидаги республикамизда президентлик лавозими жорий этилди, давлат рамзлари ҳақидаги масала муҳокама қилиниб, бу борада махсус комиссия тузилди. Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи  Конституциясини яратиш ғояси илк бор ана шу   сессияда илгари сурилди.

Учинчи қадам - Мустақиллик декларациясининг эълон қилинишидир.

Ўзбекистон Олий Кенгаши томонидан 1990 йил 20 июнда эълон қилинган Мустақиллик декларациясининг 8-бандида Ўзбекистон "ўзининг тараққиёт йўлини, ўз номини белгилайди ва давлат белгиларини (герб, байроқ, мадҳия) ўзи таъсис этади" деган қоида мустаҳкамланган. Декларациянинг 12-бандида эса ушбу ҳужжат республиканинг "янги Конституциясини ишлаб чиқиш учун асос" бўлиши қайд этилган. Ўшанда бундай мазмундаги ҳужжат собиқ иттифоқ ҳудудида биринчи бўлиб Ўзбекистонда қабул қилинган эди.

Навбатдаги асос - Конституциявий комиссиянинг ташкил этилишига бориб тақалади.

Юқорида айтганимиздек, республиканинг янги Конституциясини ишлаб чиқиш зарурлиги ҳақидаги фикр 1990 йил мартда ўртага ташланган бўлса,   Мустақиллик декларациясида уни рўёбга чиқариш бўйича қарор қилинди. Шунга асосан Ислом Каримов раислигида 64 кишидан иборат Конституциявий комиссия тузилди. Комиссия таркибига депутатлар, вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикаси вакиллари, давлат, жамоат ташкилотлари, корхоналар, хўжаликлар раҳбарлари, таниқли ҳуқуқшунослар, олимлар ва мутахассислар киритилди.

Лойиҳа 2 йилдан ортиқ вақт мобайнида тайёрланди. Олимлар дунё конституциялари ва асосий қонун лойиҳаларини чуқур ўргандилар.

Конституция - мукаммал ва монументал асар бўлиб, у барча қонунчиликнинг ўзагидир. Шунинг учун ҳам аввал унинг ғоявий мағзи, яъни концепцияси ишлаб чиқилди. Натижада учта муқобил: Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси фалсафа ва ҳуқуқ институти, Сиёсатшунослик институти ва Президент аппаратининг давлат-ҳуқуқий сектори концепциялари яратилди. Ишчи гуруҳ учинчи концепцияни қолганлари билан умумлаштирган ҳолда уни ягона ғоявий асос шаклига келтирди.

Конституция лойиҳасининг 6 бўлим, 158 моддадан иборат дастлабки варианти 1991 йил ноябрда тайёрланди. 1992 йил баҳорида лойиҳанинг иккинчи, 149 моддадан иборат варианти ишлаб чиқилди. Учинчи вариант 137 моддадан иборат эди. Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилишидан олдин 127 моддага келтирилди. Президент Конституциявий комиссия раиси сифатида унинг ҳар бир моддасини диққат билан кўздан кечирди ҳамда ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Конституцияни яратиш йўлидаги бешинчи ҳуқуқий қадам - Ислом Каримовнинг Ҳиндистонга 1991 йилги ташрифи билан боғлиқ.

Айтиш керакки, Ислом Каримовнинг 1991 йил 17-19 август кунлари Ҳиндистонга расмий ташрифи давлат раҳбари сифатида хорижга қилган биринчи мустақил - тарихий ташрифи эди. У киши Ҳиндистонда бўлган  пайтда - 19 август куни ГКЧП, яъни ўзини Фавқулодда ҳолат давлат қўмитаси деб атаган бир гуруҳ сиёсий  авантюристларнинг давлат тўнтаришини содир этишга қаратилган мурожаати эълон қилинди.

Афсуски, Президент сафарда эканидан фойдаланиб, ГКЧПнинг ноқонуний қарорларини қўллаб-қувватлайдиган раҳбарлар юртимизда ҳам топилди. Воқеалар ҳақида Аграда эшитган Ислом Каримов зудлик билан Тошкентга қайтади. Аэропортдан тўғри ҳукумат биносига келиб, ҳукумат аъзолари билан учрашади ҳамда Ўзбекистон ССР ҳудудида ГКЧПнинг қонунга зид қарорларини бекор қилиш ҳақида кўрсатма беради.

Вужудга келган оғир шароит, сиёсий, иқтисодий-ижтимоий қийинчиликларга, турли тўсиқларга қарамасдан, халқимиз ўзининг асрий орзуси - Ўзбекистоннинг давлат суверенитети ва мустақиллиги сари қатъият билан ҳаракат қилишда давом этди. Ўша беором даврда қабул қилинган Президент фармон ва қарорларида акс этган муҳим ҳуқуқ ва қоидалар кейинчалик Конституциямизнинг асосий бўлим, боб ва моддалари сифатида мустаҳкамланди.

Галдаги муҳим қадам - Давлат мустақиллигининг эълон қилинишидир.

1991 йил 31 август санасида қўлга киритилган миллий мустақиллик - ХХ асрда халқимиз томонидан амалга оширилган буюк маънавий жасорат намунасидир, десак айни ҳақиқатдир. Худди шу куни Олий Кенгаш Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида Баёнот қабул қилди. Баёнотда таъкидландики, "Бундан буён Ўзбекистон Республикаси ҳудудида республика Конституцияси ва қонунлари шак-шубҳасиз устун деб эътироф этилади".

Ўша куни "Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида"ги Қонун қабул қилинди. Ундан бўлажак Конституциянинг ўзак қоидаларини ўзида акс эттирган бир қатор муҳим моддалар жой олди. Мазкур ҳужжат Асосий қонунимиз қабул қилингунига қадар, яъни 1992 йил 8 декабргача   кичик Конституция вазифасини бажариб турди.

 Конституцияни яратиш йўлидаги еттинчи ҳуқуқий қадам - 1991 йил 29 декабрда Президент сайлови ва Давлат мустақиллиги тўғрисидаги референдумнинг ўтказилишига тааллуқли.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови  1991 йил 29 декабрда бўлиб ўтди. Халқ давлат мустақиллигини қўллаб овоз берди ва Президентни сайлади.

Саккизинчи босқич - Конституция лойиҳасининг илк бор матбуотда умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинишидир.

Конституциянинг биринчи лойиҳаси 1992 йил 26 сентябрь куни матбуотда эълон қилинди ва тез орада Конституциявий комиссияга фикр-мулоҳазалар билдирилган 600 га яқин хат келиб тушди. Республика матбуотида Конституция лойиҳасига бағишланган юздан ортиқ материаллар эълон қилинди. Фуқароларимиз билдирган таклифлар сони 5 мингдан ошиб кетди. Натижада мазкур лойиҳага 80 га яқин муҳим ўзгартиришлар, қўшимчалар, аниқликлар киритилди.

Тўққизинчи қадам - Конституция лойиҳасининг кенг жамоатчилик экспертизасидан ўтганидир.

Ҳуқуқий прецедент - икки босқичли умумхалқ муҳокамаси бир томондан, муҳокама иштирокчиларини фаоллаштириш учун қудратли рағбат вазифасини бажарган бўлса, иккинчи томондан, Асосий қонунимизнинг халқчиллигини таъминлади. Конституция лойиҳаси кенг жамоатчилик экспертизасидан ўтди.

Мазкур акциянинг, яъни Асосий қонун лойиҳасини икки босқичда муҳокама этиш учун матбуотда эълон қилинишининг маъноси шундан иборат эдики, фуқаролар Конституциянинг қайта ишланган вариантида лойиҳани муҳокама қилишдаги ўз иштирокларининг натижасини кўра олдилар. Фуқароларимиз Конституциявий комиссия томонидан уларнинг фикри тингланганига, таклифлари тегишли равишда кўриб чиқилиб, инобатга олинганига ишонч ҳосил қилдилар.

 

Ўнинчи ҳуқуқий қадам - Конституция лойиҳасининг қабул қилинишидир.

Конституция лойиҳаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти каби нуфузли халқаро ташкилотлар ва АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция каби демократик давлатлар мутахассисларининг синчков экспертизасидан ўтди.

Парламент депутатлари томонидан лойиҳа моддама-модда муҳокама қилиниб, яна бир қатор ўзгартиришлар киритилгач, 1992 йил 8 декабрь куни олти бўлим, 26 боб, 128 моддадан иборат Бош қомусимиз қабул қилинди. Шу кундан эътиборан, 8 декабрь - умумхалқ байрами деб эълон қилинди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган санадан эътиборан дунё саҳнида янги, суверен давлат қарор топган бўлса, Конституциямиз қабул қилинган куни ҳақиқий мустақиллигимизга мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор қўйилди. Мустақил   Ўзбекистоннинг биринчи Конституцияси янги мустақил жамиятнинг ишончли ҳуқуқий кафолатларини шакллантирди ва мустаҳкамлади.

Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз парламенти Конституция нормаларига мувофиқ 8 та конституциявий қонун, 16 та кодекс, 600 дан зиёд қонунни қабул қилди, 800 дан ортиқ кўп томонлама халқаро шартномани ратификация қилди ва шу тариқа Асосий қонунимизни амалга оширишнинг яхлит ҳуқуқий механизми яратилди. Унинг самарадорлигини вақтнинг ўзи кўрсатиб турибди ва бу бугун жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.

Баҳодир ИСМОИЛОВ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази кафедра мудири, юридик фанлар доктори

Report typo