Балки мутахассислик сир-асрорини пухта эгаллаганлик, эҳтимол аёллик зеҳни иш бергандир, хуллас, шубҳа асосли бўлиб чиқди: жувон шиппаги остида валюта яшириб олиб ўтмоқчи бўлган экан. Умуман олганда, фаолият давомида бундай ҳолларга кўп дуч келиш мумкин эди: ташқи иқтисодий фаолият божхона пости, экспорт-импорт операцияларини бажариш, юкларни экспорт-импорт қилишда божхона расмийлаштирувини амалга ошириш, аэропорт ва вокзалдаги шахсий кўрик...
Албатта, руҳан ва жисмонан катта куч талаб қилувчи бундай вазифаларни бажариш хотин-қизларга осон эмас. Аммо узоқ йиллардан бери шу масъулиятли "юк"ни елкасида оғринмай кўтариб келаётган аёллар ҳам йўқ эмас.
Гап вилоят божхона бошқармаси бош инспектори, божхона хизмати майори Шоира Хушвақтова ҳақида кетмоқда. Унинг соҳада фаолият олиб бораётганига ҳам оз эмас, кўп эмас, нақ чорак асрга яқинлашибди. Албатта, ўтган давр мобайнида бошқарманинг турли бўлим ва божхона постларида масъулиятли вазифаларда фаолият олиб бориш ва 2 нафар фарзандни вояга етказишнинг ўзи бўлмаган. Бунинг ортида нақадар катта машаққат тургани аёлнинг ёлғиз ўзига аён. Чунки оиладан ҳам кўра кўпроқ вақт иқтисодий хавфсизликни таъминлаш йўлида кетади. Рейслар бор куни эса туни билан ҳам ишлашга, эркаклар қатори хизмат олиб боришга тўғри келади. Чунки божхона хизмати мамлакатимиз иқтисодий суверенитетини ҳимоя қилиш, давлат хазинасини тўлдиришда муҳим ўрин тутади. Демак, бу касбда энг аввало қатъият ва талабчанлик зарур. Контрабанда, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар олиб ўтилишига йўл қўймаслик ҳам алоҳида эътиборни талаб қилади.
- Божхона соҳасида фаолиятимни эндигина бошлаганимда ишнинг масъулиятли экани эътиборимни тортган бўлса, ҳозир тўғри касб танлаганимга ишонч ҳосил қилганман, - дейди Шоира Хушвақтова. - Қолаверса, соҳамиз ҳам янада такомиллашиб бормоқда. Халқаро аэропортларимизда "яшил" ва "қизил" йўлаклар орқали ўтиш тартиби амал қилмоқда. Бу божхоначилар ва фуқаролар учун катта қулайликлар яратган. 26 январь мамлакатимизда биринчи марта божхона ходимлари куни сифатида кенг нишонлангани ҳам биз учун аҳамиятли воқелик бўлди. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлашга, божхона тизимини ривожлантиришга, соҳада эришилган ютуқларга қўшган ҳиссам учун жуда кўп маротаба рағбатлантирилдим, мустақиллигимизнинг 13 йиллиги муносабати билан фахрий ёрлиқ, сўнг "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 15 йил" эсдалик нишони билан тақдирландим. Булар албатта, менга фахр-ифтихор туйғуларини бағишлайди.
Шу ўринда эътироф этиш жоиз, кейинги йилларда мамлакатимизда кечаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий жараёнларда хотин-қизларнинг фаоллиги ортди. Кечаги ўзбек аёли фақатгина уй бекаси, қишлоқ хўжалиги учун ишчи кучи сифатида кўрилган бўлса, бугун у илмий салоҳияти, ишбилармонлиги, тадбиркорлиги ва меҳнатсеварлиги билан жамиятда муносиб ўрин эгаллаган. Энг муҳими, нафосат соҳибалари хонадонларимизда, маҳаллаларимиз, бутун юртимизда ҳар доим ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитининг энг кучли посбонидирлар ва ана шундай фазилатлари билан инсонни инсон, оилани оила қилиб келаётир. Буни Шоира Хушвақтованинг оиладаги ҳаёти ва ишдаги фаолияти мисолида кўрса бўлади.
Н.ХЎЖАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.