Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 декабрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ОСТОНОВ

07.11.2017


БОЗОР ЁНСА, ОЗОРИ КИМГА?

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда бозорлар инфратузилмаси тубдан яхшиланди. Уларда сотувчилар учун ҳам, харидорлар учун ҳам барча қулайликлар яратилди.

Бироқ айрим тадбиркорларимизнинг бозор ёки бозор атрофида ноқонуний қурилишларни амалга ошириши, савдо объектларини қуриш ёки жиҳозлашда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этмаслиги каби ҳолатлар борки, бу нафақат ўша фуқаронинг ўз ҳаёти ва мол-мулки, балки атрофдагилар учун ҳам хавф туғдиради. Чунки гавжум ҳудудда содир бўлган ёнғиннинг талафоти катта бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Яқинда Сурхондарё вилояти Денов туманидаги “Хабибобод-Денов” савдо мажмуасида содир бўлган ёнғинни бунга мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Биргина дўкондан чиққан аланга тезда атрофга ёйилиб, мажмуа ҳудудидаги саккиз юзга яқин савдо шохобчаларига жиддий зарар етган. Тадбиркорларга тегишли қанчадан-қанча мол-мулк нобуд бўлган.

Мана шу каби ҳолатларнинг олдини олиш борасида  вилоят ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан ҳам қатор профилактик тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида соҳа ходимлари томонидан вилоятимиздаги бозорлар ва савдо комплексларида 70 маротаба тарғибот-тушунтириш тадбирлари, 22 маротаба машқ ва машғулотлар, 46 маротаба  ёнғин ўчириш техникалари ва воситаларининг намойиши ўтказилди. Савдо дўконларини қуриш, жиҳозлашда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш, ўт чиқариши мумкин бўлган турли воситалардан фойдаланмаслик борасида мунтазам равишда тушунтиришлар олиб борилмоқда. Шунга қарамай, савдо шохобчаларида ёнғин содир бўлиш ҳолатлари камаймаётгани ачинарлидир.

Рақамларга мурожаат этадиган бўлсак, 2013 йил давомида вилоятимиздаги бозорлар ва савдо мажмуалари ҳудудида 3 маротаба ёнғин содир бўлган. 2014 йилда бу кўрсаткич 4 тани, 2015 йилда эса 1 тани ташкил этган. 2016 йилга келиб бу борада бирортаям кўнгилсиз ҳолат содир бўлмаган. Бироқ жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида вилоятимиз ҳудудидаги савдо мажмуаларида 3 маротаба ёнғин қайд этилгани кишини ташвишлантиради.

Ўрганишлар мазкур ёнғинлар айрим тадбиркорларимиз, шу билан бирга савдо мажмуалари раҳбарларининг эътиборсизлиги туфайли келиб чиққанини кўрсатмоқда. Чунки кўплаб бозорларимиз ҳудудидаги ошхона ва кафеларда, расталар оралиқларида овқат тайёрлаш мақсадида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига мутлақо зид равишда, синовдан ўтмаган маиший газ баллонларидан фойдаланишга йўл қўйилмоқда. Энг ачинарлиси, маиший газ баллонлардан резина шланг орқали газ плиталари ва ўчоқлар билан оралиқ масофалар сақланмаган ҳолда фойдаланиб  келинаяпти. Шунингдек, савдо расталари ва савдо дўконларида вақтинчаликка мўлжаллаб, техник талабларга мос келмайдиган тарзда электр сим ва қурилмаларидан фойдаланилмоқда. Аксар бозорлар объектларида ёнғиндан автоматик равишда хабарлаш қурилмалари ўрнатилмаган ва улар ёнғин ўчиргичлар билан тўлиқ таъминланмаган. Қолаверса, махсус техникаларнинг ҳаракатланиш йўлларига фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан вақтинчалик савдо расталари ўрнатиб олинган. Бу эса бозорларда ёнғин содир бўлганда инсонлар ёки мол-мулкларни хавфсиз жойга олиб чиқишда қийинчилик туғдиради. Хуллас, мана шу каби қатор камчилик ва эътиборсизликлар бозор ва савдо расталарида ёнғинлар содир бўлишига, натижада инсонлар ҳаёти, мол-мулкига шикаст етишига олиб келмоқда. Албатта, бу ҳолатлар бўйича бир қанча фуқароларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий чоралар қўлланилган, лекин нега ўз ҳаётимизни, ўз мол-мулкимизни асрашни ўзимиз ўйламаймиз?! Қолаверса, бозорлар ва савдо комплекслари мутасаддилари нега бу ҳолатларга кўз юммоқда? Ахир, ўзи раҳбарлик қилаётган ҳудудда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш биринчи галда уларнинг вазифаси эмасми? 

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан туман ҳокимликларига, вилоят бозорлар уюшмаси ва бошқа дахлдор идораларга бир неча бор тақдимнома ва ахборотномалар киритилишига қарамасдан, ҳозирги кунга қадар аксар бозорлар ва савдо мажмуалари раҳбарлари томонидан ушбу ҳолатларни бартараф этишга эътиборсизлик билан қараб келинаяпти.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, 2017 йил 23 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Мазкур қарорда давлат ва хўжалик  бошқаруви органлари, шунингдек, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари зиммасига уларга қарашли объектлар ва ҳудудларда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этиш бўйича шахсий жавобгарлик юклатилган. Демакки, бозорлар раҳбарларию тадбиркорлар ҳам зиммасидаги ушбу масъулиятни тўғри англаб, ёнғинларнинг олдини олиш борасида белгиланган тартибда иш олиб борсалар, кўпгина кўнгилсизликлар бўлмаслигига эришиш мумкин.

Мирзоҳид ОСТОНОВ,

вилоят ИИБ ЁХБ бошлиғи ўринбосари, подполковник

Report typo