Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

14.08.2018


БОСМА НАШРЛАРГА ҲОЖАТ ҚОЛМАДИМИ?

Таҳлилларга кўра, туман газеталарига ҳудудда аҳолининг ҳечқурса 4 фоизи обуна бўлиши кифоя экан. Яъни бир киши обуна бўлганда, шу газетани унинг оила аъзолари ҳам албатта ўқийди ва шу орқали қамров даражаси 20-25 фоизга етади. Аниқроқ айтса, 100 минг аҳоли яшайдиган тумандаги газетанинг обунаси йўқ деганда 4 минг нусха бўлиши керак.  

Бироқ ўрганишлар вилоятимиз туманларида бу кўрсаткич 1 фоизга ҳам етмаслигини кўрсатмоқда.

Хўш, нега? Нима, электрон воситалар орқали аҳолининг ахборотдан хабардорлик даражаси шу қадар ўсиб, босма нашрларга ҳожат қолмадими ё бунга рағбат, хоҳиш йўқми? Ё одамлар чиндан газета ўқимай қўйишдими? Тўғри, тезкор ахборот олишда интернетнинг ўрни беқиёс, бироқ бу дегани газета унга ўрнини бўшатиб беради дегани эмас. Бир пайтлар кино яратилганда, санъат ихлосмандлари “Бўлди, энди театр ўлади” дейишган экан. Мана, орадан 100 йилдан ошиқ вақт ўтди ҳамки, театр тобора ривожланмоқда, бундан кейин ҳам шундай бўлиши шубҳасиз. Бугун кинонинг ҳам, театрнинг ҳам ўз мухлислари бўлганидек, эртага интернет сайтларининг ҳам, босма нашрларнинг ҳам ўз ўқувчиси бўлаверади. Бирининг ривожланиши иккинчисининг  барҳам топишига сабаб бўлмайди.

Шундай экан, нега бугун интернетда қайсидир хонанданинг бешинчи марта эрга тегмоқчилигини юз минглаб одам ўқияптию ижтимоий-сиёсий нашрлар атиги минг – икки минг обуначисига эга? Кўриниб турибдики, ҳамма гап ахборотнинг турига келиб тақалаяпти ва ҳозирча шундай урҳо-ур, шов-шувли ахборот харидоргир ва буни вақтинча ҳолат деб ҳисоблаймиз. Одамлар эртага бундай “маҳсулот”ларнинг бепоён оқимидан чарчайди ва энг керакли ахборотлар жамланган аниқ бир манбага эҳтиёж сезилади – шунда ўз-ўзидан жиддий нашрлар яна қайта ўқий бошланади.

Демак, ҳамма интернетдан керак нарсани билиб олаяпти экан, деб ижтимоий-сиёсий нашрларни ўз ҳолига ташлаб қўйиб бўлмайди. Қайтага унинг фаолиятини ривожлантириш, интернет сайтлари билан ҳамқадам бўлиши учун керак бўлса, ҳар куни нашр этиладиган ҳолатга келтириш чораларини ўйлаш  керак. Хўш, буни жойларда қандай тушунишаяпти?    Муассислар – халқ депутатлари туман Кенгашлари ва туман ҳокимликлари ўз нашри тақдиридан нечоғлик хабардор?

Чамаси айтилган муассислар ўз нашрининг бугунги ҳолати билан деярли қизиқмаган шекилли мавжуд аҳволни, таҳририятлар моддий-техник базасини, ойлик маошларни ҳавас қиларли деб бўлмайди.

Халқ депутатлари Миришкор тумани Кенгаши ва туман ҳокимлиги муассислигидаги “Миришкор машъали” газетаси жорий йил бошида 1700 нусхада чоп этилган ва йил ўрталаб минг обуначисига эга. Охирги чоракда газета адади 800 нусхада бўлиши кутилаяпти.

Ваҳоланки айни пайтда таҳририятда 5 нафар ходим: муҳаррир, бўлим мудири, адабий ходим, саҳифаловчи ва ҳисобчи ишлайди. Энди бир ўйлаб кўринг: 800 дона обуна билан нима қилиб бўлади? Газета харажатлари қопланадими, маош бериладими? Қизиғи, шу вақтгача саҳифаловчи ва адабий ходим – 540 минг сўм маош олиб келган экан. Обуна камайиши шу пулга ҳам дахл қилмайдими? Ўзи таҳририятларда “адабий ходим” деган штат сабабсиз йўқ қилиб юборилган бир вақтда ушбу газета шундай ходимга ўрин ажратганини олқишлаш керак эмасми?

Камига таҳририят ўз биносига ҳам эга эмас, туман маданият бўлими балансидаги бинода ижарада туради. Таҳририятда 2 та компьютер, 2 та принтер ва 1 фотоаппарат борки, бу камтарона шароит туман газетаси учун ҳозирча етарлидек.

Хўш, газетанинг савияси қандай ўзи? Умуман олганда, ёмон эмас. Масалан, охирги сонини варақлайлик. “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури бўйича қилинаётган ишлар, ҳосилга ҳосил қўшиш долзарб икки ойлиги, ёшлар ижодидан намуналар, жаҳон ва Ўзбекистон янгиликлари келтирилган унда. 16 июль сонида эса туманда янги очилган боғча, механизаторлар учун ташкил қилинган тадбир, давлат тили тўғрисидаги “Масъулиятсизлик ярамайди” сарлавҳали мақолалар жой олган. Суратлар сифати ҳам ёмон эмас.

Умуман олганда, газетада туманда бўлаётган ўзгаришлар, янгиликлар хусусида аниқ тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Ҳарҳолда улар ҳақида бирор сайтда маълумот тополмайсиз. Ёки “Муборак ҳаёти” газетасининг охирги сонида Қарлиқ ва Қорақум қишлоқлари ҳаёти, Қултоқ газконденсат кони фаолияти ёритилади. Ҳартугул туманга дахлдор гапларни, шу жой одамларини, уларнинг орзу-ташвишларини ёзишаяпти-ку.

800 та обуна билан шундай газета чиқаётган экан, тираж ошиши газета ишини қай даражада ривожлантиришини тасаввур қилиб кўринг. Хўш, уларнинг фаолиятини ким ривожлантиради? Албатта, ўзлари. Бироқ муассис – туман ҳокимлиги мазкур жараёндан ўзини четга тортиб турса, бир иш чиқмайди, нашр боши берк кўчага кириб бораверади.

Қарши туманидаги “Нахшаб” газетаси эса йил бошида 1650 нусхада чоп қилинган бўлса, ҳозир 500 нусхага тушиб қолган. Туманда 231 минг аҳоли яшашини ҳисобга олсак, айни пайтда “Нахшаб”ни аҳолининг 1 фоизиям ўқимаслиги ойдинлашади. Ваҳоланки, бир вақтлар ушбу газета 15-20 минг нусхада чоп этилган. Ўшанда газета даврийлиги, ахборот тезкорлиги ҳам ошган, таҳририят моддий-техник базаси ҳам яхшиланган. Ходимлар муносиб рағбатлантириб борилган.

Бугунги кунда мазкур таҳририят ўз биносига ҳам эга эмас. Ёшлар иттифоқига қарашли эски бинода фаолият юритади.

Бу борада кам обуна билан кўп иш қилаётган таҳририятларни ҳам айтиб ўтиш жоиз. Мисол учун, “Ғузор ҳаёти” газетаси айни кунда 2 минг обуначасига эга.

- Ўтган асрнинг 60-йилларида хом ғиштдан қурилган бўлса-да, ўз биномиз бор, - дейди газета муҳаррири Бобоназар Ҳасанов. – 10 нафар ижодий ва техник ходим ишлайди. Муҳаррирнинг маоши 1 миллион 300 минг сўмдан юқори бўлса, қоровул 450 минг сўм ойлик олади. Ҳар бир сонга гонорар миқдорини 300 минг сўм қилиб белгилаганмиз.

Бу сўзларни эшитаркансан, мана, бўларкан-ку, деган фикр келади хаёлга. Лекин эътибор беринг: шунча шароит қанча обунанинг ҳисобидан қилинган? Бор-йўғи 2 мингтанинг. Агар туман ҳокимлигидан яна рағбат бўлиб, газета ишини ривожлантиришга ҳаракат бўладиган бўлса, мазкур жамоа бемалол ҳафтасига 2-3 марта газета чиқариш салоҳиятига эга экани кўриниб турибди. Хўш, бунга нима халал бераяпти? Ахир, ўз муассислигидаги нашрнинг гуллаб-яшнашидан фақат уларнинг ўзи ютади-ку.

Худди шундай ҳолатни “Косон” газетасида ҳам кўриш мумкин. Бу ерда муҳаррир, мухбир, техник ходимлар, курьер – жами 9 ходим фаолият кўрсатади.

- Таҳририят “Косон тумани босмахонаси” МЧЖ балансидаги бинода ижарада туради, лекин шароитларимиз ёмон эмас, - дейди газета муҳаррири Ориф Омонов. – Ҳар бир ходимга алоҳида хона ажратилган, маънавият-маърифат хонаси бор. Газетани туман ҳудудида ўзимиз тарқатамиз.

“Косон” газетаси таҳририятида ишлар яхши, бироқ ўртача маош 600 минг сўм атрофида экани ижодий ходимларни борини шу ерга бериб ишлашдан қайтариб туради – начора, тирикчилик, кимдир мактабдан иш олади, яна кимдир ўзини бошқа соҳага уради.

Шунинг учун ушбу жараёнда муассиснинг иштироки, ёрдами зарур. Муассис қандай ёрдам бериши мумкин? Бировни мажбурлаб обуна қилдириб бўлмайди. Газетани ўз ҳолига ташлаб қўйиш керакми? Йўқ. Муассис обуна бўл деб бировни мажбурламасин, аксинча ўз газетасини тарғиб қилсин. Газетадагиларни ҳам янада фаол бўлишга ундасин, рағбатлантирсин. Ўшанда ҳаммаси жойига тушади.

- Бу йилдан халқ таълими, умуман ижтимоий соҳада мажбурий обуна деган гап йўқ, лекин тизим ходимларининг ислоҳотлардан, ижтимоий-сиёсий жараёнлардан хабардорлик мажбурияти, масъулияти қандай таъминланади? – дейди “Қамаши” газетаси муҳаррири Темирпўлат Тиллаев. Бу гапдаям жон бор.

Бу борада кўп гап савияга бориб тақалади. Мажбурловсиз газета таклиф этилаяптими, у ҳар қандай талабга жавоб бериши керак. Тезкор, мақолалар даражаси баланд бўлса, у ўқувчисини топа олади. Аммо туманлардаги барча нашрлар ҳам бу талабга жавоб бера оладими?

Масалан, “Китоб тонги” газетасини олайлик. Нашрнинг 27 июль сони “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” (бошда уни бирор норматив ҳужжат деб ўйлайсиз) сарлавҳали мақола (!) билан бошланиб, 3-бетгача давом этади. Бироқ бошдаги ҳайрат “мақола” охиригача йўқолмайди. Тасаввур қилинг: бир қарор тўлиғича кўчириб олинса-да, унинг охирига туман ДСИ бошлиғи деб муаллиф қўйилса. Буни қандай тушуниш керак?

Газетанинг шу сонида яна дорбозлик ҳақида кичикроқ бир материал, сўнгги бетда Ш.Убайдуллаевнинг “Яшасин муҳаббат” асаридан парча. Шу холос.

Албатта, нашр ишига бир сонга қараб баҳо бериб бўлмайди. Аммо кейинги сонлар ҳам ҳафсалани пир қилади. 13 июль сонида “Ёшлар - келажагимиз” Давлат дастури тўғрисидаги фармон берилган ва нақ икки бетни тўлдирган. Изидан “Аслида ким бой? ” номли суҳбат, “Мактабгача таълим – етуклик пойдевори” номли мақола, охирги бетда яна “Яшасин муҳаббат”. Ўйлаб қоласан киши: 2 ҳафта давомида таҳририят ижодкорлари нима билан шуғулланган? Нима ёзган?

Газетанинг бошқа сонларини ҳам кузатаркансиз, гўё туманда бирор янгилик, тадбир, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик лойиҳалари қилинмаяпти, деган фикрга келасиз. Ваҳоланки бошқа жойларда бўлгани каби туманда ҳам жуда катта ўзгаришлар бўлаяпти. Қани уларнинг газетадаги инъикоси? Ижтимоий-сиёсий нашр фақат фармон ё қарорларни кўчириб босиш дегани эмас-ку. Шундай бўлгач, бундай газетани кимга тавсия қила оласиз? Ким обуна бўлади унга? Демак, бу ерда ҳам муассисга эҳтиёж сезилади: у ё газетани ўқишли ҳолатга келтириш чораларини кўриши ё шу ҳолига чидаши керак бўлади.

АСЛИДА ҲУДУДИЙ НАШРЛАР – ТУМАННИНГ ЮЗИ. ТУМАННИНГ ЭГАСИ ҲОКИМ ЭКАН, ШУ “ЮЗ”НИ КЎЗГУГА СОЛИБ ТУРИШ КЕРАК.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo