- Амалдаги тартибга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари республиканинг барча чегара божхона постлари орқали республикага кириб келишлари мумкин.
Хорижий давлатлар фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар эса республиканинг халқаро мақомга эга бўлган чегара божхона постлари орқали киришади. Шу билан бирга, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатлари фуқаролари мазкур давлатлар билан Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ўтказиш пунктлари тўғрисидаги битимларга асосан белгиланган икки томонлама чегара божхона постлари орқали ҳаракатланишларига ҳам рухсат этилган.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, халқаро мақомга эга бўлган чегара божхона постлари – барча давлат фуқаролари ва транспорт воситалари ҳаракатланиши мумкин бўлган чегара божхона постлари саналади. Икки томонлама чегара божхона постлари эса қўшни давлатлар билан имзоланган келишувларга мувофиқ белгиланган ва фақат аҳдлашувчи давлатлар фуқаролари ва транспорт воситалари ҳаракатланиши мумкин бўлган постлар ҳисобланади.
Шу билан бирга, аэропорт ва чегара темир йўл божхона постлари орқали барча давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳаракатланишлари белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳамда божхона постида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани муносабати билан божхона постлари орқали шахсларнинг ҳаракатланишлари чекланиши ёки вақтинча тўхтатилиши мумкин.
Чегара божхона постларининг иш вақтига қараб, шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига куннинг фақат ёруғ вақтида ёки сутка давомида кириб келишлари мумкин. Чегара божхона постларининг иш вақти Ўзбекистон Республикасининг қўшни давлатлар билан имзоланган ўтказиш пунктлари тўғрисидаги битимларига асосан белгиланади. Чегара божхона постлари дам олиш ва байрам кунлари ҳам белгиланган тартибда фаолият олиб боради.
Божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган шахс томонидан божхона ходимига фуқаролик паспорти (фуқаролиги бўлмаган шахслар учун - тегишли гувоҳнома) ҳамда белгиланган тартибда тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси тақдим этилади.
Йўловчи божхона декларацияси – жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган Ўзбекистон Республикасининг нақд миллий валютаси, нақд чет эл валютаси, бошқа валюта бойликлари, ҳар қандай кўринишдаги ва ҳолатдаги қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар, товарлар ҳамда транспорт воситаларини божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказиш мақсадида божхона органларига тақдим этиладиган ҳужжатдир.
Шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган шахсларга қонун ҳужжатларига кўра божсиз олиб кириш меъёрларидан ҳамда акциз солиғига тортилмайдиган меъёрлардан ортиқ ҳамда тижорат мақсадида олиб кириладиган товарлар учун белгиланган ставкалар бўйича божхона тўловлари ундирилади.
Чегарадош давлатлардан шахсий фойдаланиш учун умумий эквивалент қиймати 10 АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдордаги ҳамда чегарадош бўлмаган давлатлар ҳудудидан умумий эквивалент қиймати 1000 АҚШ долларидан кўп бўлмаган товарларни бож тўламасдан олиб киришга рухсат этилади.
Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарларни акциз солиғисиз олиб кириш меъёрлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 1998 йил 13 мартда рўйхатдан ўтказилган бўлиб, унга кўра, жисмоний шахслар томонидан божсиз олиб кириш меъёрларидан ортиқ олиб кирилаётган товарларнинг қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан:
- ошмаган ҳолларда қонунчиликда белгиланган божхона тўловлари чегара божхона постида божхона кирим ордери асосида ундирилади;
- ошган ҳолларда божхона юк декларацияси расмийлаштириш учун ташқи иқтисодий фаолият божхона постларига юборилади.
Давлат хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг бошқа манфаатларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ҳамда халқаро шартномаларига мувофиқ айрим товарларнинг республика ҳудудига олиб кирилиши чекланиши ва тақиқланиши мумкин.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ва инсоният хавфсизлигига қарши, ҳудудий яхлитликни, давлат суверенитети ва сиёсий мустақилликни бузишга қаратилган босма нашриёт маҳсулотлари, қўлёзмалар, клише, расмлар, фотосуратлар, фотоплёнкалар, негативлар, кино, видео ва аудио маҳсулотлари, овоз ёзилган материаллар, шунингдек, уруш, терроризм, зўравонлик, миллий ажратиш ва диний қаршилик, расизм ва унинг турлари (антисемитизм, фашизм)ни тарғиб этувчи ҳамда порнографик мазмундаги материаллар, этил спирти, лазер нурли кўрсаткичлар сифатида фойдаланиладиган портатив лазерли нур тарқатгичлар, пиротехника маҳсулотлари, пул ютуғи билан боғлиқ бўлган ўйин автоматлари каби товарларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш тақиқланади.
Шунингдек, жисмоний шахслар республика ҳудудига кириб келаётганда олиб кирилиши учун ваколатли органларнинг рухсатномалари талаб этиладиган товарларга тегишли рухсатномалар (лицензия) мавжудлиги назорати олиб борилади.
Юқорида қайд этилган тартиб-қоидалар мамлакатнинг иқтисодий манфаатларидан, юрт тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашдан келиб чиққан ҳолда жорий қилинганини унутмаслик лозим. Шу сабабли мавжуд тартибга риоя қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчи ҳисобланади. Қонунни билмаслик эса жазодан озод этмайди.
Б.ЎКТАМ ёзиб олди.