Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Исҳоқжон БЕГМАТОВ

14.07.2018


БОЗОРЧИЛИК АЁЛЛАРНИНГ ИШИ ЭМАС...МИ?

Одатда бу оламда ҳеч бир нарса сабабсиз пайдо бўлмайди. Шу қатори иллатлар ҳам. Демак, аёлларда пайдо бўлаётган ҳар кўринишдаги иллатларнинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор. Ҳозир эса ана шулар сирасига кирмиш бозор ва аёлларнинг унда тутган ўрни ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга энг маҳбуб маконлар масжидлардир. Аллоҳнинг энг кўп ғазабига учраган маконлар бозорлардир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Одатда масжидларда Аллоҳ таолога ибодат қилинади, тиловату зикр, ваъз-насиҳатлар бўлади, илм ўрганилади. Мусулмонларнинг ахлоқ-одоби, тарбияси, руҳий-маънавий ҳолатини яхшилаш чоралари кўрилади. Шунинг учун ҳам масжидлар Аллоҳ таоло энг яхши кўрган масканлардир.

Бозорлар эса мутлақо бунинг акси. Чунки бировнинг ҳаққига хиёнат қилиш, тарози ўлчами ёки вазнидан уриб қолиш, ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам, моддий бойлик орттириш, молини ўтказиш учун ёлғондан қасам ичиш, молида йўқ бўлган сифатларни гапириш, бировнинг савдоси устига савдо қилиш, ўзаро ҳасад ва яна қанчадан-қанча жиноятлар айнан бозорларда содир этилади. Шунинг учун ҳам улуғларимиз бозорни “шайтоннинг уйи” деб атайдилар.

Бу билан бозор ва бозорчиларнинг барчасини бирдек қораламоқчи эмасмиз. Чунки пайғамбарлар ва ўтган барча улуғ зотлар ҳам бозорларда савдо билан шуғулланганлар ёки харид қилганлар. Лекин улар мазкур ишларида ҳам шариат кўрсатмаларидан заррача четга чиқмаганлар.

Шунинг учун ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Бозоримизда динда фақиҳ бўлмаган одам савдо қилмасин”, деганлар (“фақиҳ” савдо илмини нозик нуқталаригача яхши билувчи кишидир).

Авваллари мазкур кўрсатмаларга тўлалигича амал қилинган. Ҳозирга келиб эса бу ҳолат ўзининг аҳамиятини деярли йўқотди, десак, муболаға бўлмайди. Бунинг биринчи кўриниши эса бозорларда аёлларнинг ўта кўпайиб кетганлигида ўз аксини топади.

Аслида эса бозордаги ҳолатлар, у ердаги ўзаро муомала ва муносабатлар аёлларнинг нозик хилқатларига мутлақо тўғри келмайди. “Унда нега бозорларни аёллар қўлга олаяпти?” деган саволга тижоратчи-мутахассислар қуйидагиларни сабаб қилиб кўрсатишди:

1) бозордаги кўпгина муаммолар аёллар билан тез ҳал бўлиши;

2) савдо расталарида сотувчилар аёл бўлса, ўз-ўзидан ўша жойда харидорларнинг кўпайиши (яъни аёллар тилларидан бол томиб, харидорни ҳар тарафлама ўзига маҳлиё қилиши натижасида ўтмас матоҳларни ҳам тез сотиб юбориш қобилиятига эгалиги).

Демак, ҳар иккала ҳолатда ҳам аёллар гуноҳ-маъсиятга қўл ураётган бўладилар. Чунки уларнинг “аёллик”ларидан фақат никоҳида бўлган шахсгина фойдаланиши мумкин. Ундан ташқари, ҳар бир аёлнинг энг гўзал муомала-муносабати, хоссатан гапириш ва нутққа тааллуқли бўлган жозибадорлиги ҳам ўзининг турмуш ўртоғи учун бўлиши керак. Акс ҳолда бу ҳолат хиёнат деб баҳоланади. Чунки шариатимизда аёлларнинг овоз ва гапириш оҳанглари мулойимлашиб, эркакларнинг эътиборини ўзига жалб этиб, уларни маҳлиё қилиш хавфини келтириб чиқарса, гуноҳ бўлади. Бозордаги кўпчилик аёллар эса айнан шу омилдан фойдаланишади.

Ачинарлиси, улар мазкур муомалаларини моддий манфаат кўриш учун бозорларда юз фоиз ишга соладилар-да, уйга қайтиб келганида бу гўзалликдан асар ҳам қолмайди. Балки турмуш ўртоғига нисбатан ғазаб, алам, чарчоқ, асаббузарлик ва яна қанчадан-қанча арзу додларни тўкиб солади. Чунки бозорда ишлаш осон эмас. Ҳар тарафлама муаммолар гирдобида қолишга тўғри келади. Бу эса инсондан жисмонан бақувват, метин иродали бўлишни талаб қилади. Аёлларда бу икки хусусият йўқ. Шунинг учун ҳам шариатимиз аёлларни табиат ва фитратларига хос бўлган енгил, шарафли вазифаларга буюради. Эркакларга эса, аксинча, барча оғир жисмоний меҳнатлар ва оилани ҳар тарафлама ҳимоя қилишдек масъулиятли вазифалар топширилади.

Хорижга қатнайдиган ёки катта-катта тижоратлар билан шуғулланадиган аёлларнинг аксари муомала-муносабатдаги қўполлик ва дағалликда эркаклардан ўтса ўтадики, лекин паст кетмайди.

Гоҳо бозорларда аёлларнинг ўзаро бир-бирлари билан раста талашаётгани ёки нарх устида жанжал қилаётгани ёхуд бозор ходимлари ила қандайдир тўловлар тўғрисида талашиб-тортишаётганларининг гувоҳи бўламиз. Агар шундай ҳолатда оилангиз билан биргаликда бозорда юрган бўлсангиз, уларнинг сўзларини эшитиб, бола-чақангиз олдида шарманда бўласиз.

Чунки ҳеч қайси тарбияли оилада айрим бозорчи аёллар гапираётган фаҳш, уят ва ҳақоратли сўзлар ишлатилмайди. Халқимизда бундай инсонларга нисбатан “Унинг сўзидан илон пўст ташлайди”, деб айтилади. Бундан ташқари, кошкийди улар оғзаки, даҳанаки жанжаллар билан кифоялансалар. Йўқ, ундай эмас. Бундай аёллар шунча халқ ўртасида бир-бирларининг сочларидан тортиб, либосларини йиртадиган даражагача муштлашишлари ҳам мумкин, устига-устак, бундай лавҳалар шундайлича қолмайди. Балки атрофдаги текин томошани кутиб турганлар тезлик билан телефонларига суратга олиб, барча таниш-билишларига тарқатишади ва интернетга ҳам қўйиб юборадилар. Лекин бозорчи аёллар учун бу қилинаётган ишлар, шармандагарчиликлар ҳеч нарса эмас. Балки уларнинг кундалик машғулотлари ва эрмакларига айланиб қолган. Баъзилари эса шу туфайли “обрў”га ҳам эришган. Шунинг учун бозорда “фалончи опа” деса, ҳамма танийди. Чунки у ўзининг ҳаёсизлиги, одобсизлиги ва ҳар қандай жанжални пулга сотиб олиши билан тилларда “достон” бўлган.

Албатта, аёлларнинг мана шундай ачинарли ҳолатга мубтало бўлишларига ёлғиз уларнинг ўзи айбдор эмас. Балки ота-она ёки эр ҳам айбдор бўлиши мумкин (биз бу ўринда маълум узрлар туфайли бозорга чиққан ва аёллигини сақлаб қолганларни танқид қилишдан йироқмиз).

 

Баъзи ориятсиз эркаклар оила ва рўзғорнинг моддий таъминотини таъминлаш борасидаги машаққатлардан қочиб ёки унга дош бера олмасдан аёллардан қалқон сифатида фойдаланадилар. Ҳаттоки аёли хорижга бориб, миллион-миллион харажат қилиб, бир неча чегаралардан ўтишда ҳар хил эркаклар билан муомала ва муносабатда бўлиб, керак бўлса, хориждан харид қиладиган савдо молларини арзонроққа олиш учун ҳар қандай жирканч ишлардан ҳам қайтмаслигини билган ҳолатда унга рухсат бераётган “эр”лар ҳам йўқ эмас. Ҳаттоки баъзилар уялмасдан “Аёлим бундай ишларни қойиллатади, савдо-сотиқнинг пири бўлиб кетган, ҳар қандай кишининг кўзини шамғалат қилиб, керак бўлса, гипноз қилиб бўлса ҳам, ишини битиради”, деб фахрланади.

Яна бир тоифа аёллар борки, эрларининг топганларига қаноат қилмайди. Натижада ҳар куни уйда жанжал. Эр ҳаттоки уйига келишга ҳам безиллаб қолади. Аёл эса кундалик вазифаси бўлмиш дийдиёсини қўймайди. “Шундай юраверадиган бўлсангиз, бозорга чиқиб кетаман, керак бўлса, қўшнимизга ўхшаб чет элга бориб, мол олиб келиб сотаман. Сизнинг топаётган уч-тўрт сўмингиз билан ҳеч қандай орзу-ҳавасга эришиб бўлмайди”, деб эр норози бўлса ҳам бозорга чиқиб кетганлар ҳам бор. Эр эса хотинининг бу ишидан қавм-қариндош, маҳалла ва таниш-билишлари ичида бош кўтара олмай қолса-да, унга қарши бирор чора ҳам кўра олмайди.

Кимлардир “Ҳа, энди бу давр талаби, бозор иқтисоди, ҳамма савдогар аёллар ҳам қинғир-қийшиқ эмас-ку, тирноқ остидан кир қидирмаслик керак”, дейишлари ҳам мумкин. Шунинг учун юқорида барча бозорчи аёллар ҳақида эмас, балки уларнинг “ас”лари тўғрисида сўз юритдик. Ҳаммаларини бирдек айблашдан йироқмиз. Аслида эса ҳар ким ўзига лойиқ, муносиб ишни қилгани яхши. Акс ҳолда ҳозирги кундаги энг долзарб масалалардан бири бўлмиш фарзанд тарбияси кимларга қолади?

Исҳоқжон БЕГМАТОВ

Report typo