Мисол учун, Адлия вазирлигида 2017 йил 3 февралда рўйхатдан ўтказилган “Божхона кирим ордерининг шакли ва уни тўлдириш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида”ги қарор билан жисмоний шахслар божхона чегараси орқали ҳаракатланишда, қонунчиликда белгиланган миқдордан ортиқча олиб ўтадиган товарлардан божхона тўловларини ундиришда қўлланиладиган божхона кирим ордерининг шакли ва тўлдириш қоидалари янгидан белгиланди.
Бунгача бу тартиб Давлат божхона қўмитасининг 2001 йил 23 декабрдаги “Божхона тўловларини тўлашда божхона кирим ордерини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги 488-сонли буйруғи билан тасдиқланган йўриқнома асосида амалга оширилар эди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, божхона кирим ордери – божхона тўловларини тўловчи шахс томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар асосида божхона ходими томонидан дастурда расмийлаштириладиган электрон ҳамда дастур орқали чоп этиладиган қоғоз шаклдаги ҳужжатдир.
Божхона кирим ордери қуйидаги ҳолларда:
жисмоний шахслар томонидан қўл юкида ёки кузатиб борилаётган багажида нотижорат мақсадларда олиб ўтилаётган товарларнинг, шунингдек, халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларида юборилаётган шундай товарларнинг қиймати ва (ёки) миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган божсиз олиб кириш нормаси ва акциз солиғи солинмайдиган олиб кириш нормасидан ошганда, ортиқча қисмига божхона тўловлари ундирилишида;
товарлар жисмоний шахснинг манзилига келиб тушганда (халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари бундан мустасно), божхона тўловлари олиб кирилаётган товарларнинг бутун суммасидан божсиз олиб кириш нормаси ва акциз солиғи солинмайдиган олиб кириш нормаси қўлланилмаган ҳолда ундирилишида;
юридик шахсларнинг манзилига халқаро почта ва халқаро курьерлик жўнатмаларида юбориладиган, қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваригача бўлган миқдордаги товарлар учун божхона тўловлари ундирилишида;
қонун ҳужжатлари билан белгиланган божхона йиғимлари ва бошқа йиғимларнинг ундирилишида тўлдирилади.
Шуниси эътиборлики, мазкур қарор қабул қилингунга қадар божхона кирим ордери божхона ходими томонидан қўлда тўлдирилар эди. Бунинг оқибатида эса ундирилган божхона тўловларини ҳисоблаш ҳамда давлат бюджетига ўтказишда маълум вақт сарфи ҳамда қийинчиликлар юзага келарди. Эндиликда божхона кирим ордерлари Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг “Божхона кирим ордери” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали электрон тарзда шакллантирилиши ва ундирилган божхона йиғимлари ушбу тизим асосида ҳисоб-китоб қилиниши имконияти яратилди.
Шунингдек, аввал фуқаролар томонидан божхона чегаралари орқали олиб келиниб, қонун ҳужжатларида белгиланган божсиз олиб кириш нормаси ва акциз солиғи солинмайдиган олиб кириш нормасидан ошганда, ортиқча қисмига божхона тўловларини ундиришда фойдаланиладиган товарларнинг қийматини аниқлашда қийинчиликка дуч келинар эди. Эндиликда қарор билан тасдиқланган қоидаларда “товарларнинг божхона қиймати Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 164-моддаси ва 169-моддасининг бешинчи қисми талабларига мувофиқ божхона ходими томонидан аниқланади” деб аниқ кўрсатиб қўйилди. Бу эса товарларга нисбатан божхона йиғимларининг тўғри ва ўз вақтида ундирилишида катта ёрдам беради.
Дарҳақиқат, мазкур йўналишда вилоят божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 59 та ҳолатда божхона кирим ордерлари расмийлаштирилиб, қарийб 80 миллион сўмлик божхона йиғимлари ундирилиши таъминланди.
Амалиётга жорий этилаётган бу каби тартиб-таомиллар мамлакатимизда маҳсулот ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилади. Чет давлатлардан сифатсиз ва арзон товар-моддий бойликлари оқимини камайтиради. Энг асосийси, фуқароларнинг божхона чегараларидан ҳаракатланишдаги вақтини тежайди.
Собир ХОЛМУРОДОВ,
вилоят божхона бошқармаси катта инспектори