Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

10.04.2018


БОЗОРДА ЧЕТ ЭЛ МАҲСУЛОТИГА ЭҲТИЁЖ ҚОЛДИРМАГАН ТАДБИРКОР ТАДБИРЛИДИР

Ўз ишига шундай қараш билан ёндашадиган тадбиркорлар ҳақиқий маънода юртимиз иқтисодиёти янада ривож топишига ҳисса қўшади. Асосийси, мамлакатимизда импорт ўрнини босувчи, харидоргир маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлаш учун зарур хомашё ҳам, қулай ишбилармонлик муҳити ҳам мавжуд. Яқинда Нишон туманида ишга тушган "С-Гранд" масъулияти чекланган  жамияти мулкдорлари эришаётган ютуқлар ушбу имкониятдан самарали фойдаланилгани исботи бўла олади. Корхона вилоятимизда тайёрланиши ҳали у қадар оммалашмаган маҳсулот - чарм-атторлик буюмлари ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда.

 - Ички бозорни ўрганганимизда шу нарсага амин бўлдикки, дўконларда сотилаётган аёллар сумкаси, кармони жуда қиммат баҳоланади, - дейди корхона раҳбари Баҳодир Зулфиқоров. - Унинг устига уларнинг асосий қисми импорт товарлардир. Қарасак, ўзимизда ҳам ишлаб чиқарса бўлади. Бир муддат бу маҳсулотнинг тайёрланиши жараёнини ўзлаштирдик, мавжуд технологиялар билан танишдик. Шундан сўнг маблағимизни ушбу истиқболли йўналишни кенг йўлга қўйишга сарфладик. Дастлаб Нуристон шаҳарчасида янги қувватни барпо этдик. Кейин хориждан келтирилган зарур ускуналар билан жиҳозладик. Кўп куттирмай, тезда маҳсулот ишлаб чиқаришга киришдик. Тайёр маҳсулотни кўриб турибсиз, чет элникидан асло қолишмайди.


 Айтиш жоизки, корхонада маҳсулот ишлаб чиқаришнинг барча цикли қамраб олинган. Жараён конвейер усулида олиб борилади. Мисол учун, дастлаб йирик дастгоҳларда хомашё материалга ишлов берилади. Сумка ва кармоннинг модель ва дизайни шу ерда яратилиб, андазалар тайёрланади. Бунинг учун махсус мутахассислар жалб этилган. Деталлар қирқиб олингач, тикув цехига ўтказилади. Ушбу хонада 70 та тикув машинаси ўрнатилган. Ишчилар эса қўли-қўлига тегмай меҳнат қилмоқда.

- 100 нафардан ошиқ кишини иш билан таъминлаш имконига эгамиз, - дейди кохона иш юритувчиси  Жасурбек Бозоров. - Бироқ айни пайтда мавжуд қувватнинг атиги 30 фоизидан фойдаланаётганимиз ҳозирча бунга йўл бермайди. Келгусида ушбу имкониятимизни ҳам тўлиқ ишга солиш ниятидамиз. Бугунги кунда 25 нафар ёш йигит-қиз доимий ишга олинган. Бундан ташқари, 30 нафар коллеж битирувчисига иш ўргатаяпмиз. Ўз вазифасини пухта ўзлаштирган кадрларни ўзимизда олиб қоламиз.

Яна бир жиҳат, импорт ўрнини босувчи ушбу маҳсулотларнинг ҳудудда ишлаб чиқарилаётгани уларнинг таннархи анча арзон бўлишига ҳам хизмат қилмоқда. Бу эса тадбиркорга рақобатда устунлик бераяпти. Шу боис истиқболда хорижга маҳсулот экспортини амалга ошириш ҳам мақсад қилинган.

М.ШУҲРАТОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo